Гаровга қўйилган мулкни қандай тасарруф қилинади?
Савол: Бир биродарим мендан 200 минг қарз олган эди. Эвазига қўл телефонини гаровга олиб қолгандим. Бунга қарийб 2 йил бўлиб қолди, мен фақат 50 минг олиб қолганман. Шу масаланинг қанақа ечими бор, телефонни нима қилай? Илтимос, шунга жавоб беринг.
Аҳмаджон.
Жавоб: Шариатда қарз-олди берди қилиш пайтида бирор нарсани гаровга қўйиш, олиш жоиз.
الرَّهْنُ … وَشَرْعًا : جَعْل عَيْنٍ مَالِيَّةٍ وَثِيقَةً بِدَيْنٍ يُسْتَوْفَى مِنْهَا أَوْ مِنْ ثَمَنِهَا إِذَا تَعَذَّرَ الْوَفَاءُ.
)الموسوعة الفقهية الكويتية – (23 / 175).
«Гаров шариатда бирор молиявий буюмни қарз учун ҳужжат қилиб қўйишдир. Қарзни тўлаш мумкин бўлмай қолган пайтда шу буюмдан ёки унинг пулидан ундириб олинади». (Ал-мавсуа, 23/175).
Сотиш мумкин бўлган ҳар қандай буюм гаровга қўйилиши мумкин. Чунки гаровдан мақсад қарзни ундириш қийин бўлиб қолганда сотиб унинг пулидан қарзни тўлашдир.
«Агар қарзни тўлаш вақти келса гаровга олган одамнинг талаби билан гаров берган одам қарзни тўлаши лозим бўлади. Агар қарзнинг ҳаммасини гаровдан бошқа молдан адо этса, гаров моли озод бўлади. Агар қарзнинг ҳаммасини тўламаса, гаров молини ўзи ёки вакили орқали сотиши вожибдир. Аммо сотиш гаров олган одамнинг изни билан бўлади. Чунки гаров олган одамнинг бу молда ҳаққи бор. Сотилган молнинг пулини тақсимлашда гаров олган одамни бошқа ҳақдорлардан муқаддам қўяди. Бу фуқаҳолар ўрталарида иттифоқ бўлган масаладир». (Ал-мавсуа, 23/189).
Демак, агар сиз биродарингизга қарз бераётганингизда қайтариш муддатини келишган бўлсангиз, шу муддат тугаши билан пулни беришни сўрайсиз. Агар пулни қайтара олмаса, гаровга олган телефонни сотишни таклиф қиласиз. Биродарингиз сиздаги телефонни сотиб, унинг пулидан сизга қарзини тўлайди.