“Сен” билан “сиз”нинг фарқи

Бўлимлар: 11. Ахлоқ ва одоб

Шайх Обидхон қори, Швеция
1431 ҳ. 3 рабиул-аввал (2010 м. 17 феврал)

Савол:

Қуръонда Аллоҳ пайғамбаримизга «сиз» деб мурожаат қилганми ёки «сен» дебми? Пайғамбаримиз аёлларига нима деб мурожаат қилганлар, «сиз»ми ёки «сен»? Умуман, оила аҳлларини «сиз» деган яхшими ёки «сен» деган? Сиз қандай мурожаат қиласиз? Аллоҳдан имонингизни, илмингизни, тақвоингизни зиёда қилишини сўраб қоламан.

Мўмин.

Жавоб:

Бу саволларнинг жавоби тил қоидаларига ва қисман урф-одатга боғлиқ. Араб тилида ўзбек тилидан фарқли равишда иккинчи шахс бирлик шакли учун «сен» билан «сиз» деган алоҳида-алоҳида калима йўқ. Аммо араб тилида исм ва феъллар эркак ва аёл жинсларга («музаккар» ва «муаннас») бўлинади. Шунинг учун иккинчи шахс бирликда эркак жинсга ёш бола бўлса ҳам, катта одам бўлса ҳам, демак отага ҳам أَنْتَ (анта) , деб айтилади. Аёл жинсига кичкина қизга ҳам, онага ҳам أَنْتِ (анти) деб гапирилади. Араб тилидаги أَنْتَ ҳам أَنْتِ ҳам ўзбек тилида «сен» деган маънони билдиради. Аммо буни ўзбек тилига ўгирганда ҳолатга қараб, ё «сен» ёки «сиз» деб таржима қилинади. Кўпчиликка эса араб тилида эркакларга أَنْتُمْ (антум), аёлларга أَنْتُنَّ (антунна) дейилади. Бу ўзбек тилида «сизлар» дегани бўлади.

  • Қуръонда Аллоҳ пайғамбаримизга «сиз» деб мурожаат қилганми ёки «сен» дебми?

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бизнинг пайғамбаримизга ҳам, бошқа пайғамбарларга ҳам араб тили қоидаси ва урф-одатига мувофиқ бирлик (المفرد) шаклда أَنْتَ  («сен») деб мурожаат қилган. Буни ҳам ҳар бир миллат ўзининг одатига кўра ё «сен» ёки «сиз» деб таржима қилади. Масалан, Аллоҳ Расулуллоҳга қибла масаласида бундай хитоб қилган:

{ وَلَئِنْ أَتَيْتَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ بِكُلِّ آيَةٍ مَا تَبِعُوا قِبْلَتَكَ وَمَا أَنْتَ بِتَابِعٍ قِبْلَتَهُمْ…} الآية.

«Агар Сиз китоб берилганларга ҳамма далилларни келтирганингизда ҳам улар сизнинг қиблангизга тобеъ бўлмайдилар. Сиз ҳам уларнинг қибласига тобеъ бўлувчи эмассиз« (Бақара, 145).

Бу оятни Элмир Кулиев рус тилига мана бундай ўгирган:

«145. Какое бы знамение ты ни показал тем, кому было даровано Писание, они все равно не станут обращаться к твоей кибле, а ты не станешь обращаться к их кибле.«

http://d1.islamhouse.com/data/ru/ih_books/single/ru_quran_russian.pdf

  • Пайғамбаримиз аёлларига нима деб мурожаат қилганлар «сиз»ми ёки «сен»?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига أَنْتِ («сен») деб айтганлар. Буни «сен» деб ҳам, «сиз» деб ҳам тушуниш ёки таржима қилиш мумкин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ قَالَ لِي رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَيْتُكِ فِي الْمَنَامِ يَجِيءُ بِكِ الْمَلَكُ فِي سَرَقَةٍ مِنْ حَرِيرٍ فَقَالَ لِي هَذِهِ امْرَأَتُكَ فَكَشَفْتُ عَنْ وَجْهِكِ الثَّوْبَ فَإِذَا أَنْتِ هِيَ فَقُلْتُ إِنْ يَكُ هَذَا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ يُمْضِهِ. (رواه البخاري).

