Яҳудийя аёл йўллаган саволга муфассал жавоб
Савол:
Муслима аёл мусулмон бўлмаган аёллар билан дўстлашиши жоизми?
Бир (муслима) аёл ғайримусулмон аёллар билан дўстлашиб, уларни уйига таклиф қилиб юрганини эри билиб қолса ғазабланишга ҳаққи борми?
Мен яҳудийя аёлман, менинг барча дин вакилларидан дугоналарим бор. Ҳаммамиз бир-биримизни, (мухолиф) эътиқодларимизни ва фикрларимизни ҳурмат қиламиз.
Лекин шу вақтгача менинг биронта муслима аёллардан дугонам йўқ. Муслима деётганимда ҳақиқий муслима аёлни кўзда тутаяпман, яъни ҳижоб ўрайдиган, ниқоб тақадиган, Ислом деганда шу диннинг барча маъноларини ўзида ифода этадиган (ҳақиқий муъмина) аёлни кўзда тутаяпман.
Шунинг учун сизлардан сўрамоқчиман, сизларнинг динингиз (Ислом) ана шундай аёлларга мен (каби яҳудийя аёл) билан танишиб, мен билан дўстлашишларига рухсат берадими?
Жавоб:
Алҳамду лиллаҳ …
Авваламбор, шаръий масала бўйича ишончли жавоб топиш мақсадида исломий саҳифага мурожаат қилганингиз бизни хурсанд қилди.
Биз доим ғайримусулмонларни шундай қилишга чорлаб келамиз. Ислом аҳкомлари ҳақида ғайримусулмонлардан, ҳатто мусулмонларнинг ичидан шаръий илмлар бўйича мутахассис бўлмаган кишилардан сўраб кетавермасликларини илтимос қиламиз.
Иккинчидан, бизнинг Шариати мутаҳҳарамизда муслима аёлни ғайримуслима аёллар билан алоқада бўлишидан қайтарадиган ҳукм йўқ! Хусусан, агар у аёллар аҳли китоб – яҳудийя ва насронийялардан бўлса, чунки булар билан бўладиган алоқаларнинг аҳкоми бошқалардан кўра яна ҳам кенгроқдир.
Шариатимизнинг бу бобдаги асосий эътибори, зиёратдан ҳосил бўладиган фойдаю манфаат ёки динга таъсир қилиб қўйиши хатари бўлган зарар ва зиёнларнинг олдини олишдир.
Шариати исломийя ғайримусулмонларни зиёрат қилишга (умумий рухсатдан ташқари яна алоҳида) тавсия ва тарғиб этадиган бир қанча ҳолатлар бор.
Қуйида ана шундай ҳолатлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз, иншоаллоҳ.
Шариат ғайримусулмонларни зиёрат қилишга тарғиб этадиган ҳолатларга мисоллар:
Биринчи ҳолат: ғайримуслима аёл муслима аёлнинг онаси ёки бирон қариндоши бўлса:
Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Асмо бинти Абубакр розияллоҳу анҳумога мушрика ҳолида қолган оналарига силайи раҳм ҳуқуқларини адо этиб туришга буюрдилар.
عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ رضي الله عنهما قَالَتْ : قَدِمَتْ عَلَيَّ أُمِّي وَهِيَ مُشْرِكَةٌ ، فَاسْتَفْتَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، فَقُلْتُ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، قَدِمَتْ عَلَيَّ أُمِّي ، وَهِيَ رَاغِبَةٌ ، أَفَأَصِلُ أُمِّي ؟ قَالَ : ( نَعَمْ ، صِلِي أُمَّكِ ) .
رواه البخاري ( 2620 ) ومسلم ( 1003 ) .
ومعنى راغبة : أي : تطلب بر ابنتها لها .
Асмо бинти Абубакр розияллоҳу анҳумо ривоят қилиб айтадилар:
«Менинг онам мушрика ҳолида олдимга келди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нима қилишим кераклиги ҳақида сўраб дедим: эй Расулуллоҳ, онам менинг олдимга (менинг зиёратимга) ўз қизи онаси учун яхшилик қилади деган умидда келди. Онамга силайи раҳм қилайми?
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
«Ҳа, онангизга силайи раҳм қилинг (оналик ва қариндошлик ҳуқуқларини адо этинг)».
