Ҳайит неча кун бўлади?

Савол:

Аллоҳ таоло рамазон ҳайитини барчамизга қутлуғ қилсин.

Мен бир савол юзасидан сизларга ёзмоқдаман.

Саволим шуки, рамазон байрами неча кун?

Мен 3 кун деб билар эдим, бир биродарим бир кун бўлади деб қолди.

Иложи борича саволимга тез ва далиллари билан жавоб беришингларни илтимос қилардим.

Сизларни Аллоҳ учун яхши кўраман.

Жавоб :

Аллоҳ сизни яхши кўрсин, байрам сизга ҳам муборак бўлсин…

Ийдул фитр – Рамазон ҳайити 1-шаввол куни бўлади.

Ана шу куни ва Қурбон ҳайити куни рўза тутиш ҳаромлигига барча уламолар ижмоъ – иттифоқ қилганлар.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муттафақун алайҳи (имом Бухорий ва имом Муслимнинг саҳиҳ тўпламларида ривоят қилинган) ҳадисда ушбу икки кунда рўза тутишдан қайтарганлар.

Зиммаларида қазо ёки каффорот рўзалари борлар ёки нафл рўзалар тутмоқчи бўлганлар 2-шавволдан бошлаб тутишлари жоиз.

Лекин ҳайит муносабати билан мусулмонлар 3-4 кун бир-бирларини зиёрат қилиб, зиёфатлар уюштиришга одатланганлар.

Ана шундай меҳмондорчиликларни риоя қилиб, шавволнинг аввалги кунларида нафл рўза тутмай туриш афзал, деган уламолар ҳам борлар.

(Зиёфатларда ҳаддан ошмаслик ва исрофгарчиликдан узоқ бўлиш фарзи айнлиги ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаслиги ва бу масалага асло бепарво бўлмаслигимиз зарур).

Қурбон ҳайити 10-зулҳижжа куни бўлади. Ўша куни ҳам рўза тутиш ҳаром, юқоридаги ҳадиси шариф ва Ислом уламоларининг иттифоқларига биноан.

Ундан кейинги 11, 12 ва 13 зулҳижжа кунларини «Ташриқ кунлари» деб номланган.

Ташриқ кунларини имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда «еб-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунлари» деб айтилган.

Яна имом Абу Довуд ва имом Таҳовий ривоят қилишган бошқа ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ташриқ кунлари рўза тутишга рухсат бермаганликлари собит бўлган.

Шунинг учун аксарият уламолар бу Ташриқ кунларида ҳам рўза тутишдан қайтарадилар.

«Рамазон ҳайити фақат 1-шаввол кунининг ўзи, 2-шавволдан бошлаб нафл рўза тутишни бошлаш жоиз», деб айтишга асосий далиллардан бири «жоиз эмас» деб айтишга далил йўқлигидир.

Чунки бундай ҳолатда асл қоидага биноан ҳам жоиз деб айтиш мумкин. Шундай экан, аввал жоиз деган одамдан эмас, ҳаром деган одамдан далил талаб қилинади.

Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло барчамиздан ибодатларимизни ҳусни қабул айласин, рамазондан кейин ҳам тоат-ибодатларда бардавом бўлишимизга тавфиқ берсин …

«Ислом Овози» таҳририяти

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi