“Бир қизни яхши кўрардим… унутишнинг йўли қандай?”

Шайх Обидхон қори, Швеция
1431 ҳ. 3 жумодал-увло (2010 м. 17 апрел)

Савол:

Мен бир қизни севардим, у менга насиб бўлмади. Шуни ўйлаб юрагим сиқилади. Шуни унутишнинг шаръий йўли қандай? Илтимос, кенгроқ жавоб берсангиз.

Асадиллоҳ.

Жавоб: Муҳаббат ҳақида оят ва ҳадисларда, уламолар ва донишмандларнинг сўзларида жуда кўп ибратли насиҳатлар ва маслаҳатлар бор. Исломда муҳаббат тушунчаси диндан узоқда бўлган одамлар ўйлайдиган муҳаббатдан кўра анча кенгроқ ва бойроқ маъноларни ўз ичига олади. Бу чуқур ва узоқ давом этадиган мавзулардан бири бўлгани боис, ҳозирча муҳаббат ҳақида қисқароқ сўз юритиш билан кифояланамиз.

  • Муҳаббат нима?
  • Муҳаббат ва иймон
  • «Гап севишда эмас, севилишда»
  • Хафаликдан қутулиш
  • Сизга ҳам Аллоҳнинг атагани бор

Муҳаббат нима?

المحبة اصطلاحا: قال الرّاغب: المحبّة ميل النّفس إلى ما تراه وتظنّه خيرا، وذلك ضربان: أحدهما طبيعيّ وذلك يكون في الإنسان والحيوان، وقد يكون في الجمادات، والآخر اختياريّ ويختصّ به الإنسان. (نضرة النعيم في مكارم أخلاق الرسول الكريم – (8 / 3326).

«Роғиб айтади: «Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб ўйлаётган нарсасига интилишидир. У икки турли бўлади: табиий ва ихтиёрий. Табиийси инсонда, ҳайвонда, гоҳо жонсиз нарсаларда бўлади. Иккинчиси ихтиёрийдир ва у инсонга хосдир». (Мавсуату назратин-наийм – 8/3326).

Инсонга тааллуқли муҳаббат ихтиёрий деб номланар экан, бундан шуни англаймизки, инсон бир нарсага муҳаббат қўйишда эркиндир ва шу иши учун бошқа одам эмас, балки албатта унинг ўзи жавобгардир. Яъни у муҳаббат боғлаётганда ихтиёри ўзида йўқ, кимдир томонидан мажбурланган ҳолда бўлмайди. Чунки у ўзига нима фойдаю нима зарар эканини яхши ажратади ва ҳеч қачон ўзига зарар беради деб ўйлаган нарсани яхши кўрмайди, қабул қилмайди. У нимани ёки кимни яхши кўраётган бўлса, ўша нарса ёки шахс ўзига фойда ёки роҳат бахш этади, деб билгани учун ўз ихтиёри билан танлаб яхши кўраяпти. Шундай экан, унда яхши кўриш ёки ундан воз кечиш ихтиёри мавжуддир.

Олимлар муҳаббатни муҳаббат боғловчи зот (яхши кўрувчи) эътибори билан алоҳида, муҳаббат боғланувчи зот (яхши кўрилувчи) эътибори билан алоҳида таҳлил қилишади. Уларга кўра яхши кўрувчилар ҳам, яхши кўрилувчилар ҳам бир неча турга бўлинади. Саволдаги мавзу бандаларга муҳаббат қўйиш мавзусига тегишли бўлиб, бу борадаги муҳаббатнинг энг афзали ва узоқ давом этадигани халқ ичидаги иймонли ва яхши инсонларни яхши кўришдир. Энг қуйи даражадаги ва қисқа умр кўрадигани эса икки жинс орасидаги тор маъноли муносабатдир…

Муҳаббат ва иймон

Исломда муҳаббат айрим ёшларнинг кўзига бир қарашда ялт этиб кўринадиган ва кўпинча тез ишдан чиқиб қоладиган жиҳоз каби нарса эмас, балки комил иймоннинг бир бўлаги, деб қаралар экан, иймонли инсоннинг муҳаббати аввало Аллоҳга ва Унинг расулига боғланади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم:

لا يُؤْمِنُ أََحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ.

رَوَاهُ النَّسَائِي.

Анас ибн Моликдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг ҳеч бирингиз то мен унга боласидан ҳам, отасидан ҳам, жамики одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди».  (Насоий ривоятлари).

Аллоҳ ва Расулнинг йўлларида бўлган инсонларни ва амалларни яхши кўриш У икки зотнинг муҳаббатидан пайдо бўлади. Агар икки оддий инсон ўртасидаги яқин муносабат ҳам ана шу иймоний муҳаббатдан униб чиққан бўлса, бу шундай ноёб неъматки, у ўзининг ҳар икки соҳибини ҳам жаннатга элтади. Бу абадиятга татийдиган муҳаббатдир.

Аллоҳ ва Расул йўлларида бўлмаган одамни ва ишларни яхши кўриш эса Исломдан бесаводлик ва Охират азобидан бехабарлик аломатидир. Инсон агар Охират азобидан қўрқса, ундан сақланишга ҳаракат қилади. Охират азобидан сақланиш эса илм олишга, Аллоҳни танишга, Унинг ибодатини чиройли адо этишга ундайди. У Зот яхши кўрадиган одамлар ва нарсаларни яхши кўриб, У ёмон кўрадиган одамлар ва ишларлардан узоқ бўлишга буюради.

