Жамоатнинг энг ози неча киши?
Савол: Намоз ўқишда икки одам жамоа бўладими ёки йўқми? Умуман икки кишининг намози ҳақида маълумот берсангиз. Олдиндан раҳмат деб, Мурманскдан Илҳомбой.
Жавоб: Жамоатнинг энг ози икки кишидир. Бунга қуйидаги учта ҳадис далил бўлади:
1. عَنْ مَالِكِ بْنِ الْحُوَيْرِثِ قَالَ أَتَيْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم أَنَا وَصَاحِبٌ لِى فَلَمَّا أَرَدْنَا الإِقْفَالَ مِنْ عِنْدِهِ قَالَ لَنَا «إِذَا حَضَرَتِ الصَّلاَةُ فَأَذِّنَا ثُمَّ أَقِيمَا وَلْيَؤُمَّكُمَا أَكْبَرُكُمَا«. (رواه البخاري ومسلم)
Молик Ибн Ҳувайрисдан ривоят. У киши деди: Мен ва бир дўстим Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордик. У кишининг олдиларидан қайтмоқчи бўлганимизда бизга айтдилар: “Намоз вақти бўлса азон айтинг, сўнг такбир айтинг ва ёши каттангиз имом бўлсин”. (Бухорий ва Муслим).
2. عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه أن رجلاً دخل المسجد وقد صلّى رسول الله صلى الله عليه وسلم بأصحابه، فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «من يتصدق على هذا فيصلي معه؟« فقام رجل من القوم فصلّى معه. (رواه الترمذي وأبو داود، وأحمد، وصححه الألباني في صحيح أبي داود).
Абу Саид Ал–Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан намоз ўқиб бўлган пайтларида масжидга бир одам кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким бу одамга садақа қилиб, у билан бирга намоз ўқийди?” Шунда қавмдан бир одам турди–да, у билан бирга намоз ўқиди. (Термизий, Абу Довуд, Аҳмад).
3. «الاثنان فما فوقهما جماعة«.
الراوي:- المحدث: الزرقاني – المصدر: مختصر المقاصد – الصفحة أو الرقم: 24
خلاصة حكم المحدث: حسن لغيره
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки киши ва ундан ортиғи жамоатдир”. (Мухтасар-ул-мақосид).
Фуқаҳолар жамоат саҳиҳ бўлиши учун талаб қилинадиган икки кишининг сифатларини ҳам баён қилишган.
وَيَشْتَرِطُ جُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ لاِنْعِقَادِ الْجَمَاعَةِ فِي الْفُرُوضِ أَنْ يَكُونَ الإِمَامُ وَالْمَأْمُومُ كِلاَهُمَا بَالِغَيْنِ وَلَوْ كَانَ الْمَأْمُومُ امْرَأَةً، فَلاَ تَنْعَقِدُ بِصَبِيٍّ فِي فَرْضٍ لأِ نَّ صَلاَتَهُمَا فَرْضٌ، وَصَلاَةُ الصَّبِيِّ نَفْلٌ. أَمَّا فِي النَّوَافِل فَتَنْعَقِدُ الْجَمَاعَةُ بِصَبِيَّيْنِ، أَوْ بَالِغٍ وَصَبِيٍّ اتِّفَاقًا .الموسوعة الفقهية الكويتية – 15 / 281
“Жумҳур фуқаҳолар фарз намозларида жамоат саҳиҳ бўлиши учун имом ва маъмумнинг (иқтидо қилувчи – тарж.) ҳар иккиси ҳам болиғ бўлишини шарт қилишган. Маъмум аёл киши бўлса ҳам жойиз. Аммо ёш бола билан фарз намознинг жамоати вужудга келмайди. Чунки эркак ва аёлнинг намози фарз, ёш боланинг намози эса нафлдир. Нафл намозларда эса икки ёш бола билан ёки бир катта ва битта ёш бола билан билиттифоқ жамоат пайдо бўлади”. (Ал–мавсуа – 15/281).
Юқоридагилардан маълум бўладики, агар икки киши намоз ўқимоқчи бўлса албатта бири имом бўлиб, иккинчиси унга эргашиб намоз ўқиши лозим. Шунда ҳар икковлари ҳам жамоат савобини оладилар. Бу ҳукм жумъа ва ийд намозидан бошқа намозлар учундир. Жумъа ўқиш учун имомдан ташқари уч киши бўлиши керак. (Имом Абу Юсуфга кўра имом билан уч киши).