Қабристондан ўтганда қўл очиб дуо қилиш шариатда борми?

Савол: Тошкентда қабристон олдидан ўтилаётганда қўл очиб қандайдир дуо қилинади. Бу амал шариатда борми ёки бидъатми?

Абдуллоҳ.

Жавоб: Қабристонга борганда ёки у ердан ўтганда маййитларга салом бериш ва уларнинг ҳаққига қўл кўтариб дуо қилиш суннатда бор амал. Қўл кўтармасдан дуо қилиш ҳам жоиз.

Имом Муслим Оиша онамиздан ривоят қиладилар. «Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша разияллоҳу анҳонинг уйларида бўладиган навбатлари келганда туннинг охирида Бақиъга чиқардилар ва дуо қилар эдилар». (Муслим, 3/63).

Оиша разияллоҳу анҳо навбатларининг бирида Расулуллоҳнинг Бақиъ қабристонига чиқиб дуо қилганларини ҳикоя қилганлар: «Бақиъга келиб, узоқ вақт тик турдилар. Кейин қўлларини уч марта кўтардилар». (Муслим, 3/64).

Уйга қайтишгандан кейин Расулуллоҳ нима учун қабристонга борганларини маълум қилиб, Жаброил келганларини ва «Раббингиз сизни Бақиъга бориб, унинг аҳлига дуо қилишингизни буюраяпти», деганларини айтиб берганлар. Шунда Оиша: «Уларнинг ҳақига нима деб дуо қиламан?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ бундай деб айт дедилар: 

«السَّلاَمُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ وَيَرْحَمُ اللَّهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللَّهُ بِكُمْ لَلاَحِقُونَ».

«Ассаламу ала аҳлиддияр миналмуъминийна валмуслимийн, ва ярҳамуллоҳулмустақдимийна минна валмустаъхирийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лаҳиқун».

«Бу диёрнинг мўминлар ва мусулмонлардан иборат аҳлига салом. Аллоҳ биздан аввалу кейин келганларни раҳмат қилсин. Биз ҳам иншоаллоҳ сизларга қўшилажакмиз». (Саҳиҳул-Муслим, 3/64).

«Бу ҳадисда дуони узоқ қилиш, такрорлаш ва дуода икки қўлни кўтариш мустаҳаб эканига далил бор. Яна бу ҳадис тик туриб дуо қилиш қабр ёнига ўлтириб дуо қилишдан кўра комилроқ эканига далолат қилади». (Шарҳун-  Нававий ало Муслим, 7/43).

Расулуллоҳдан маййитларга салом беришнинг бошқа лафзлари ҳам ворид бўлган.

Абу Ҳурайрадан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабристонга келиб шундай дедилар: «Ассаламу алайкум, дара қавмин муъминийн, ва инна ин шааллоҳу бикум лаҳиқун…».  (Муслим).

«Расулуллоҳнинг салом беришлари бу ишнинг машруъ эканини билдириш учундир». «Яна бу иш вафодорлик ва ҳурматнинг давомли бўлиши кераклигига далолат қилади. Умид қилинадики, Аллоҳ маййитларга руҳларини қайтаради, улар саломни эшитадилар ва жавоб қайтарадилар». (Ал-Муфҳим, 1/448 ).

Аллоҳ таоло вафот этган барча мусулмонларни, жумладан, қариндошларимиз ва дўстларимизни Ўз раҳматига олсин.