Исломга янги кирганлар учун илм олиш услуби

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Мен тавба қилиб, ибодатга кирганимга 2-3 йил бўлди. Бу орада кўпгина ихтилофларга тушдим. Адашган тасаввуф тоифаларига ҳам алдандим, лекин Аллоҳга шукр йўлимни топиб олдим. Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратларининг китоблари орқали Қуръон ва Суннат таълимотларини имкон қадар ўргандим. 2 нафар фарзанднинг отасиман, ёшим 28да. Қуръондан 2 пора ёд олганман. Диний билимларга иштиёқим баланд, лекин илмни қай биридан бошлаш масаласида бошим қотган. Мени аҳволимга, иқтидоримга мос ҳолда илм ўргатадиган устознинг йўқлиги сабабдир балким. Масжид имомларига мурожаат ҳам қилдим, лекин қониқарли жавоб ололмадим. Китобларим жуда кўп, ҳадис шарҳлари, одоб-ахлоққа оид китоблар, фиқҳий китоблардан «Ҳидоя», «Мухтасар ул виқоя»нинг шарҳлари, тасаввуф, тазкияга доир китоблар мавжуд.
Диний илмларнинг барчаси ҳам мақталган. Лекин толиби илм бир илмни маҳкам тутмоғи кераклигини биламан. Айрим китобларда фиқҳ илмининг фазилатлари ёзилган бўлса, бошқа китобда ақоид илми, яна бошқасида эса қалб илмларининг фазилатлари ҳақида баён қилинган. Тасаввуф китобларида эса, солик илми оз бўлса ҳам кўп ибодат, кўп зикр билан саодатга эришиши тўғрисида таъкидланган.

Устоз, сиздан илтимос, менга йўл-йўриқ кўрсатсангиз. Мени келажакда қиладиган ишларим ҳали жуда кўп, аҳли оиламни ҳам ибодатга даъват қилишдек муҳим вазифа турибди олдимда. Бундан олдин эса ўзимни ислоҳ қилишим керак. Шунинг учун илм талаб қилишда нималарга эътибор беришим керак, аввал қайси илмдан бошлашим керак?

Илм толибининг одоблари, кундалик вазифалари, илм такрори, ибодат ва зикрлари ҳақида ҳамда зеҳн ва хотирани мустаҳкамлаш усуллари ҳақида батафсил маълумот ва маслаҳатларингизни дариғ тутмасангиз.

Аллоҳ умрингизни ва илмингизни зиёда айласин!

Умиджон.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизнинг Исломга, илмга бўлган муҳаббатингизни зиёд айласин ва Ўзининг розилигига сабаб бўладиган фойдали илм ато қилсин. Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айн экан, сизнинг саволингиз бошқалар учун ҳам ибратлидир.

Сиз сўраган масала хусусида кўп гапириш мумкин. Аммо имкониятдан келиб чиқиб ва тадрижийлик қоидасига мувофиқ сўзимизни қисқароқ қиламиз.

Илм олишни нимадан бошлаймиз?

Ислом билимлари билан танишишни янги бошлаган инсонга энг биринчи қайси илм зарур, деган масалада шуни айтиш керакки, тирик жоннинг моддий ҳаёти учун керак бўлган озуқалар турли-туман бўлгани каби маънавий ҳаётни таъминлайдиган илм ҳам бир ё икки хил фан билан чекланмайди. Балки талабалар ўрганишлари керак бўлган илмлар умумлаштириб айтсак, ўн хил атрофида фандан иборат. Энди ҳақиқатан ҳам шу фанларнинг қайси бири энг зарури, қайсиниси кейинроқ ўқилади, деган савол ўринлидир.

Илм энг аввало эътиқодни тўғрилашдан бошланади. Буни тавҳид илми дейилади. Биз Якка Аллоҳга У айтгандай тартибда иймон келтиришимиз, ширк ва куфрдан сақланишимиз зарур. Аллоҳни исм ва сифатлари билан Унинг Ўзи ва Расули қандай таништирган бўлсалар, ана ўшандай танишимиз фарз. Шу мақсад билан тавҳид ҳақидаги рисолаларни ўрганамиз.