Шу ўринда сиз: «Мен яхши кўрган қиз Аллоҳ ва Расул йўлини тутган солиҳа қиз эди», дейишингиз мумкин. Агар шундай бўлган бўлсаю сиз унга уйланишга ҳаракат қилмаган ёки ҳаракат қилсангиз ҳам у сизга насиб бўлмаган, бошқага турмушга чиқиб кетган экан, энди бу ўринда иймонимизнинг бир бўлаги – тақдир амал қилаётганини тан олмай иложимиз йўқ. Бундай вазиятда сиз у қиз ҳақида кўп ўйлайверишингиз катта хато ва гуноҳ бўлади. Сиз унутишнинг йўли қандай, деб сўраяпсиз. Агар унутиш қийин бўлаётган бўлса, шундай деб айтилади: инсон бир бегона қиз ҳақида мусулмонликка ва урф-одатларга хилоф тарзда ўйлашдан тийилмаса, ўша қизнинг ўрнига ўзининг қизини, синглисини ёки онасини қўйиб кўрсин. Ўзининг ўрнига эса бошқа бир бегона йигитни қўйсин. Ёки ўзининг никоҳига ҳам кимдир яхши кўриб юрган бир қиз келиб қолишидан қўрқиб, Аллоҳга дуо қилсин ва хато фикрлари учун истиғфор айтсин.

«Гап севишда эмас, севилишдадир»

Бу айтилганлардан ташқари арабларнинг мақолида келганидек, «Гап севишда эмас, севилишда» ҳамдир. Шундай экан, инсон ҳадеб ўзи яхши кўрадиган нарса ҳақида ўйлайвериши ақли расолик белгиси эмас. У ўзининг ҳам бошқалар томонидан қанчалик яхши кўрилиши ҳақида ўйлаб кўриши керак. Яъни, сизни ҳам кимдир яхши кўрадими? Сизда ҳам бошқалар яхши кўрадиган фазилатлар борми? Йўқ фазилатларни ўзингизда пайдо қилишга, борларини зиёда қилишга ҳаракат қилаяпсизми? Ёки дунё фақат сизга ёққан ишлардан иборат бўлиши керагу бошқаларга ёқадиган нарсаларнинг аҳамияти йўқми?..

Мана шундай фикрлаш инсонни ўзининг камчиликларини қидириб топишга ва тузатишга мажбур қилади. Нафсининг истаклари қулига айланиб қолишдан, кўнгли тусаган нарса кетидан ҳайвон каби чопадиган бўлиб олишдан сақлайди. Худбинлик ва очкўзлик иллатларидан халос этади. Аллоҳ ҳузурида маҳбуб мўминга айланишига, одамлар учун ўз нафсидан кеча оладиган суюкли инсон бўлишига ёрдам беради.

Сиз билан биз Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган эканмиз, шу иймонимизда мустаҳкам бўлайлик, Аллоҳ буюрган амалларни чиройли бажаришга ҳаракат қилайлик. Мақсадимиз – одамлардан аввал Аллоҳнинг муҳаббатини қозониш бўлсин.

Инсоннинг Аллоҳни исм ва сифатлари билан таниши унинг қалбида Аллоҳга нисбатан муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади ва бу буюк бахтдир. Чунки бу дегани Аллоҳ ҳам шу бандани яхши кўради, демакдир.

Сизга тавсия қиладиган аниқ таклифларимиз – бир устоз топиб, ундан илм олишга бошлашингиз, сизни бу ҳаётга келтирган Аллоҳни яхшироқ танишга интилишингиз, беш маҳал намозни масжидда жамоат билан ўқишингиз, нафл ибодатлар қилишни ўрганишингиз, солиҳ инсонлар билан дўст бўлишингиздир. Аллоҳга муҳаббат пайдо қилишнинг энг муҳим йўлларидан яна бири Унинг каломини кўп тиловат қилишдир.

Хафаликдан қутулиш

«Ўйлаб юрагим сиқилади», дегансиз. Инсонга илм билан шуғулланиш, ибодатларни чиройли адо этиш ва Қуръон тиловати билан бир қаторда Расулуллоҳ ўргатган зикр-дуоларни ўқиб юриш ҳам катта ёрдам беради. Зикр-дуолар унинг қалбини тозалайди, фикрларини тиниқлаштиради. Мақсадини аниқлаштириб олишига ёрдам беради.

Анас ибн Молик айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бу дуони кўп ўқир эдилар:

«اللَّهُمَّ إنِّي أعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ ، وَالْعَجْزِ وَالْكَسَلِ ، وَالْجُبْنِ وَالْبُخْلِ ، وَضِلَعِ الدَّيْنِ ، وَغَلَبَةِ الرِّجال».

(رواه الإمام البخاري من حديث أنس بن مالك رضي الله عنه بلرقم: 6369).

«Эй Аллоҳим! Мен Сендан ғам ва хафаликдан, ожизлик ва ялқовликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарзга ботиш ва одамларга мағлуб бўлишдан асрашингни сўрайман».

(Имом Бухорий ривоятлари).

Аллоҳ сизни Ўзининг динида мустаҳкам бўлишингизни насиб этсин ва бахт-саодат йўлига бошласин.

Сизга ҳам Аллоҳнинг атагани бор

Ҳар кимнинг ризқини ва бахтини Аллоҳ яратади. Сизга ҳам Аллоҳнинг атаб қўйгани бор ва у сиз ўйлаганингиздан кўра яхшироқдир, иншоаллоҳ.

Агар сиз ўзингизда уйланишга эҳтиёж сезсангиз, ота-онангиз ва яхши одамлардан маслаҳат ва ёрдам сўраб ҳаракат қилишингиз лозим. Кўпгина оилаларда чин муҳаббат оила қургандан сўнг пайдо бўлади ва мана шу умри боқий муҳаббат ҳисобланади.