Аёл кишининг ҳуқуқлари

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Турмуш ўртоғим уйга ҳар хил мавзулардаги маърузаларни олиб келиб менга эшиттиради. Шулар ичида кўпи аёлнинг эрига бўлган итоати ҳақида ва эрнинг аёл устидаги ҳақлари ҳақида. Лекин ҳеч бир кассеталарда аёлнинг эр устидаги ҳақлари ва эрнинг вазифалари ҳақидаги мавзулар йўқ. Пайғмбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйда қандай ишларни қилганлар, аёлларига қандай муомала қилганлар ва ҳоказолар ҳақида сўрасам, эрим: «Хотиннинг иши эрига итоат қилиш», дейди. Яна буни қувватлаб: «Агар одамни одамга сажда қилишга буюрганимда аёлни эрига сажда қилдирган бўлардим», деган ҳужжатни келтиради. Уйда сигарет чекишни бошлади. Уни уч маротаба қайтардим, оғзидан олиб ташладим. Лекин яна чекишда давом этаяпти. Эмишки, мен ҳар доим уни оғзидан олиб ташлашим керак экан. Эрим уйда бирор иш қилмайди. Мен ишлаб келган пулимни ишлатади. Қўлимдан пластик карточкамни олиб қўйган. Менга бермайди, ўзи ичидаги пулини олиб ишлатади. Бирор нарса десам: «Талоқ қиламан сени» деб қўрқитади. Бизни оиламиз обрўли оила бўлгани учун, ота-онамни шаъни учун чидаб келаман. Сиздан илтимос, аёлнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида ҳам бир маъруза қилиб берсангиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Нафиса.

Жавоб:

  • Итоат фақат яхши ишда;
  • Эркакнинг раҳбарлиги нима учун?
  • Аёлнинг эр устидаги ҳуқуқлари;
  • Ўзаро яхши муомала;
  • Моддий ҳуқуқлар;
  • Вафодорлик;
  • Яхшиликнинг жавоби.

Итоат фақат яхши ишда

Аёлнинг эрга итоати ҳақидаги ҳадис саҳиҳ. Аммо эркак киши агар аёлига гуноҳ ишни буюрса, бу ишда унга итоат қилиш мумкин эмас. Итоат фақат яхши ишдадир.   

» لا طاعة لأحد في معصية الله ، إنما الطاعة في المعروف»

الراوي: علي بن أبي طالب المحدث: الألباني – المصدر: صحيح الجامع – الصفحة أو الرقم: 7519

خلاصة حكم المحدث: صحيح

http://www.dorar.net/ 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга гуноҳ бўладиган ўринда ҳеч кимга итоат қилиш йўқ. Итоат фақат яхши ишда бўлади». (Саҳиҳул – Жомеъ).

Эркакнинг раҳбарлиги нима учун? 

Аллоҳ Қуръони каримда айтган:

«الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ». (النساء:34)

«Эркаклар аёллар устида раҳбардирлар». (Нисо, 34)

Оилада эркакнинг раҳбар экани одамлар томонидан чиқарилган қонун эмас, балки Аллоҳнинг тақсимоти, адолати ва талабидир. Аммо бу раҳбарликнинг моҳияти эркак кишини эркалаш ва кўпроқ ўйнатиб кулдириш эмас, асло! Балки Аллоҳнинг ўзи эркак кишига табиатан ва жисмонан кенгроқ имкониятлар ато этгани сабабли унинг зиммасига кўпроқ вазифалар юклаш ва унинг қўли билан заифлар ҳуқуқларини ҳимоялашни ирода этган.

Исломда эркакларнинг куч қудратлари, устунликлари ўз аёллари ва болаларининг манфаати йўлида меҳнат қилишга йўналтирилган ва мусулмонлар учун кўпроқ фойда етказиш мақсадига қаратилган. Эркаклар ўзларининг, оилаларининг, ота она ва қариндошларининг обрўсини, шон шарафини сақлашга энг биринчи масъулдирлар. Уларнинг олдига оила ва жамият ҳаётини фаровонлаштириш, ҳам маънавий, ҳам моддий юксалтириш талаби қўйилган. Эркакларнинг елкаларига дин, халқ, жамият ва давлатни муҳофаза қилиш юклатилади. Бу вазифаларни бажаришда албатта аёлларнинг ҳам иштироки ва ўрни бор. Аммо асосий жавобгарлик эркаклар устида. Бу ишларни чиройли адо этганларга икки оламда мукофотлар ваъда қилинади. Агар эркаклар ўзларига берилган имкониятларни суистеъмол қилсалар, нафс ва шайтон йўлига кирсалар, бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам жазога тортиладилар. Раҳбар бўлган инсон қўл остидагиларнинг ҳаққига тажовуз қилиши улкан гуноҳ ва ҳаром ишлардандир.