Фарзандни яхши ният билан «Фирдавс» деб аташ мумкинми?

Савол: Аёлимиз анчадан бери ҳавас қилиб келмоқда, агар Аллоҳ яна ўғил ато қилса, исмини «Фирдавс» қўяйлик, демоқда. Биз, уйдагилар бунга рози бўлдик. Устоз, айтингчи, мазкур исм агар яхши ният билан қўйилса, дуруст бўладими?

У.

Жавоб: Аллоҳ таоло аёлингизга ҳам сизга ҳам Исломга бўлган муҳаббатингиз учун улуғ мукофотлар ато қилсин.

Динимиз фарзандга чиройли исм қўйишни буюради. Ҳатто агар маъноси ёқимсиз ёки инсонга номуносиб исм қўйилган бўлса, уни ўзгартириш керак бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобларнинг исмларидан икки хил турдагисини ўзгартирганлари ривоят қилинади. Биринчиси – ёқимсиз, маъноси хунук исмлар. Иккинчиси – инсонлик даражасига номуносиб келадиган, ўз ҳаддидан ошишни ифодалайдиган исмлар. 

Биринчи турдаги исмлар мана бу икки ҳадисда ифодаланган:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُما: أَنَّ ابْنَةً لِعُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ كَانَتْ يُقَال لَهَا : عَاصِيَةٌ ، فَسَمَّاهَا رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَمِيلَةً. (رواه مُسْلِمٌ).

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят. Умар разияллоҳу анҳунинг Осия исмли қизлари бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Жамила, деб номладилар. (Муслим).

«Осия» исён, гуноҳ қилувчи, дегани. Жамила чиройли деган маънони билдиради.

عَنْ ابْنِ الْمُسَيَّبِ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ أَبَاهُ جَاءَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ مَا اسْمُكَ قَالَ حَزْنٌ قَالَ أَنْتَ سَهْلٌ قَالَ لَا أُغَيِّرُ اسْمًا سَمَّانِيهِ أَبِي قَالَ ابْنُ الْمُسَيَّبِ فَمَا زَالَتْ الْحُزُونَةُ فِينَا. (رواه البخاري).

Ибн Мусайябдан ривоят. У кишининг бобоси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганда Расулуллоҳ: «Исминг нима?» деб сўрадилар. У: «Ҳазн», деди. Расулуллоҳ: «Сен Саҳлсан», дедилар. У: «Мен отам қўйган исмни ўзгартирмайман», деди. Ибн Мусайяб айтди: «Шу сабаб ҳалигача биздан машаққат аримайди». (Бухорий).

«Ҳазн» қаттиқ ер, дегани. «Саҳл» эса юмшоқ ер. 

Қуйидаги ҳадисдан ҳар бир инсон ўзининг ҳаддини билиши, ўзини ўзи улуғлашдан сақланиши лозим экани англашилади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ زَيْنَبَ كَانَ اسْمُهَا بَرَّةَ فَقِيلَ تُزَكِّي نَفْسَهَا فَسَمَّاهَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَيْنَبَ. (رواه البخاري و مُسْلِمٌ).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Зайнабнинг исми Барра эди. Барра калимаси ўзини ўзи улуғлашни англатади, дейишди. Шундан Расулуллоҳ уни Зайнаб, деб атадилар. (Бухорий ва Муслим).

«Барра» жамики яхшиликни ўзида жам қилган, деган маънони ифодалайди. Жамики яхшиликни ўзида жамлаш эса Яратганга хос сифатдир.  

Расулуллоҳнинг исм қўйишдаги таълимотларидан келиб чиқиб, уламолар фарзандга исм қўйганда Аллоҳга бандаликка, инсонийликка ва камтарликка далолат қиладиган исмларни қўйишни афзал дейишади.

Жаннат номларидан бирини исм қилиб қўйишга келсак, бунда яхши ният борлиги кўринади. Аммо шу билан бир қаторда шу исмни ўзига олган инсоннинг жаннати экани даъво қилингандек бўлиб қолади. Ҳолбуки, инсоннинг жаннати ёки дўзахи экани – агар Аллоҳ ёки Унинг Расули айтмаган бўлсалар – аввалдан айтиш мумкин бўлмаган ақидавий масаладир. Инсоннинг оқибати нима билан тугаши фақат Аллоҳгагина маълум экан, бу эътиқод мўмин одам учун хотиржамликка эмас, балки ўзига яраша ташвишга сабаб бўлиши керак. Ана шу ташвиш сиз билан бизни Аллоҳ розилиги йўлидаги ҳаракатимизни тезлатишга, Охират учун жиддий тайёргарлик кўришга ундайди.

Аллоҳ ҳамммамизни тўғри йўлга ҳидоят қилсин. Дунёга келадиган фарзандларимиз бахту саодатли, ризқу насибали, солиҳу олим инсонлар бўлишсин. Омин.