“Биринчи аёлимдан бўлган ўғлим иккинчи аёлим учун номаҳрам бўладими?”

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Менинг  биринчи турмушимдан битта ўғил фарзандим бор. Мен иккинчи марта уйландим. Ўғлим балоғатга етганда ҳозирги аёлимга номаҳрам бўладими? Батафсил жавоб берсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

А.

Жавоб: Аллоҳ таоло айтади:

{وَلاَ تَنكِحُواْ مَا نَكَحَ آبَاؤُكُم مِّنَ النِّسَاء إِلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَمَقْتًا وَسَاء سَبِيلاً} (سورة النساء/22(

«Аёллардан оталарингиз уйланганларига уйланмангиз, илло аввалда бўлганлари кечирилади. Бу иш фаҳш, манфур ва ёмон йўлдир».

Бу ва бундан кейинги оятда Аллоҳ таоло никоҳ, разоъ ва қудалик жиҳатидан никоҳланиш ҳаром бўлган одамларни зикр қилган ва бу ҳукм баёнини отанинг аёлига уйланиш ҳаром эканидан бошлаган. Бу масалада ота ва унинг оталари бир хил даражада бўладилар. Яъни бобо ва ундан юқоридаги оталарнинг аёллари ҳам бошқа онадан бўлган ўғил ва набираларга никоҳланишлари ҳаром саналади. Бу дегани улар орасида маҳрамлик вужудга келади.

Ушбу масаланинг моҳияти оталар ва ўғиллар ўртасидаги ҳурматнинг буюклигидадир.

«Аёл отага никоҳланиши биланоқ отанинг ўғли учун никоҳи ҳаромга айланади. Ота бу аёл билан қўшиладими-қўшилмайдими, бунинг аҳамияти йўқ. Аллоҳ отанинг аёлига уйланишни фаҳш ва жуда ёмон йўл деб атади. Чунки ўз отасининг аёлига уйланган ўғил шу ишидан сўнг отани ёқтирмасликка бошлайди. Аллоҳ бу оят нозил бўлишидан аввал бўлган шу қабилдаги никоҳларни бу ҳукмдан истисно қилди». (Айсарут-тафосир, Асъад Ҳавмад, 1/515).

«Жоҳилият даврида бўлган бу каби ишнинг гуноҳи Исломга кириш ва бундай никоҳда қолмаслик шарти билан кечирилади». (Айсарут-тафосир, Ал-Жазоирий, 1/456).

Бу айтилганларга кўра инсоннинг аввалги аёлидан бўлган ўғли бошқа аёли учун маҳрам ҳисобланади.