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадисдан маълум бўлаяптики, Асмо розияллоҳу анҳо ўзларининг мушрика (кофира) ҳолида қолаётган оналарини зиёрат қилиб туришлари жоиз. Шунингдек мушрика она ўзининг муслима қизининг уйига кириши ҳам жоиз.
Иккинчи ҳолат: ғайримуслима аёл муслима аёлга қўшни бўлиши.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{وَاعْبُدُواْ اللّهَ وَلاَ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالجَنبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ مَن كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً}.
النساء/ 36 .
«Аллоҳ(нинг Ўзи)га ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, қариндош қўшнига, бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, ибни сабил – сафарда узилиб қолганларга ва қўлларингиздаги мамлукларга яхшилик қилингиз! Албатта Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахрланувчиларни хуш кўрмас».
(Нисо сураси, 36-оят)
Шайх Абдураҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Қариндош қўшни» дегани яқин қўшнидир. Унинг қўшничилик ҳаққи ҳамда қариндошлик ҳаққи бор. «Бегона қўшни» дегани қариндош бўлмаган қўшнидир. Банда ҳар қанақасига ҳам қўшнининг ҳаққини адо этиши мутлақо вожиб амалдир, хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ кофир, хоҳ яқин бўлсин хоҳ узоқ (бегона). Унга яхшилик қилиш эса қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Унга ҳеч қандай азият бермаслик;
- У озор берган тақдирда ҳам сабр-тоқатли бўлиш;
- Қўшнига қўлидан келганича, қурби етганича, ўзига енгил бўлган нарсалар билан ёрдам бериш;
- Қўшнига ўзининг деворидан фойдаланиши учун имконият бериш;
- Ораларидан сув ариғи оқиб ўтадиган бўлса йўлини тўсмаслик -агар зарар етмайдиган бўлса- ;
- Қўшнига яхшилик қилишни қўшни бўлмаганларга яхшилик қилишдан устунроқ кўриш;
- Қўшнилар орасида сизнинг дарвозангизга энг яқин бўлган қўшнининг ҳаққи кўпроқ таъкидланади;
- Қўшни ўз қўшнисига садақалар, ҳадя-совғалар, таом ейиш учун ўз уйидаги дастурхонга гоҳ-гоҳ бўлса ҳам таклиф қилиб туриш;
- Ширин сўз ва хуш муомала билан хабар олиб туриш;
- Бу ишларнинг барчасини Аллоҳга яқинлашиш ва ўзининг ҳақдор биродарига яхшилик қилиш мақсадида холисона бажариш.
(Шайх Абдураҳмон Саъдий, Тайсирул-латифи-маннон» китоби: 57-бет).
عَنْ مُجَاهِدٍ رحمه الله أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عَمْرٍو ذُبِحَتْ لَهُ شَاةٌ فِي أَهْلِهِ فَلَمَّا جَاءَ قَالَ » أَهْدَيْتُمْ لِجَارِنَا الْيَهُودِيِّ ؟ أَهْدَيْتُمْ لِجَارِنَا الْيَهُودِيِّ ؟ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : «مَا زَالَ جِبْرِيلُ يُوصِينِي بِالْجَارِ حَتَّى ظَنَنْتُ أَنَّهُ سَيُوَرِّثُهُ».
رواه الترمذي ( 1943 ) وحسَّنه وصححه الألباني.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳдан ривоят. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумонинг уйларида бир қўй сўйилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр:
«Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя чиқардингларми, яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадийя чиқардингларми?» деб қайта-қайта сўрадилар ва қуйидаги ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим дедилар:
«Жибрил (Жаброил алайҳиссалом) менга қўшнига яхшилик қилишни қайта-қайта васият этиб такрорлайвердики, ҳатто унга (қўшнига) ҳам меросдан бериладиган қилиб қўйса керак деб ўйладим».
(Термизий ривоятлари, 1943-ҳадис. Албоний: саҳиҳ ҳадис).
Шариат қўшниларга, гарчи улар яҳудий бўлсалар ҳам, ҳадялар чиқариб туришга тавсия қилар экан, ғайрмусулмонлардан келадиган ҳадяларни қабул қилишга ҳам, уларнинг дастурхонларида ўтириш таклифини қабул қилиш – уйларига бориб таом ейишга ҳам рухсат берган. Дарҳақиқат саҳиҳ суннат собит бўлганки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийнинг уйига бориб таом ейиш таклифини қабул қилганлар.