Иккинчи ўринда турадиган илм фиқҳ илмидир. Нима учун? Чунки биз Аллоҳга иймон келтириш билан бирга ҳар куни У Зотга ибодат қилишга буюрилганмиз. Ибодатни қандай бажо қилишни ҳам бизга Унинг Ўзи ва элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатишган. Қандай таҳорат оламиз, намозни қандай ўқиймиз, Қуръонни қандай тиловат қиламиз ва ҳоказо. Ибодатимиз Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун амалларимизни Аллоҳ ва Расул айтгандай шаклда бажаришимиз лозим.

Аллоҳнинг кўрсатмалари Қуръонда умумий ва қисқа тарзда келган. Ҳадисларда тафсилотлар баён қилинган. Фиқҳда эса шу икки манба асосида мавзуларга ажратилган ҳолда аниқ қоидалар ишлаб чиқилган.

Инсоннинг ҳаётдаги амаллари Холиқ – Яратувчига ибодат ва халқ – яралмиш билан муносабатлардан иборатдир. Ҳар икки соҳани тартибга солиш билан ҳам фиқҳ илми шуғулланади. 

Фиқҳ фани Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг ибодат ва муомалага тааллуқли сўзларини оддий одамларга осон, содда ва енгил тарзда тушунтиради. Қандай амал қилишни ўргатади.

Қанча миқдорда илм олинади?

Илм Аллоҳнинг азалий сифатларидан бири бўлиб, у чексиздир. Инсонлар Аллоҳнинг илмидан ўзлари муҳтож бўладиган миқдорда билишга интилишлари вожибдир.

Ақида (тавҳид) фанидан Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, расулларга, Охират кунига, тақдирга бирор шак ё шубҳа қолмайдиган даражага етгунча тўлиқ илм олиш фарз саналади. Инсон солиҳ амалларни ўзининг иймони даражасидан келиб чиққан ҳолда бажаради. Унинг иймони кучайган сайин амаллари ҳам чиройли ва кўп бўла боради. Иймони суст одамнинг амаллари чала-чулпа ва ўлда-жўлда бўлади. Амалларнинг энг кам миқдори Аллоҳ фарз қилган даражадир. Ортиғининг чегараси йўқ. Тоқати етганича бажариши мумкин. Иймоннинг сустлиги, амалларнинг нуқсони сабабларидан бири тавҳид илмининг камлигидадир. Инсон шу камчиликни тугатишга, тавҳидини бут қилиб олишга буюрилади.

Фиқҳдан эса мусулмон одам ҳар куни адо этадиган ибодатлари – таҳорат ва намози дуруст бўлиши учун билишга муҳтож бўлган миқдорда маълумотга эга бўлиши фарздир. Сўнг ҳаёт давомида вақти-вақти билан келадиган ибодатлар рўза, закот, ҳаж илмларини шу амалларни бажариш пайти келганда билган бўлиши фарз бўлади.

Ҳар бир одам ҳалол ризқ излаши ҳам фарзи айндир. Шу мақсадда инсон касбу кор танлайди. Касб ва меҳнат турларининг қайси бири ҳалол экани, ҳалол касбни Исломга мувофиқ поклик ва омонатдорлик билан бажариш қандай бўлишини ўргатадиган илмларни эгаллайди.

Ҳар бир илмдан насиба

Биз юқорида талабаларнинг бир неча хил фанларни ўрганишлари лозимлигини эслатдик. Инсон ўзининг иймони ва дунёқарашининг мукаммаллашиши, тушунчаларининг тиниқлашиши, ҳаётда кўзлаган мақсадларини аниқ тасаввур қила билиши учун ақида ва фиқҳдан ташқари тафсир, ҳадис, тарих, ахлоқ каби фанларга ҳам муҳтож бўлади ва уларнинг ўрнини бошқа нарса боса олмайди. Қолаверса бу фанларнинг ҳаммаси ҳам бир-бири билан боғлиқ ва бири иккинчисини тўлдиришга хизмат қилади.

Талабалар ўзларининг зиммаларидаги келажак вазифаларининг бенуқсон адо эта оладиган бўлишлари учун Ислом билимларининг турли қисмларидан зарурат, иқтидор ва қизиқишга қараб, тартибли равишда хабардор бўлишга интиладилар.

Қайси китобларни ўқиймиз?

