Тиловат учун пул олиш жоиз эмас
Савол: Мен уйимдан ўзга юртда тураман, унда-бунда уйимга молиявий ёрдам юбориб тураман. Менинг уйимдагилар ҳар 2-3 ойда мавлуд ёки хатми Қуръон қилиб туришади. Сиздан илтимос, менга мавлуд ва хатми Қуръон ҳақида маълумот берсангиз. Мавлуд деган нарса ўзи динда борми ёки бу бидъатми? Хатми Қуръонни унинг учун харажатлар қилиб, дастурхон ёзиб, 10-20та одамларни чақириб, алоҳида кунни ажратиб қилиш керакми? Илтимос, бафуржа тушунтириб беринг. Аллоҳ сиздан ва дини учун қайғуриб юрган ҳамма инсонлардан рози бўлсин. Мусофир бўлиб юрган ҳамма диндорларни Аллоҳнинг Ўзи асрасин. Олдиндан катта раҳмат.
Муҳсина.
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга динингиз аҳкомларини билишга ҳаракат қилаётганингиз учун ажр ва мукофотлар ато қилсин.
Баъзи ерларда одат бўлганидек, зиёфатлар уюштириб, хатми Қуръон ва мавлуд маросимлари ўтказиш Ислом динида буюрилмаган амаллардир. Одамлар «Мана шундай қилсак, мушкулларимиз осон бўлиб, ишларимиз юришиб кетади», деб ўйлайдилар. Бу Исломни тўғри тушунмаслик, Қуръон ва ҳадислар мазмунидан бехабарлик, уламоларнинг фатволарига амал қилмаслик ва ўзини ўзи қийнашдир.
Сизнинг уйингизга молиявий ёрдам юбориб туришингиз жуда яхши, савобли иш. Аммо уйингиздагиларнинг ҳар 2-3 ойда ҳаражатлар қилиб, дастурхон ёзишлари, одамларни чақириб, мавлуд ёки хатми Қуръон қилиб туришлари ҳозирги иқтисодий қийин шароитда ачинарли ҳолат. Ҳали уйингизга келиб хатми Қуръон қилганлар учун пул ёки тугун ҳам бериш керак.
Меҳнат билан топилган пулларни одамлар одат қилиб олган мавлудга, хатми Қуръонга сарф қилишда динга ҳам, дунёга ҳам фойда кўринмайди. Исломда хатми Қуръонни бировга қилдириш эмас, балки ўзи қилишга тарғиб этилган. Қуръон ўқишга тоқати йўқ, Қуръонни хатм қилай деса юраги сиқиладиган, бировга пул бериб Қуръон ўқитадиган одам ўзини ислоҳ қилиши зарур. Ўзим ўқимай, бошқаларга ўқитиб, ўзимни Аллоҳнинг каломидан устун қўйгандек бўлиб қолмаяпманми, деб қўрқиш керак. Бунинг устига Қуръонни бировларга хатм қилдириб юрадиган одам ўзининг Қуръон ўқишдан кўра зарурроқ ва фойдалироқ бошқа ишлари бордек, тутган бўлади.
Бундай маросимлар қорилар учун ҳам яхши эмас. Чунки бунақада шайтон одамнинг кўнглига «Бизни яна ким хатми Қуръонга чақирар экан», деган тамаъни келтириб турадиган бўлиб қолади. Одамлардан қайси бири: «Меникига келиб хатми Қуръон қилиб беринг» деса, қори инсон ўша одамга: «Сизникига бориб Қуръон ўқишни ўргатиб қўяй», дейиши керак. Шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган яхши инсонлар қаторида бўлади, иншоаллоҳ.
عَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي.
Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганларингиздир». (Бухорий ривоятлари).
Ҳанафий мазҳаб уламоларининг Қуръон тиловати учун ҳақ бериш ҳақидаги фатволарига эътибор берайлик.
قَال ابْنُ عَابِدِينَ : وَالاِسْتِئْجَارُ عَلَى التِّلاَوَةِ وَإِنْ صَارَ مُتَعَارَفًا ، فَالْعُرْفُ لاَ يُجِيزُهُ ؛ لأَِنَّهُ مُخَالِفٌ لِلنَّصِّ ، وَهُوَ مَا اسْتَدَل بِهِ أَئِمَّتُنَا مِنْ قَوْلِهِ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ : اقْرَءُوا الْقُرْآنَ وَلاَ تَغْلُوا فِيهِ ، وَلاَ تَجْفُوا عَنْهُ ، وَلاَ تَأْكُلُوا بِهِ ، وَلاَ تَسْتَكْثِرُوا بِهِ (1) ، وَالْعُرْفُ إِذَا خَالَفَ النَّصَّ يُرَدُّ بِالاِتِّفَاقِ ، وَالَّذِي أَفْتَى بِهِ الْمُتَأَخِّرُونَ جَوَازُ الاِسْتِئْجَارِ عَلَى تَعْلِيمِ الْقُرْآنِ لاَ عَلَى تِلاَوَتِهِ خِلاَفًا لِمَنْ وَهَمَ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (33 / 64).
«Ибн Обидийн айтади: тиловат учун ҳақ тўлашнинг одат тусига кириб кетганлиги бу ишнинг жоизлигини англатмайди. Чунки бу одат имомларимиз далил қилган мана бу ҳужжатга хилофдир: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонни ўқингиз, унда ҳаддан ҳам ошмангиз, уни ташлаб ҳам қўймангиз, у билан тирикчилик қилмангиз ва бойлик тўплашга ўтмангиз». (Табароний, Ибн Аби Ҳотим, Албоний, саҳиҳ). Мутааххир уламолар жоиз, деб фатво беришган иш Қуръон таълими учун ҳақ олишдир, баъзиларнинг гумон қилганидек, тиловат учун эмас». (Ал-мавусаутул-фиқҳийя-33/64).
Демак, қори ёки олим инсон Қуръон ўқишни ўргатгани учун ҳақ олиши мумкин. Аммо Қуръонни хатм қилиб бергани учун ҳақ олиши мумкин эмас. Чунки Қуръон ўқишни ўргатиш Қуръон ўқийдиганлар ва Қуръонга амал қиладиганлар сонининг кўпайишига сабаб бўлади. Кимнинг пули шу мақсадлар учун сарф бўлса, унга албатта савоблар ёзилади.