Сиқилишларнинг давоси

Савол:

Ассалому алайкум… Биродарлар, хаёлимга ҳар-хил фикрлар келиб, кўз ўнгим қоронғулашиб, дунё кўзимга тор кўриниб кетади … Шокка тушиб, юрагим сиқилиб, қафасга тиқилиб қолгандай бўламан. Шунда кўнглимга қил ҳам сиғмайди, айтингчи, бу нарсаларнинг ҳам ҳикмати бормикин, буни орқасида яхшилик бормикин, илтимос, нима қилиш керак, давоси нима экан?

Анъом сурасининг 125-оятида Аллоҳ айтади:

{فَمَن يُرِدِ اللَّهُ أَن يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ ۖ وَمَن يُرِدْ أَن يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقًا حَرَجًا كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاءِ ۚ كَذَٰلِكَ يَجْعَلُ اللَّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ}.

[الأنعام: 125].

«Аллоҳ кимни ҳидоятга йўллашни ирода этса, унинг кўкси (қалби)ни Ислом учун (кенг) очиб қўяди. Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандай, тор ва сиқиқ қилиб қўяди. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга (лойиқ) жазони раво кўргай».

Мен шундайлардан бири эканманми деб қаттиқ қўрқаябман, оятда айтилгандай ҳолат менда бўляпти, биродарлар, ягона умидим Аллоҳ. Мен қандай йўл тутай, нима қилай, бундайлардан бўлмаслик учун? (Али).

Жавоб:

Аллоҳнинг марҳамати чексиздир. У Зотдан умидвор бўлган ҳолингизда, ёмон хаёлларни имкон қадар даф этишда давом этаверишингиз керак.

Хаёлга ҳар-хил нарсалар келиб кетиши айб эмас, балки ана шу хаёлларга таслим бўлиб юриш айб.

Ёмон фикрлар хаёлга келганда Аллоҳга истиғфор айтиб, шайтон ва нафси аммора ёмонликларидан паноҳ сўраб, яхши нарсаларга буришга ҳаракат қилинг.

Ҳеч вақт бўш қолмаслик керак, имкон қадар бир сонияни ҳам бекор ўтказманг, хоҳ диний хоҳ дунёвий ишлар бўлсин, доимо фойдали амаллар билан банд бўлиб юришга ҳаракат қилиш лозим.

Қалб сиқилишининг давоси тақдирга бўлган иймонни, қалбий амалларни ва ҳар турли ибодатларни кучайтириш, муккаммал адо этиш, Аллоҳга илтижоларни кўпайтиришдир. Тонгги ва тунги зикрларни ҳам ҳар куни ўқиб юриш керак.

Яхши ишларда халққа хизмат кўрсатиш, Ислом ва мусулмонларнинг ривожи йўлида илмий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳаётнинг бошқа барча жабҳаларда ёрдам бериш инсоннинг қалбини роҳату фароғат билан тўлдирадиган энг яхши дори-дармон ҳисобланади.

Чин қалб билан Ислом динини ҳақ дин деб эътиқод қилиш ва унга мукаммал амал қилиш энг улкан бахт. Ана шу бахтни доимо тўла ҳис қилиб яшайдиган одам ҳечам сиқилмайди.

Лекин у даражага етиш осон эмас, албатта. Энг олий мақомлар ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди. Инсон ҳаёти давомида ҳавои нафс талабларига қарши курашиб яшаши керак бўлади.

Абу Мусо Ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«مَنْ سَرَّتْهُ حَسَنَتُهُ وَسَاءَتْهُ سَيِّئَتُهُ فَذَلِكَ الْمُؤْمِنُ«.

(صحيح الجامع: 6294).

«Ким савоб иш қилганда хурсанд бўлса, гуноҳ қилиб қўйганда хафа бўлса, ана шу одам мўминдир».

(Саҳиҳул-жомиъ, 6294-ҳадис).

Демак, баъзан гуноҳ қилиб қўйиб сиқилиб қолиш ҳаммада бўлади. Улуғ инсонлар ҳам умуман гуноҳ қилмайдиган зотлар эмас, улар ҳам гоҳида гуноҳ қилиб, гуноҳларидан сиқилиб, Аллоҳга тавбалар қилиб турадилар.

Биз ҳам ана шундай бўлишимиз, яъни гуноҳ қилиб қўйсак сиқилиб, тезроқ Аллоҳга тавба қилиб, такрор-такрор илтижолар қилиб туришимиз керак.

«Ислом Овози» таҳририяти

Савол:

Биродар, раҳмат, бу хатни йиғлаб ёзаябман, қалбимга бир олам қувончу шодлик кирди, Аллоҳга шукр, сиз айтган нарсалар бўлади, Аллоҳга дуо қилиб сўрайманки, Охиратда сизни сиддиқлар қаторида қилсин, сизга икки дунё бахту саодатини тилайман, барча яхшиликларни Аллоҳдан сўрайман, мен сизни Аллоҳ учун яхши кўрдим, биродар. (Али).

Жавоб:

Аллоҳ таоло дуоларингизни қабул этсин, Павардигоримиз сизни ҳам, бизни ҳам Ўзи яхши кўрсин ва ҳақ йўлда дўстлашган биродарлардан қилсин…

«Ислом Овози» таҳририяти

Алоқадор мавзулар:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

“Ислом Овози” телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi