Бароат кечаси, Аллоҳнинг дунё осмонига тушиши, мушрик ва хусуматчини кечирмаслиги ҳақида
Кўпчилик мусулмонлар шаъбон ойининг ўртасидаги кечани «Бароат кечаси» деб номлаб олиб, у ҳақда ҳар-хил ривоятларни тарқатиб юрадилар.
Эътиборли муҳаддис имом-алломалар эса, бу борадаги ҳадисларни жуда ҳам заиф, ҳатто уларнинг аксарияти уйдирма гаплар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш жоиз эмас, деб айтадилар.
Фақат битта ҳадисни айрим уламолар саҳиҳ санаганлар, бошқалар эса у ҳам заиф ривоят эканлигини баён қилганлар:
إذا كان ليلةُ النصفِ من شعبانَ ، يَنزلُ اللهُ تبارَك وتعالى إلى سماءِ الدنيا ، فيغفرُ لعبادِه ، إلا ما كان من مشركٍ أو مُشاحنٍ لأخيه
«Шаъбон ойининг ярмидаги кеча келганда Аллоҳ таборака ва таоло дунё осмонига тушади ва Ўзининг бандаларини мағфират қилади (гуноҳларини кечириб юборади), фақат мушрик кимсани ва ўзининг биродарига гина сақлаган хусуматчи кимсани (кечирмайди)».
Ушбу ҳадис бир неча саҳобий киромлардан ривоят қилинган. Бироқ, унинг санадларида муҳаддис уламолар ихтилоф қилганлар.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, инсонлар муҳтож бўладиган барча яхши фазилатлар саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган, заиф ва тўқима ривоятларга эҳтиёжимиз йўқ.
Лекин, афсуслар бўлсинки, кўпчилик одамлар саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган очиқ-ойдин фазилатларга амал қилиш ўрнига, турли-туман бидъату хурофотларга берилиб кетадилар.
Аллоҳ Ўзи барчамизни ҳақ йўлга – суннати набавийяга ҳидоят этсин, ачинарли аҳволларимизни ислоҳ қилсин.
Юқоридаги ривоятда зикр қилинган икки фазилат бошқа саҳиҳ ҳадисларда шаъбон ойи билан чекланмаган ҳолда собит бўлган.
Биринчи фазилат:
Аллоҳ таоло нафақат шаъбон ойида, балки йил давомида ҳар кеча дунё осмонига тушиб, бандаларини Ягона Ўзига ибодат қилишга чорлаб туриши:
يَنْزِلُ ربُّنا تباركَ وتعالى كلَّ ليلةٍ إلى السماءِ الدنيا ، حينَ يَبْقَى ثُلُثُ الليلِ الآخرِ ، يقولُ : من يَدعوني فأَستجيب لهُ ، من يَسْأَلُنِي فأُعْطِيهِ ، من يَستغفرني فأَغْفِر لهُ .
«Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кечанинг охирги учинчи қисми қолган пайт дунё осмонига тушиб (бандаларига нидо қилиб) айтади: ким Менга дуо қилса унинг дуосини қабул этаман, ким Мендан нима сўраса тилаганини бераман, ким Менга истиғфор айтса Мен уни кечираман».
Ушбу ҳадиси шарифни нафақат имом Бухорий ривоят қилганлар, балки жуда ҳам кўп муҳаддислар бир қанча саҳобаи киромлардан саҳиҳ санадлар билан ривоят қилишган.
Бу ҳадиснинг саҳиҳ ривоятчилари шу даражада кўпки, у мутавотирлик мартабасига кўтарилган энг саҳиҳ ва энг кучли ҳадислардан ҳисобланади.
