Сигаретдан қутула олмаётган одам учун маслаҳат

Бўлимлар: 11. Ахлоқ ва одоб

2010-йил, 28-апрел

Савол:

Мен Австралияда яшайман. Шу ерда турмушга чиққанман ва алҳамдулиллаҳ, бахтлиман. Бизни дадам шу ерга чақирган. Менинг дадам жуда яхши одам, лекин у жуда кўп сигарет чекади. Ҳатто дадамда йўтал ҳам пайдо бўлди. Ҳар сафар кўрганимда дадамга: “Сигарет ҳаром, уни сизга катта зарари бор”, дейман. Лекин барибир ташламаяпти. Сигаретнинг қанчалик зарарлигини дадам ҳам билади, лекин ташлай олмаяпти. Дадам сигаретни ташлаши учун нима қилсак бўлади? Илтимос, менга маслаҳат беринглар.

Ҳилола. 

 

Шайх Обидхон қори жавоблари:

Сизнинг отангиз учун чекаётган ташвишингизни Аллоҳ яхшиликка сабаб қилсин. Ота-онага меҳрибонлик уларнинг бу дунёда тузалмас касалликларга, ёмонликларга, Охиратда эса дўзах азобига дучор бўлиб қолмасликлари учун қайғуриш билан бўлади. Сиз отангизни мулойимлик билан даъват қилишда давом этаверинг. Аллоҳ белгилаган соат келганда у инсон тўғри йўлга ўтади, иншоаллоҳ. У кишига фарз намозларидан ташқари нафл намозлар ҳам ўқишни, Қуръон тиловат қилишни, садақаэҳсонлар қилишни ва энг муҳими нафл рўзалар тутишни тарғиб этинг. Зеро, ибодатлар ва солиҳ амаллар биз Охират томон кетиб бораётганларнинг ҳаммамиз учун жуда ҳам зарур. Соғлиғимиз ва умримиз эса вақинчалик бойлик ва чекланган имкониятдир. Аллоҳ ҳузурига олиб кетиш учун нима амалларни тайёрлаб қўйганимиз, яна нималарни қилиш қолганлиги ҳақида тез-тез ўйлашимиз керак. Бу қалбида иймони бор, сигарет чекадигану чекмайдиган ҳар бир мусулмоннинг фикр-хаёлида бўлиши лозим. Солиҳ амаллар ва ибодатлар инсоннинг иймонини зиёда қилади, гуноҳлардан сақланишга ёрдам беради. Айниқса, рўза инсон нафсини тарбия қилади.

Сигаретнинг асли ёмонлигини билса ҳам ташлай олмаслик нафсга қул бўлиб қолишдан, нафснинг инжиқлигидан қутула олмасликдан келиб чиқади. Рўза тутишга одатланиш нафсни қўлга олиш чораларидан биридир. Шунинг учун сигарет чекишни ташлашга ростдан қарор қилган ва чора қидираётган одамга кўпроқ рўза тутишни тавсия қиламиз. Аслида нафл рўзанинг савобини ҳар бир мусулмон яхши билиб олиши ва бу неъматдан ўзини маҳрум қилмаслиги керак. Рўза тутишга ўрганиш учун рўзанинг савобини тезтез эслаш лозим.    

Сиз отангизга рўза ҳақида гапирар экансиз, шундай пайтларда ўзингиз ҳам рўзадор бўлганингиз яхши. Шунда сўзингиз ҳам таъсирли бўлса ажаб эмас.

Ҳар ҳафтанинг душанба, пайшанба кунлари рўзадор бўлиш Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларидир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳар ойнинг ўртасидан уч кун рўза тутишни бир умр рўзадор ўтиш билан тенглаштирганлар. Қандай улуғ марҳамат, неъмат ва имконият! Аммо, афсуски, биз бундан керагича фойдалана олмаяпмиз.

Қабр азобидан, Қиёмат даҳшатларидан, Жаҳаннам азобидан паноҳ сўраётган одамлар учун мана бу ҳадислар айни муддаодир:

عَنِ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِي، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:

مَن صَامَ يَوْماً فِي سَبِيلِ الله بَعَّدَ اللهُ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفاً

 رَوَاهُ البخاري.

Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Кимки Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ уни дўзах ўтидан етмиш йил узоқлаштириб юборади”.

(Имом Бухорий ривояти).

 

عَنِ ابْنِ مِلْحَانَ الْقَيْسِىِّ عَنْ أَبِيهِ رضي الله عنه قَالَ:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَأْمُرُنَا أَنْ نَصُومَ الْبِيضَ ثَلاَثَ عَشْرَةَ وَأَرْبَعَ عَشْرَةَ وَخَمْسَ عَشْرَةَ. قَالَ: وَقَالَ: « هُنَّ كَهَيْئَةِ الدَّهْرِ ».

(رواه أبو داود، قال الألباني : صحيح).

Милҳон АлҚайсийдан ривоят. У киши айтади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни ойдин тунлар келганда, яъни ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунлари рўза тутишга буюрар эдилар. У Зот: “Бундаги рўзалар бир умрлик рўза кабидир”, деганлар.

(Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари, Албоний, саҳиҳ).

 

عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أنه قَالَ:

أَلا أَخْبِرُكُمْ بِمَا يُذْهِبُ وَحَرَ الصَّدْرِ؟ صَوْمُ ثَلاثَةِ أيَّامٍ مِنْ كُلِّ شَهْرٍ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Сизларга кўкракнинг “қурти”ни кетказадиган амал ҳақида айтиб берайинми? Ҳар ойдан уч кун рўза тутиш”.

(Саҳиҳулжомеъ, Албоний: Саҳиҳ)

 

يقال إِن أَصل هذا من الدُّوَيْبَّة التي يقال لها الوَحَرَةُ شبهت العداوة والغلّ بها شبهوا العداوة ولزوقها بالصدر بالتزاق الوَحَرَةِ بالأَرض. (لسان العرب – (5 / 280).

“Айтишларича, “ваҳар” калимасини “ваҳаратун”дан олинган бўлиб, у кичкина қурт деганидир. Адоват, ичи қораликнинг кўкракка ёпишиб олишини қуртнинг ерга ёпишиб олишига ўхшатилган”. (Лисонулараб  5/280).

“Ваҳаратун” ерга ёпишган ҳолда яшайдиган қизил қуртдир…” (Ибн Баттол 7/472).

Сигарет чекишни ҳақиқатан ҳам ташлашни ният қилган одам бўлса, ҳар ҳафтадан икки кун: душанба ва пайшанба куни ёки ҳеч бўлмаганда ҳар ойдан уч кун рўза тутишни одат қилсин ва Аллоҳга илтижо қилиб, бу касалликдан қутқаришини сўрасин. Иншоаллоҳ, қутулади. Чунки биринчидан, сигарет чекиш рўзани бузади. Инсон рўзасини сақлаш учун сигарет чекишдан воз кечишга мажбур бўлади. Иккинчидан, сигарет чекиш бошқа гуноҳлар каби инсон қалбининг кирлашиб кетишидан пайдо бўлар экан, рўза унинг қалбини тозалайди. Қалб касалликларидан халос қилади.

Мавзуга оид:

Сигарет чекиш ҳаром

Сигарет чекиш ҳаром ва рўзани бузади

Сигарет таҳоратни бузадими?

Ягона Аллоҳнинг Ўзига сиғинишда собитқадам бўлайлик

•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•

Ислом Овози телеграм канали

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg