Бошқа миллат қизига уйланиш мумкинми?

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол: Мен Москва шаҳрида ишламоқдаман. Уйланишга шароит тайёрлаяпман, лекин қачон уйга бориб уйланишим Яратганга аён.

Шу ерда бошқа миллат қизни топиб, (чунки ундай қизлар кўп ва ўйлайманки, улар эсли, ақлли, чиройли, фақат бир камчилиги – бошқа динда) никоҳлаб, яшаб юрсам бўладими? Балки ёқтириб қолсам, яшаб қолишим ҳам мумкин.

Аввалдан жавобингиз учун раҳмат.

Тўлқин.

Жавоб: Ислом динимизга кўра оила қуриш абадият нияти билан тузиладиган бир умрлик уюшма экан, ўзаро жуфтларнинг қандай инсонлар эканликларига жиддий эътибор қаратилади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لِأَرْبَعٍ لِمَالِهَا وَلِحَسَبِهَا وَجَمَالِهَا وَلِدِينِهَا فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ». (رواه البخاري ومسلم).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аёл киши тўртта сифати учун никоҳланади: моли, обрў-шарафи, жамоли ва дини учун. Бас, сен нима қилиб бўлса ҳам диндорини қўлга кирит!” (Бухорий ва Муслим).

Оила ҳаёти ўзаро ва узлуксиз муносабат ва муомалалардан иборатдир. Шундай экан, унинг дастлабки икки аъзоси, кейин эса иншоаллоҳ унга яна қўшиладиган кичик аъзолар бирбирларига мос ва муносиб одамлар бўлишлари умид этилади. Бирбирига муносиб бўлишнинг энг нозик нуқталардан бири дин, эътиқод, дунёқараш ва тушунчаларнинг мос келишидадир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ “Диндорини топ!” дедилар. Чунки дини бўлса, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига боради. Сизнинг фарзандларингизга иймон ва Исломни ўргатадиган муаллима бўлади, иншоаллоҳ.

Шунинг учун Исломда ҳатто бошқа миллатли насроний ёки яҳудий динидаги аёлга уйланишга рухсат берилган бўлса ҳам, ўзининг миллатидан чиққан динсиз аёл билан оила қуришга рухсат берилмаган. Чунки миллатидан қатъиназар динга ишонмайдиган худосиз учун ҳалол ва ҳаром деган тушунча беҳуда нарса. 

Исломда аҳли китобларга уйланиш маълум шартлар асосида жоиздир. У шартлар ичида аёл ёки қизнинг иффати сақланган, яъни зино қилмаган бўлиши, эрнинг динига зарар етказиш эҳтимолидан холи бўлиши, бўлажак фарзанднинг Исломда тарбияланиши зикр қилинган. Шуларни эътиборга олган ҳолда мусулмонларнинг бугунги аҳволини мушоҳада қилсак, сизда юқоридаги шартларга риоя қилиш имконияти бормикин, деган савол туғилади.

Бугун миллионлаб ўзбекистонликлар тирикчилик ёки қатағонлар сабабли ўз ватанларидан олис юртларда яшабишлашга мажбур бўлмоқдалар. Уларнинг кўпчилиги отаона меҳридан узилган, қавму қариндошлик (“силайи раҳм”) ҳақларини унутган, исломий тарбиядан бегона ҳолда яшаётган бўлсалар, келажаклари қайси томонга қараб бораяпти? Ўз динларини, тиллари ва урфодатларини унутиб қўймаяптиларми?

Маълумки, дин ҳам, тил ҳам, маданият ҳам бир ерда тўхтаб турмайди. Ё ривожланиб боради ёки емирилиш томонга қараб кетади. Инсон ҳар куни овқатланиб турмаса танаси путурдан кетгани каби унинг қалби ва маънавий олами ҳам ҳар куни озиқланишни истайди. Аммо хорижда яшаётган ўзбекларнинг исломий ва миллий маданиятлари ҳозир чизиқнинг қайси томонида? Улар ўз динлари ва урфодатларини қўлдан бой бериб қўймаслик учун нима ҳаракатларни қилмоқдалар?

Мана шундай мураккаб шароитда бошқа диндаги аёл билан турмуш қуриш кейинчалик қутулиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин, деб ўйлаймиз. Бундан ташқари ўзбек йигитларининг бундай йўл тутишлари ўзларининг миллат қизлари манфаатларига хизмат қилмаслиги ҳам аён. Шундай экан, сизга отаонангиз ва қариндошларингиз билан доимий алоқада бўлишни, уларнинг ҳақларини адо этишни, Аллоҳ йўлидаги дўстларингиз билан фикрлашиб туришни, ёши улуғ, ақлли одамлар билан бамаслаҳат иш тутишни тавсия қиламиз. Бу ишлар қурилажак оиланинг бахти ва мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардандир. Сизга ва сиз каби ёшларга бахтсаодат тилаймиз.