Қушларнинг қайси турлари ҳалол?

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: Йиртқич қушларнинг қайси турларини еса бўлади? Гўшти ҳалоллари қайсилар? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат!

Абдулмалик.

Жавоб: Қушларнинг ҳалол ёки ҳаромлиги мана бу ҳадис асосида ажратилади:

 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ نَهَى رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – عَنْ كُلِّ ذِى نَابٍ مِنَ السِّبَاعِ وَعَنْ كُلِّ ذِى مِخْلَبٍ مِنَ الطَّيْرِ. (رواه مسلم).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ов тиши бўлган ҳар қандай йиртқичдан ва ов чангали бўлган ҳар қандай қушдан қайтардилар». (Муслим, Абу Довуд).

Фуқаҳолар ҳадисларда келган умумий белгиларга асосланган ҳолда ейиш мумкин бўлмаган қушларнинг номларини бирма-бир баён этишган. Уларнинг баъзиларини келтирамиз.

وَذُو الْمِخْلَبِ من الطَّيْرِ كَالْبَازِي وَالْبَاشَقِ وَالصَّقْرِ وَالشَّاهِينِ وَالْحِدَأَةِ وَالنَّعَّابِ وَالنَّسْرِ وَالْعُقَابِ وما أَشْبَهَ ذلك فَيَدْخُلُ تَحْتَ نَهْيِ النبي عليه الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عن كل ذِي مِخْلَبٍ من الطَّيْرِ. (بدائع الصنائع – (5 / 39).

«Қушлардан соҳибчангал бўлганлари: лочин, қарчиғай, бургут, калхат, қарға, қирғий, кабилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ов чангалли қушлар туркумига дохил бўлади». (Бадоеъ ас-санойеъ – 5/39).

Уламолар «соҳибчангал» калимасини шарҳлаб айтишадики, бундан мурод чангали билан ов қиладиган қушлардир. Чунки араблар агар қуш чангали билан ов қилмаса, гарчи чангали бўлса ҳам уни соҳибчангал дейишмайди.

«Хўроз, чумчуқ, кабутар ва чангали билан ов қилмайдиган бошқа қушлар луғатда «соҳибчангал» деб айтилмайди. Чунки уларнинг чангали ўзини тутиб туриш ва ерни кавлаш учундир ов ёки ҳужум учун эмас».  (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 5/135).

Қушларнинг ҳалол-ҳаромлигини аниқлашда уларнинг емишига ҳам эътибор берилади. Ўлимтик билан озиқланадиган қушлар ҳам жониворларни овлаш билан кун кечирадиган қушлар каби ҳаром саналади. Дон-дун ва ўсимликлар билан озиқланадиган қушлар ҳалолдир.