Амалларимиз қабул бўлган-бўлмаганини билмаймиз, ибодатларда бардавом бўлайлик
Азиз биродарлар, муҳтарама опа-сингиллар!
Мана муборак Рамазон мавсумининг ниҳояси ҳам кўриниб қолди. Бундай улуғ лаҳзаларни ғанимат билганларимиз ҳам қадрига етолмаганларимиз ҳам энди буёғига кўпроқ эътиборли бўлайлик, қисқагина умримизни гўзал ибодатлар билан ўтказиб олайлик. Илоҳий фурсатларни бой бериб қўядиган бўлсак абадул абад афсус-надоматларда қолиб кетамиз, Аллоҳ асрасин.
Ҳақиқий мусулмон киши фақатгина Рамазон ойида намоз, рўза, тиловат ва садақа беришлар билан бўлиб, бошқа вақтларда яна бепарволик ва дангасалик йўлига қайтиб кетмайди. Балки доимо холис Аллоҳ учун солиҳ амаллар қилиб яшайди, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлади, билиб-билмай йўл қўйган хато-камчиликларидан тавба-тазаррулар қилиб юради.
Уммул мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар беради:
{وَالَّذِينَ يُؤْتُونَ مَا آتَوا وَّقُلُوبُهُمْ وَجِلَةٌ أَنَّهُمْ إِلَىٰ رَبِّهِمْ رَاجِعُونَ (60) أُولَٰئِكَ يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَهُمْ لَهَا سَابِقُونَ }.
[المؤمنون: 60-61]
«Берган нарсаларини (қилган амалларини Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб учун) Парвардигорга қайтгувчи эканликларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар. Ана ўшаларгина (барчадан) ўзгувчи бўлган ҳолларида яхшиликлар қилишга шошурлар».
(Мўминун сураси, 60-61 оятлар)
Оиша онамиз Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
«Эй Расулуллоҳ, бу оят кимлар ҳақида, ароқлар ичиб, ўғриликлар қилиб юрганлар ҳақидами?».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Йўқ, эй Сиддиқнинг қизи! Бу оят рўзалар тутиб, намозлар ўқиб, садақалар бериб юрадиган ва шу билан бирга ана шу амаллари қабул бўлмай қолишидан қўрқиб турадиганлар ҳақида. Ана ўшандай зотлар барчадан ўзгувчи бўлган ҳолларида яхши амаллар қилишга шошурлар».
(Имом Термизий ривоятлари, саҳиҳ ҳадис).
Меҳрибон Парвардигоримиз барчаларимиздан тутган рўзаларимизни, ўқиган намозларимизни, қилган тиловатларимизни, берган садақотларимизни ва бошқа барча солиҳ амалларимизни Ўз даргоҳида ҳусни қабул айласин, умримизнинг энг охирги лаҳзасигача тоат-ибодатда собитқадам бўлиб яшашимизга муваффақ этсин.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•