(Имом Аҳамад Ал-Муснад номли ҳадис тўпламларида саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар: 20/424)
Учинчи ҳолат: ғайримуслима аёл касал – бетоб бўлиши.
Бундай ҳолатда ҳам муслима аёл ана шу бетоб бўлиб қолган кофира аёлнинг зиёратига бориши тавсия қилинади, хоҳ уйида бўлсин, хоҳ шифохонада, хоҳ бошқа ерда.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят:
Бир яҳудий болакай Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида хизмат қилиб юрарди. Бир куни касал бўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйига зиёратига бордилар. Ётган жойига келиб ўтирар эканлар, шаҳодат калимасини айтишга тарғиб этдилар. Шунда у бола ўша ерда ҳозир бўлиб турган отасига қаради (яъни, Ислом динини қабул қилиш учун отасидан рухсат сўрагандай бўлди). Отаси (Исломнинг ҳақ дин эканлигини билгани учун ҳам боласига раҳми келиб) : «Абулқосим (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилгин», деди. Касал бўлиб ётган бола ўша заҳоти дарҳол Исломни қабул қилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг зиёратидан қайтаётганларида:
«(Бу йигитчани) дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», дедилар.
(Имом Бухорий ривоятлари, 1290-ҳадис).
Ўз ихтиёри ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматларида бўлиб юрган бу йигитчадан ташқари, Оиша онамиз розияллоҳ анҳога хизмат қилиб юрган бир яҳудийя аёл ҳам бўлган.
(Имом Аҳмад Ал-Муснад ҳадис тўпламларида саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар: 66-41).
Ушбу қиссалардан кўриниб турибдики:
Яҳудий бола ва яҳудийя аёл Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига кириб юрган, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам яҳудий кишининг уйига унинг яҳудий фарзандини зиёрат қилиш учун борганлар.
Тўртинчи ҳолат: келишолмай қолганларни яраштириш.
Ғайримуслима аёл билан бошқа бир аёл орасида қандайдир келишмовчиликлар содир бўлса, шундай ҳолатда ҳам муслима аёл уларнинг ораларини ислоҳ қилиш учун зиёратларига бориши савобли амал ҳисобланади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{لا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا}.
النساء: 114
«Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз».
(Нисо сураси, 114-оят)
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг «одамлар ўртасини ислоҳ қилиш» деган сўзи бир-бири билан чиқишолмай қолганларнинг ҳаммасини ўз ичига олиб, уларнинг ўртасини ислоҳ қилишга тарғиб этади, улар қайси дин вакиллари бўлишларидан қатъи назар.
Худди шунингдек муслима аёл ана шу келишолмай қолган ғайридинларнинг олдиларига бориб ислоҳ қилиши ҳам ёки улар бу ислоҳ қилувчи муслима аёлнинг уйига келиб, яраштириб қўйишини талаб қилишлари ҳам (ояти карима ҳукмига дохилдир).
Юқорида зикр қилиб ўтганларимиздан ташқари яна бошқа ҳолатлар ҳам борки, уларнинг барчасида муслима аёл ғайримуслима аёлни зиёрат қилиши ёки ғайримуслима аёл муслима аёлни зиёрат қилишга келганда уни яхши қабул қилиши шариатимиз тарғиб этган савобли амаллардандир.
Ана шундай зиёратларга тарғиб этадиган улуғ сабаблардан яна бири Аллоҳга даъват қилишдир.
Аллоҳ таоло мусулмонларнинг зиммаларига юклаган вожиб амаллардан бири одамларни ушбу энг охирги ҳақ динга даъват қилиш. Муслима аёл ғайримуслималарни (гўзал ахлоқи ва ширин муомалалари билан) ҳақ динга тарғиб этишда холисона насиҳат қилса зиммасида вожиб бўлган амаллардан бирини бажо этган бўлади.
Аллоҳ таоло бу дин билан аввалги барча рисолатларга якун ясаган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу дин билан бутун инсониятга пайғамбар қилиб юборган.
