Таркибига ҳаром модда аралашган маҳсулотлар ҳукми

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: Магазиндан тузланган карам олдим. Уйга келиб текширсам, тузлаш жараёнида 2 % оқ вино қўшилган экан. Энди бу маҳсулотнинг истеъмоли биз учун ҳаромми?

Озиқ-овқат маҳсулотларига оз миқдорда шароб аралашган бўлса, ҳаром бўладими ёки йўқми? Илтимос, шуни аниқлаштириб берсангиз. Аллоҳ рози бўлсин.

Рано.

Жавоб: Динингиз аҳкомларини билишга бўлган интилишингиз учун Аллоҳ таоло сизга ажру савоблар ато айласин.

Маълумки, озиқ-овқат ва дори тайёрлашга ихтисослашган ширкатлар Исломда тақиқланган ашъёлар ва ҳаром ҳайвонлар аъзоларидан кенг фойдаланади. Мусулмонлар учун уларнинг ўрнини босадиган муқобил ҳалол маҳсулотлар эса ҳамма вақт ҳам топилавермайди. Шунинг учун кўп одамлар озиқ-овқатлар ёки дори-дармонлар таркибида учрайдиган ҳаром ё нажас моддалар ҳукмини баён қилишни сўраб, Ислом фуқаҳоларига мурожаат қилишади. Биз уламоларнинг бу борадаги тадқиқотлари ва хулослари билан танишиб, қуйидагиларни маълум қиламиз.

Аввало шубҳага сабаб бўлувчи маҳсулотлар таркибидаги ҳаром моддаларнинг уч хил ҳолатдан бирида бўлишига эътибор қаратишимиз лозим бўлади:

1. «Истиҳола» ҳолатига тушган моддалар.

2. «Истиҳлок» бўлган моддалар.

3. Ўз хусусиятини сақлаб қолган моддалар.

«Истиҳола» нажас ёки истеъмоли ҳаром бўлган модданинг бутунлай бошқа моддага айланиш ҳодисасидир. Бу ёниш, ачиш, чириш, бошқа модда билан реакцияга киришиш натижасида содир бўлади.

«Истиҳлок» эса кўп миқдордаги модданинг таркибига жуда ҳам оз миқдордаги бошқа бир модданинг қўшилиб, йўқ бўлиб кетиш ҳолати.

Учинчи ҳолат – бошқа моддага қўшилган бўлса ҳам юқоридаги икки жараёнга дуч келмай ўзининг ҳамма сифат ва хусусиятларини сақлаб қолган моддаларнинг ҳолати.

Уламолар модда «истиҳола» деб таърифланадиган жараёнга дуч келганда ўзининг бирламчи ва асосий хусусиятларини буткул йўқотишини, шундан кейин аслида нажас бўлган нарса ҳам ҳалол ва покизага айланишини айтишган. Бунга мисол қилиб, туз конига тушиб ўлган ва вақт ўтиши билан тузга айланиб кетган эшак ёки тўнғизни, узоқ вақт туриб, сиркага айланган ароқни зикр қилишган.

Саволда сўралган маҳсулотга оқ винонинг қўшилиши «истиҳола» қоидасига тўғри келмайди, албатта. Чунки у винолик ҳолатидан бошқа ҳолатга ўтказиб кейин қўшилган эмас.

«Истиҳлок» масаласида уламолар айтишадики, агар ҳалол моддага қўшилган оз миқдордаги ҳаром ўзининг асл хусусиятларини йўқотса, жумладан, ранги, таъми ва ҳиди йўқ бўлса, у ўзи қўшилган ғолиб миқдордаги моддага айланган ҳисобланади. У ўз хусусиятини (истилоҳда: иллатини) йўқотиб мағлуб бўлган экан, ўзининг аввалги ҳукмини ҳам йўқотган бўлади.

Шундан келиб чиқиб баъзи уламолар озиқ-овқат маҳсулотларининг узоқроқ сақланиши учун улар таркибига қўшиладиган оз миқдордаги ҳаром нарса кечирилади, дейишади.

«فتاوى اللجنة الدائمة» (22/106)

وسئلوا أيضا (22/297) : تباع في الأسواق بعض الأدوية أو الحلوى تحتوي على نسبة ضئيلة من الكحول ، فهل يجوز أكلها ؟ علما أن الإنسان لو أكل من هذه الحلوى وتضلع لا يصل إلى حد السكر أبدا ؟

فأجابوا : «إذا كان وجود الكحول في الحلوى أو الأدوية بنسبة ضئيلة جدا بحيث لا يسكر أكل أو شرب الكثير منها ؛ فإنه يجوز تناولها وبيعها ؛ لأنها لا يكون لها أي مؤثر في الطعم أو اللون أو الرائحة ؛ لاستحالتها [تحولها] إلى طاهر مباح ، لكن لا يجوز للمسلم أن يصنع شيئا من ذلك ، ولا يضعه في طعام المسلمين ، ولا أن يساعد عليه» انتهى .

Фатволар бўйича доимий қўмитанинг 22/106 рақамли фатвосида айтилади: «Агар ширинликлар ва дорилар таркибидаги алкогол жуда оз миқдорда бўлиб уни кўп миқдорда еган ёки ичган одам маст бўлмаса, уни истеъмол қилиш ва сотиш жоиздир… Лекин мусулмон одам бундай ишни қилиши, яъни мусулмонлар таомига алкогол қўшиши, бунга ёрдамлашиши мумкин эмас».