Қайси китоблардан дарс олиш керак, деган масалага келсак, аввало шуни таъкидлаш зарурки, мусулмон одам икки дунё саодатига элтувчи китоб Қуръони карим тиловати билан доимо машғул бўлиши зарур. Бу иш ҳам ибодат, ҳам илм олиш услубидир. Талаба ҳам, устоз ҳам ҳар куни Қуръони каримдан маълум миқдорда тиловат қилишга вақт ажратиши керак. Акс ҳолда одам чинакам илм олган бўлмайди ёки олган илмлари қалбда мустаҳкам жойлашмайди. Ислом билимларининг асоси ва инсон ҳидоятининг сабабчиси Қуръони карим эканини доимо ёдда тутишимиз керак.  

Мусулмон инсон Қуръон сураларидан оз-оздан бўлса ҳам ёд олиб боришни ўзига вазифа қилиб олиши лозим.

Араб тилини билмайдиган ҳар қандай ёшдаги одам учун ўзбек тилига ўгирилган жуда кўп исломий китоблар бор. Уларни ўқиш ниҳоятда фойдали ва зарурдир. Ҳаёт тез ўтиб кетади. Уни китоб мутолаасидан бебаҳра ҳолда ўтказмаслик керак. Ўз она тилларида ўқийдиганлар учун Қуръони каримнинг бир неча олимлар томонидан амалга оширилган турли хил тафсир ва таржималари мавжуд. Арбаийн Нававийя, Ақидаи таҳовийя, Риёзус-солиҳийн, Саҳиҳул-Бухорий, Шамоили Муҳаммадийя, Ал-Азкор, Мухтасар ул-виқоя, Нурул-яқин каби китоблар алҳамдулиллоҳ таржима қилинган. Яна кўплаб янги китоблар ва мақолалар чиқмоқда. Уларни китоб дўконларидан ҳам, Интернетдан ҳам топиш мумкин. Бу асарларни ўрганиш мусулмонлар учун ниҳоятда муҳимдир.

Араб тилини биладиганлар учун ўқиш керак бўлган китоблар эса ҳадсиз-ҳисобсиз десак, бўлади. Бу алоҳида мавзу.

Араб тилининг муҳимлиги

Исломда чуқур ва мустаҳкам билимга эга бўлиш учун албатта араб тилини ўрганиш лозим. Қуръон ва ҳадислар, қадимий асл манбалар араб тилида экан, бу тилни билган одам Ислом илмларининг хазинасига тўппа-тўғри ўзи кириб, у ердаги бойликларни танлаб-танлаб ўз қўли билан олган бўлади. Араб тилини билмаган одам учун у хазинага киришга йўл йўқ. У бошқа одамнинг воситачилигига муҳтождир. Шундай экан, сиз араб тилидан дарс берадиган устоз топиб илм олишга бошласангиз яхши бўлади.

Ҳозирги кунда араб тилидан ва бошқа фанлардан Интернет орқали билвосита дарс олиш имкониятлари ҳам пайдо бўлган, мусулмонлар бундан албатта истифода қила билишлари керак.

Илм ва устоз

Илм ўрганишдаги муҳим шартлардан бири устоздир. Талаба маълум вақт устоз ҳузурида ўтириб, ундан бевосита илм олиши керак.

Агар ўзи яшаётган юртда дарс берадиган одам топилмаса, шароитга қараб қўшни шаҳарга ёки бошқа мамлакатга талаби илм учун сафар қилиши мумкин.

Устознинг ким экани ҳам муҳим масала. Ислом илмини дуч келган одамдан олиб кетавериш тўғри бўлмайди. Устоз Аллоҳдан қўрқадиган, ўз илмига амал қиладиган, омонатдор бўлиши зарур.

عن محمد بن سيرين قال إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم

)صحيح مسلم – (1 / 12)

Муҳаммад Ибн Сирин дедилар: «Шубҳасиз бу илм диндир, бас, қаранглар, динларингизни кимдан олаяпсизлар!?» (Муcлим).

Аллоҳ таоло ҳаммамизга илми нофеъ ато айласин. Доимо китоб ўқийдиган, ўз илмини ошириб борадиган миллатга айланишимизни насиб этсин. Зеро, солиҳ амал фақат иймон ва илм билангина фойда беради. Амал ихлос билан ва саҳиҳ илм асосида қилинсагина уни Аллоҳ қабул қилади. Дунёвий тараққиёт ҳам, Охират саодати ҳам илмдан бошланади.