Узрли аёлнинг масжидга кирмаслиги ҳақидаги ҳужжат нима?

Домла, биз бир неча аёллар тўпланиб илм ўрганаётган эдик. Ҳар хил саволлар чиқиб туради. Шунинг учун сизга жуда кўп савол бераман, узр. Илм олишимизга ёрдамингиз учун Аллоҳ рози бўлсин.

Савол: Аёлларнинг узрли пайтда масжидга кирмасинлар, дейилганини эшитган эдим. Бунга оят ёки ҳадис борми?

М.

Жавоб: Аллоҳ сизга ва дугоналарингизга илми нофеъ ато айласин. Аёлларнинг узрли пайтда масжидга киришлари мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳукм тўрт мазҳабнинг барчасида бир хилдир. Бу қуйидаги ҳадисга асосланади:

عَنْ أُمِّ عَطِيَّةَ قَالَتْ: أَمَرَنَا تَعْنِي النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ نُخْرِجَ فِي الْعِيدَيْنِ الْعَوَاتِقَ وَذَوَاتِ الْخُدُورِ ، وَأَمَرَ الْحُيَّضَ أَنْ يَعْتَزِلْنَ مُصَلَّى الْمُسْلِمِينَ ) . رواه البخاري (974) ومسلم (890).

Умми Атийядан ривоят. У киши дедилар: «Биз – бўйга етган ва парда ортидаги қизларни (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки ийд кунида намозга чиқишга буюрдилар. Ҳайзли аёлларни мусулмонларнинг намозгоҳларидан узоқроқ туришга буюрдилар». (Бухорий ва Муслим).  

Уламолар узрли аёлларнинг намозгоҳдан четда туришлари масжидга киришдан ҳам тийилиб туриш лозимлигини англатади, дейишади.

Навбатдаги ҳадисда Расулуллоҳ ва у зотнинг аёллари ҳаж сафарида бўлган пайтларидаги воқеа ҳикоя қилинади:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَيْهَا وَحَاضَتْ بِسَرِفَ قَبْلَ أَنْ تَدْخُلَ مَكَّةَ وَهِيَ تَبْكِي فَقَالَ مَا لَكِ أَنَفِسْتِ قَالَتْ نَعَمْ قَالَ إِنَّ هَذَا أَمْرٌ كَتَبَهُ اللَّهُ عَلَى بَنَاتِ آدَمَ فَاقْضِي مَا يَقْضِي الْحَاجُّ غَيْرَ أَنْ لَا تَطُوفِي بِالْبَيْتِ فَلَمَّا كُنَّا بِمِنًى أُتِيتُ بِلَحْمِ بَقَرٍ فَقُلْتُ مَا هَذَا قَالُوا ضَحَّى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ أَزْوَاجِهِ بِالْبَقَرِ. (رواه البخاري) 5548 ).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишининг олдига кирдилар. Шунда Оиша йиғлаётган эдилар. Чунки у киши Маккага кирмасдан туриб Сарифда ҳайз кўрган эдилар. Расулуллоҳ: «Сизга нима бўлди, нифосга кирдингизми?» деб сўрадилар. Оиша «Ҳа» дедилар. Расулуллоҳ айтдилар: «Шубҳасиз, бу Аллоҳ Одамнинг қизларига ёзган ишдир. Сиз ҳаж қилувчи инсон бажарадиган ишларнинг Байтуллоҳни тавоф қилишдан бошқа ҳаммасини бажараверинг»…  (Бухорий).

Олимларнинг хулосаларига кўра узрли аёлларнинг Байтуллоҳ зиёратидан тийилиб туришлари масжидга киришдан ҳам тийилиш шарт эканини билдиради.