Насроний қўшни билан олди-берди қилиш мумкинми?

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Мен 3 йилдан бери муҳожир бўлиб, Европада яшайман. Мени бу ерда бир танишим бор. У биз хоҳламаган ҳолда бизга жуда кўп ёрдам беради, яъни моддий ёрдам. Биз мусулмонмиз, у инсон насроний. Биз гаплашиб қолсак, Худо ҳақида гапириб, Аллоҳ деб айтади. Бу инсон биз билан кўп мулоқот қилади. «Аллоҳим учун сенлар билан қўни-қўшничилик қиламан» дейди. Ўзи жуда-жуда меҳрибон инсон. Сиз нима дейсиз? Бизнинг бу алоқа қилишимизга фикр билдирасиз, деган умиддаман.

Хадича.

Жавоб: Қўшнилар билан чиройли ва илиқ муносабатда бўлиш Ислом динимиз талабларидан. Қўшнингиз бошқа динда бўлса ҳам унинг сизларда ҳаққи бўлади.

Бинобарин, агар насроний аёл қўшнингизнинг холис эканига ишонч ҳосил қилсангиз, у билан яқинроқ муносабатда бўлишингиз, унинг ҳадяларини қабул қилишингиз мумкин.

Шариатда ўзига тўқ одам ҳадя олиши жоиз. Садақани эса фақат муҳтож одам олади.

«لا تحل الصدقة لغني ، ولا لذي مرة سوي«

الراوي: عبدالله بن عمرو بن العاص المحدث: الترمذي. المصدر: سنن الترمذي. الصفحة أو الرقم652:. خلاصة حكم المحدث: حسن

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Садақа бой одам учун ва тани жони соғ инсон учун ҳалол бўлмайди». (Сунани Термизий, 652 ҳадис).

Тани жони соғ деганнинг маъноси ишлаб пул топса бўладиган одам демакдир. Аммо соғ бўлса ҳам иш топа олмаётган, муҳтож, қарздор ёки қийналган одам бўлса садақа олиши мумкин.

Ҳадя борасида ўзига тўқ одамлар ҳам, муҳтож одамлар ҳам баробардирлар. Ўзаро ҳадялар алмашиш бирбирига яхшилик исташ аломати деб тушунилади.

«تهادوا تحابوا»

الراوي: أبو هريرة المحدث: الألباني – المصدر: صحيح الجامع – الصفحة أو الرقم: 3004
خلاصة حكم المحدث: حسن

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ўзаро ҳадялар алмашинг – бирбирингизга меҳр пайдо бўлади». (Саҳиҳул-Жомеъ, Албоний, ҳасан).

Кимдир сизга холис, беғараз ҳадя берса, бу ўша инсоннинг сизга бўлган ҳурмати ифодаси деб тушунилади ва уни қабул қилиш лозимдир.

«من جاءه من أخيه معروف من غير سؤال ولا إشراف نفس فليقبله فإنما هو رزق ساقه الله إليه «.

الراوي: خالد بن عدي الجهني المحدث: ابن دقيق العيد – المصدر: الإلمام بأحاديث الأحكام – الصفحة أو الرقم: 2/573
خلاصة حكم المحدث: [اشترط في المقدمة أنه] صحيح على طريقة بعض أهل الحديث.

Холид бин Адий Ал-Жуҳанийдан ривоят. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимгаки ўзи сўрамаган ва ичида тамаъ қилмаган ҳолида биродаридан бир яхшилик келса, бас уни қабул қилсин. Чунки бу Аллоҳ унга юборган ризқдир». (Ибн Дақиқ Ал-Ийд).

Маълумки, қўшничилик алоқалари фақат бир томонлама ёрдам ёки ҳадя олишдан иборат бўлмайди. Балки ҳадя ё ёрдам олган томон ҳам муносиб жавоб қайтариши керак.

« من استعاذ بالله فأعيذوه ومن سأل بالله فأعطوه ومن دعاكم فأجيبوه ومن صنع إليكم معروفا فكافئوه فإن لم تجدوا ما تكافئونه فادعوا له حتى تروا أنكم قد كافأتموه«

الراوي: عبدالله بن عمر المحدث: أبو داود – المصدر: سنن أبي داود – الصفحة أو الرقم: 1672
خلاصة حكم المحدث: سكت عنه [وقد قال في رسالته لأهل مكة كل ما سكت عنه فهو صالح]

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Аллоҳ номи билан ҳимоя сўраса, ҳимоянгизга олингиз, Аллоҳ номи билан нарса сўраса, берингиз. Ким сизни таклиф қилса, таклифини қабул қилингиз. Кимки сизга бирор яхшилик қилса, бас унга ҳам баробар яхшилик қайтарингиз. Агар унга баробар келадиган нарса топа олмасангиз, то баробар деб билгунингизча унинг ҳаққига дуо қилингиз». (Сунани Абу Довуд, 1672 ҳадис).

Мусулмон одам доимо яхшилик қилиб, ўз савобини кўпайтиришни ният қилади. Яхшиликни катта-кичик деб ажратмайди.

«لا يحقرن أحدكم شيئا من المعروف ، وإن لم يجد فليلق أخاه بوجه طليق ، وإذا اشتريت لحما أو طبخت قدرا فأكثر مرقته واغرف لجارك منه«

الراوي: أبو ذر الغفاري المحدث: الترمذي – المصدر: سنن الترمذي – الصفحة أو الرقم: 1833
خلاصة حكم المحدث: حسن صحيح

Абу Зар Ғифорийдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан ҳеч ким яхшиликнинг озгинасини ҳам паст санамасин. Агар ҳеч нима топа олмаса, биродарига очиқ чеҳра билан рўпара бўлсин. Агар сен гўшт сотиб олсанг ёки бирор таом пиширсанг, шўрвасини кўпроқ қил ва ундан қўшнингга ҳам бир чўмич узат». (Сунани Термизий, 1833 ҳадис).

Юқорида айтилганлардан хулоса қилиб, сизлар ҳам қўшнингизга тез-тез мурувватлар қилиб турсангиз, иншоаллоҳ, савобли амал қилган бўласиз. Шу билан бир қаторда қўшнингизга Аллоҳнинг исм ва сифатлари ҳақида тушунчалар бериб, уни Ислом билан яқиндан таништириб боришингиз, иншоаллоҳ алоқаларингизнинг яна ҳам мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Ватанингиз, қариндошларингиз ва дўстларингизни узоқда қолдириб, нега бу юртларда мусофир бўлиб юрганингиз ҳақида ҳам ҳикоя қилиб берсангиз, суҳбадошингизга ҳам, ўзингизга ҳам бу ҳаётнинг моҳият ва ҳақиқатлари яна-да яққолроқ намоён бўлади. 

Мавзу бўйича яна қуйидаги суҳбатлар билан танишишингиз мумкин:

«Қўшнига зарар берса кофир бўладими?»

«Қўшни кофир бўлса яхшилик қиламизми?»

«Насоро қўшнини байрам дастурхонига таклиф этсак бўладими?»