Намозда салла ўраш суннатми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Салла киймаган одам гуноҳкор бўладими? Намозда салла кийган одамга салла киймаган одамдан 70 даража ортиқ савоб берилади, деган ҳадис эшитдим, бу қанчалик саҳиҳ?

Фахриддин.

Жавоб: Намозда салла ўраш ҳақида келган ҳадислар саҳиҳ эмас. Муборакфурий бу ҳақда шундай деган: «Салланинг фазилати ҳақида бирор марфуъ, саҳиҳ ҳадис топмадим. Бу ҳақда келган ҳадисларнинг ҳаммаси ё заиф ёки тўқимадир». (Туҳфатул-Аҳвазий, 5/134).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг салла ўраганлари ҳақ ва ростдир. Аммо мусулмон одам учун оддий ҳаётда салла ўраш суннатми ёки йўқми, деган масалада уламолар икки хил фикр билдиришган. Бу қавлларнинг тўғрироғи шуки, салла ўраш Расулуллоҳ замонларидаги қавмнинг одати бўлган.

Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ салла ўраш Расулуллоҳдан собит бўлган суннатми, деган саволга бундай деб жавоб берганлар: «Йўқ, салла ўраш суннат эмас, лекин одатдир… Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам салла ўрар эдилар. Чунки бу ўша замоннинг одати эди. Шунинг учун бу ишга буюрмаганлар…» (Лиқоул-мафтуҳ, 23/160).