Зиёратнинг шартлари
Ислом муслима аёлни ғайримуслималарни зиёрат қилишдан қайтармас экан, айни вақтда зиёрат асносида шариат кўрсатган чегарадан чиқмасликни, динимизнинг шартларига риоя қилишни ҳам унутмаслигимиз даркор:
- Муслима аёл ўз уйидан эрининг рухсатисиз ташқарига чиқмайди:
Бу борада уламоларнинг фатволари далил-исботлари билан бошқа ўринларда муфассал баён қилинган.
Ғайримуслималар муслима аёлнинг зиёратига келадиган бўлсалар, муслима аёл уларни ўз уйида бемалол қабул қилиши мумкин, магар агар эри уни бу нарсадан қайтарадиган бўлса, эри ёқтирмайдиган одамларни унинг уйида қабул қилишдан тийилиши лозим. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки:
«فَأَمَّا حَقُّكُمْ عَلَى نِسَائِكُمْ أَلاَّ يُوطِئْنَ فُرُشَكُمْ مَنْ تَكْرَهُونَ وَلاَ يَأْذَنَّ فِي بُيُوتِكُمْ لِمَنْ تَكْرَهُونَ أَلاَ وَحَقُّهُنَّ عَلَيْكُمْ أَنْ تُحْسِنُوا إِلَيْهِنَّ فِي كِسْوَتِهِنَّ وَطَعَامِهِنَّ».
رواه الترمذي ( 1163 ) وصححه ، وابن ماجه ( 1851 ) .
«Сиз (эркак)ларнинг аёлларингиз устидаги ҳаққингиз шуки, сизларнинг кўрпаларингизга сизлар ёқтирмайдиган одамларни ўтирғизмасликларидир ва сизлар ёмон кўрадиган кишиларни сизларнинг уйингизга киришларига рухсат бермасликларидир. Огоҳ бўлинглар! Сизларнинг устингиздаги (аёлларнинг) ҳақлари эса, сизлар уларга кийим-кечакларини ва таомларини (ейиш-ичишларини) бажо этишда эҳсон – (имкон қадар мукаммал даражада) яхшилик қилишларингиздир».
(Термизий ва Ибн Можаҳ ривоятлари, саҳиҳ).
- Муслима аёл ғайримуслималарни зиёрат қилишда бегона эркаклар билан аралаш жойларда ўтирмаслиги керак.
Шунингдек, муслима аёл (бирор бир зарурий ҳолат рўй бериб қолмаса) эркак қўшнисини зиёратига кирмайди, эркак касалларни зиёратига бормайди, улар хоҳ мусулмон эрак бўлсин, хоҳ ғайримусулмон. (Исломда эркак касалларга эркаклар қарайди, аёлларга аёллар. Шароит мажбур қилиб қўйган ўринлар бундан мустасно).
- Муслима аёл зиёратга борадиган жой кўзга кўриниб турадиган ёки қулоққа эшитилиб турадиган ҳаром нарсалардан холи бўлмоғи лозим:
Ғайримусулиманинг зиёратхонасида ўтирилганда мусиқалар ёки томоша қилиш ҳаром бўлган филъмлар бўлиши дуруст эмас. Худди шунингдек, барча мажлислар бўҳтонлардан, ғийбатлардан, чақимчиликлардан, ноҳақ таъна-маломатлардан ва бошқа ҳаром нарсалардан холи бўлиши вожибдир.
- Ғайримуслима аёл ҳарбий – Ислом динига душман бўлса, унинг ҳам зиёрати ҳаром бўлади.
Мисол учун, мусулмон диёрларни мустамлака қилишда ёки мусулмонларни ўз ватанларидан ҳайдаб чиқаришда сўзи билан ёки амали билан иштирок этаётган аёл билан борди-келди қилиш, дўстона муносабатда бўлиш ҳаром бўлади.
Юқорида зиёрати жоиз деб айтганларимиз Европа ёки Африка ёки бошқа мамлакатлардан (Фаластинга) келиб, сионсит аскарлар босиб олган ерда яшаётган яҳудийя аёллар ҳақида эмас. Айниқса, босқинчилик жангларида ўзи ҳам бевосита иштирок этадиган аёллардан бўлса, ундай аёлларнинг зиёратидан яна ҳам қаттиқроқ ман этилади.