«Сенга уйланмасимдан аввал тушимда фаришта икки марта сени ипак матога ўраган ҳолда олиб келганини кўрганман. У менга: «Бу сенинг аёлинг», деган. Мен сенинг юзингдан пардани очдим. Қарасам, сен экансан. Шунда: «Агар бу Аллоҳ ҳузуридан бўлса, (У Зот буни албатта) амалга оширади», деганман». (Бухорий).

Араб тилида бир кишига أَنْتُمْ («сизлар») деб мурожаат қилиш гарамматик жиҳатдан ҳам, одат жиҳатидан ҳам нотўғри.  Аммо кейинги замонларда арабларда кўпликка ишлатиладиган أَنْتُمْ («сиз», «сизлар») калимасини ҳурматли шахсларга, масалан, подшоҳларга нисбатан ишлатиш учрамоқда. Бироқ буни оилада хоҳ аёлга, хоҳ эркакка, хоҳ ота ёки онага қўллаш халқнинг одатида йўқ.

  • Умуман, оила аҳлларини «сиз» деган яхшими ёки «сен» деган?

Аслида биз ўзбеклар қадимдан ўзимиздан каттароқ ёшли одамга қўллаб келадиган «сиз» калимаси кўплик яъни «сизлар» маъносини беради. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «СИЗ» деган моддага берилган таърифда шундай кўрсатилган: ««СИЗ» 1. Кўпчиликка мурожаатда ишлатилади… 2. Ўзидан катта кишига ва умуман ҳар қандай шахсга нисбатан ҳурмат билдиради».

Демак, биз бир кишига «сиз» деб мурожаат қилганимизда бу сўзнинг иккинчи даражали маъносида ишлатамиз ва бу ўзбеклар учун грамматик жиҳатдан ҳам, одат жиҳатидан ҳам тўғри бўлади.

Бизнинг миллатда «сен» ижобий маънода ҳам, салбий маънода ҳам ишлатилади. Ижобий маънода «сен» ўзига яқин олишни билдиради. Салбий маънода ишлатилса, «сен» ҳурматсизлик ифодаси бўлади. «Сиз» эса ҳурматни ифодалайди. Демак, ҳар икки калиманинг ҳам ўз ўрни борки, оқил одам унинг жойини ўзи билиб ишлатаверади. Ёши катта ёки ҳурматли одамларга нисбатан  доимо ва мутлақо сизлаб гапирилади. Буни болаларга ёшликдан ўргатилади. Билмасдан «сен» деб юборса беодоблик бўлади. Ўзбекларда ва яна баъзи бир халқаларда ҳатто учинчи шахсни сизлаш одати ҳам бор. Улуғ инсонларни орқаворотдан ҳам сизлаб эсланади. «Расулуллоҳ айтдилар, отам бундай дедилар, онам бундай қилдилар» ва ҳоказо. Аммо Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида учинчи шахсни сенлаб гапириш одат бўлган ва бунда ҳеч қандай беҳурматлик маъноси ифодаланмайди.

Ўзбекларда кичкина болага ёки тенгдошига гапирганда «сен» деб айтиш ўзига яқин олишни билдирса-да, балоғатга етгандан сўнг тенгдошлар ҳам бир-бирларини сизлашга ўтадилар. Ўзидан катта одамга қарата «сен» деб гапириш мутлақо ҳурматсизлик ифодаси бўлади. Урушиб қолган одамлар ёмон ҳолатда кўпинча сенсирашга ўтадилар.

Яна Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «СИЗЛАМОҚ» моддасига назар солайлик. Бу сўзга «Ўзидан каттага ёки ҳар кимсага ҳурмат юзасидан «сиз», деб гапирмоқ», деб изоҳ берилган. «СИЗЛАШМОҚ» моддаси ҳам шу маънода тушунтирилган.