Ҳадисда собит бўлган илоҳий сифатлардан бири – Нузул сифати Аллоҳнинг биринчи осмонга тушишидир. Биз шу ва бошқа барча илоҳий сифатларга «уларнинг барчаси Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган тарздадир» деб чин қалбимиз билан иймон келтирамиз. Ноқис ақлимиз билан унинг кайфияти ҳақида фикр юритмаймиз. Балки Аллоҳ биздан хоҳлаган ва бизнинг қўлимиздан келадиган эътиқод ва амални мукаммал даражада бажо этишга ҳаракат қиламиз. Кечасининг охирги қисмида Аллоҳ таоло биринчи осмонга тушиб, бизни ибодатга чақиряпти, деб эътиқод қилиб, иймон келтирган ҳолимизда У Зотга кўпроқ ёлвориб, таҳажжуд намозлар ўқишга ҳаракат қиламиз.
Қўлимиздан келмайдиган, ақлу идрокларимиз тасаввур қилолмайдиган масалаларга аралашмаймиз. Зеро, бизнинг ақлимиз бу дунёда тасаввур қилолмайдиган, минг ҳаракат қилса ҳам тагига етолмайдиган ғайб илмлари жуда ҳам кўп. Ҳақиқий мўминларнинг сифатлари кўпдан-кўп ояту ҳадисларда хабар берилганидек, Аллоҳ ва Расули чеклаган чегарага таслим бўлган ҳолларида ғайб илмига иймон келтиришдир.
Иккинчи фазилат:
Мушрик ва хусуматчи бўлмаган киши мағфират этилиши.
Бу фазилат ҳам шаъбон ойи билан чекланмаган, балки ҳар душанба ва пайшанба куни такрорланиб туриши башорат берилган.
تُفتَحُ أبوابُ الجنَّةِ يومَ الاثنينِ ، ويومَ الخميسِ ، فيُغفَرُ لِكُلِّ عبدٍ لا يشرِكُ باللَّهِ شيئًا ، إلَّا رجلًا كانت بينَهُ وبينَ أخيهِ شحناءُ ، فيُقالُ : أنظِروا هذَينِ حتَّى يصطلِحا ، أنظِروا هذَينِ حتَّى يصطلِحا ، أنظِروا هذَينِ حتَّى يصطلِحا غيرَ أنَّ في حديثِ الدَّراورديِّ إلَّا المتَهاجرَينِ مِن روايةِ ابنِ عبدةَ ، وقالَ قُتَيْبةُ : إلَّا المُهْتجرَينِ
رواه مسلم وغيره
«Жаннат дарвозалари душанба ва пайшанба кунлари очилиб туради. Бас, Аллоҳга ҳеч қандай ширк келтирмаган ҳар бир банда мағфират этилади (гуноҳлари кечирилади), магар шундай бир кимсаки, у билан унинг (мусулмон) биродари ўртасида гина-кудурат бўлган киши (мағфират қилинмайди). Улар ҳақида айтиладики: бу иккаласини (четга суриб) қўйиб туринглар, то улар ярашгунларига қадар, бу иккаласини (четга суриб) қўйиб туринглар, то улар ярашгунларига қадар, бу иккаласини (четга суриб) қўйиб туринглар, то улар ярашгунларига қадар (уч марта такрорланди)».
Яна бир ривоятда «магар шундай бир кимсаки, у билан унинг (мусулмон) биродари ўртасида гина-кудурат бўлган киши», дейилган иборанинг ўрнида қуйидаги ибора келган:
«Магар, бир-биридан алоқасини узган икки киши (яъни, бир-бири билан чиқишолмай қолганлар то ярашиб олмагунларига қадар гуноҳлари кечирилмай туради)».
(Имом Муслим ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида ривоят қилганлар, яна бошқа муҳаддис уламолар ҳам ривоят қилишган).
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақиқий мўмин бандаларидан қилсин, бугунги кунда бир-бирлари билан урушиб, бўлар-бўлмас нарсаларни важ қилиб, жанжаллашиб юрган мусулмонларнинг ораларини ислоҳ қилсин, энг аввало қалбларидаги касалликларга шифойи комил ато этсин, ҳақ устида бирлашишни насиб айласин…
«Ислом Овози» таҳририяти
Алоқадор мавзулар:
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
https://telegram.me/islomovozi