Ғайримусулмонларнинг биринчи тури, мусулмонларга қарши уруш қилмайдиган ва ундай урушларда иштирок этмайдиган инсонлардир. Ана ўшаларга биз яхши муомалада бўламиз.
Аммо бизнинг диёрларимизни босиб олган ёки ватанимиздан ҳайдаб чиқарган ёки ана шундай тажовузкорона ҳаракатларда ўз жони, моли ва фикрлари билан иштирок этаётганларга эса, бундай яхши муносабатда бўлмаймиз.
Аллоҳ таоло айтади:
{لا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ * إِنَّمَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ قَاتَلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَأَخْرَجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ وَظَاهَرُوا عَلَى إِخْرَاجِكُمْ أَن تَوَلَّوْهُمْ وَمَن يَتَوَلَّهُمْ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ}.
(الممتحنة: 8- 9( .
«Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан — уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармайди. Албатта Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан — улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир».
(Мумтаҳана: 8-9)
Ғайримуслимани дўст тутиш масаласи
Юқорида баён қилинган ҳолатлар муслима аёл ва ғайримуслима аёл ўртасида бўладиган зиёратлар ҳақида бўлди.
Энди, дўстлашиш масаласига бироз тўхталамиз.
Мусулмон киши ғайримусулмонларлар билан дўстлашиб, бир-бирларига муҳаббат қўйишлари динга ҳам, воқеликка ҳам таъсири улкандир.
Дўстлашганлар бир-бирларининг ахлоқлари ва ҳаракатларидан жиддий таъсирланадилар. Унинг энг хатарли ҳолати, инсон ўзининг дўстидаги энг ёмон хислатларини юқтириб олишидир.
Шунинг учун ҳам шариат ўнг келган одам билан дўстлашиб кетаверишга тарғиб этмайди, ҳатто у одам мусулмонлардан бўлса ҳам.
Шундай экан, муслима аёл ўзининг дугоналарини Ягона Аллоҳга ибодат қиладиган ва Ислом ахлоқлари билан сифатланадиган аёллардан танласин. Дўст танлашнинг иккита шарти мана шудир.
Бу дегани шартларга амал қилмайдиганлардан алоқани узиш керак дегани эмас. Ғайримуслима аёлларни зиёрат қилиш жоизлиги, уларга ҳам яхшилик қилиш фазилатларини юқорида баён қилиб ўтдик.
Лекин, дўстлашиш деган калиманинг ўзига хос маъноси ва аҳкомлари бор. Дўстлашиш жуда ҳам нозик масала. Шунинг учун ҳам мусулмон киши ўзининг динига ва ахлоқига зарар келтирадиган одамлар билан дўстлашишидан қайтарилади. Бу мавзуни бошқа ўринларда муфассал баён қилиб ўтилган.
Сўзимизнинг охирида умид қилиб қоламизки, сизнинг ушбу саволингиз жавобини етарли даражада тафсилотлар билан баён қилиб бердик. Биз сизга хушомад қилмасдан, динимиздаги бор гапларни, шариат аҳкомларини далиллари билан келтириб ўтдик.
Аллоҳ таолога илтижо қиламизки, сизнинг қалбингизни ҳақиқатга очиқ қилсин, ҳақни ҳақ деб билиб, унга амал қилишингизни насиб айласин.
Аллоҳ сизни Мусо алайҳиссаломнинг ҳақ динларини лозим тутадиган муслима аёллардан қилсин, зеро у зотнинг динлари у кишининг биродарлари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларидир, иккалаларининг ҳам динлари Исломдир, иккалалари ҳам битта ақидада бўлишган, бироқ шариат аҳкомларининг тафсилотларида фарқлар бор. Муҳаммад алайҳиссалом шариатлари келиши билан аввалги шариатларнинг муддати ўз ниҳоясига етган. (Бу ҳақда Мусо алайҳиссалом ҳам, Ийсо алайҳиссалом ҳам ўз умматларига аввалдан хабар бериб кетишган).
Валлоҳу аълам.
Манба: «Ислом – савол ва жавоб» саҳифаси (араб тилида)
161052: امرأة يهودية تسأل عن حكم الزيارات والصداقات بينها وبين المسلمات في الإسلام
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•