Бир кишига хитоб қилганда «сиз» деган иборани қўллаш ўзбеклардан ташқари яна айрим тилларда (масалан, форс, инглиз, швед, рус) бор.

Маълумки, русларда оддий халқ каттаю кичик бир-бирига «ты» («сен») деб мурожаат қилади. Ота-бола ҳам, эр-хотин ҳам бир-бирига «сен» деб айтаверади. Аммо Шарқ халқларига яқинроқ бўлгани учунми бошқа европаликлардан фарқли ўлароқ русларда ҳурматли одамларга ва ёши катталарга «вы» («сиз») деб мурожаат қилиш одати ҳам анча кенг тарқалган.

Форс тилида иккинчи шахс бирликда  تُو («сен»), кўпликда  شُما(«сизлар») келади. Аммо ҳурмат кўрсатиш учун бир кишига شُما («сизлар») ишлатилади.

Инглиз тилида иккинчи шахс бирлик ва кўпликда бир хилда «you» («сен», «сиз») қўлланади.

Кўпгина Европа миллатлари «сиз» деган иборани фақат давлат раҳбарига нисбатан ишлатишади. Масалан, шведларда фақат қирол ва унинг оиласига «сиз» («ni») деб мурожаат қилинади. Бошқалар бир-бирига ҳар қанча ҳурматли шахс бўлса ҳам «сен» («du») дейди. Ота-бола, устоз-шогирд ўзаро «сен» деб мурожаат қилади. Шведлар бундан 50-100 йиллар аввал ота-онага ва катта ёшли кишиларга «сиз» деб мурожаат қилишганини эслашади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, сизлаш, сенлаш тушунчаси тилдан тилга, миллатдан миллатга, жамиятдан жамиятга, замондан замонга, мамлакатдан мамлакатга, баъзан ҳатто шаҳардан шаҳарга, шахсдан шахсга, ҳолатдан ҳолатга фарқ қилиши мумкин.

Энди аёлини сизлашга келсак, бу ўзбеклар учун ҳақиқатан яхши хислат. «Сиз» деб гапириш чиройли ва ёқимли ибора. Мусулмонлар бир-бирларига ҳурмат ва эҳтиром билан муомалада бўлишлари лозим. Оила ва эр-хотинлик муносабатлари жамият ҳаётининг негизларидан бири экан, оила аъзолари бир-бирларига ёқадиган энг яхши иборалар билан мурожаат қилишлари тарғиб этилади. Янги турмуш қурган куёвларга албатта аёлларини сизлаш афзал экани таъкидланади. Аммо бир неча йиллик оилаларда эркак-аёл бир-бирларига қандай муомала қилиш масаласида аллақачон ўзларига муносиб йўлни топиб олишган, десак бўлади. Чунки ҳамма нарса фақат сўзгагина боғлиқ эмас ва «сен» деган ибора юқорида айтганимиздек айрим ҳолларда мутлақо ижобий маъно касб этади ва ўзини яқин олишни билдиради. Ҳаётда аёлига «сен» деб муомала қиладиган эркак «сиз» деб муомала қилаётгандан кўра меҳрибонроқ бўлиши ҳам мумкин. Бунинг акси ҳам бўлиши табиий. Ёки аёл киши умр йўлдошининг унга «сен» деб хитоб қилишини яхши кўраётган бўлса-чи?.. Одатда кўп халқларда жуфт танлашда эркакнинг ёши аёлникидан каттароқ юришини ҳисобга олсак, масала яна ҳам ойдинроқ бўлади. Демак, оилада бир-бирини сизлаш ёки «сен» дейишга қатъий чегара белгилагандан кўра бу ишни халқларнинг удумлари ва одамларнинг раъйларига қолдирган маъқул.

Аллоҳ таоло барчамизга бир-биридан рози бўладиган мазмунли ҳаёт ато айласин.