Агар муносиб қиз топилмаса, уйланмасдан ўтса бўладими?
Савол: Қори ака, агар одам ўзига муносиб қиз топа олмаса уйланмасдан ўтса бўладими? Эшитишимча, Бухорий хазратлари ва бошқа катта олимлар уйланишмаган эканлар. Аброр.
Жавоб: Агар одам ўзига муносиб жуфт топа олмаса, сабр қилиши ва қидиришда давом этиши керак. Уйланмасдан ўтишни ният қилиш Расулуллоҳнинг суннатларига хилоф иш. Айрим улуғ инсонларнинг уйланмай ўтишгани ҳамма учун ибратли ҳолат деб тушунилмайди. Улар уйланмаслик савоб деган эътиқодда бўлишмаган, аксинча, ҳамма уламолар уйланиш Расулулллоҳнинг суннатлари, деб билишган. Кимдир маълум сабаблар туфайли уйланмаган бўлса, буни намуна ёки айб қилинмайди.
عن عائشة رضي الله عنها. قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
» النكاح سنتي ، فمن لم يعمل بسنتي فليس مني ، و تزوجوا فإني مكاثر بكم الأمم يوم القيامة ، و من كان ذا طول فلينكح ، و من لم يجد فعليه بالصيام ، فإن الصوم له وجاء».
(المحدث: الألباني، المصدر: صحيح الجامع، خلاصة حكم المحدث: صحيح).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Никоҳланиш менинг суннатимдир. Кимки менинг суннатимга амал қилмаса, бас у мендан эмас. Оила қурингиз, чунки мен Қиёмат куни умматлар олдида сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман. Ким қодир бўлса, уйлансин. Ким имкон топа олмаса, унга рўза лозимдир. Чунки рўза у учун жиловдир». (Саҳиҳул-Жомеъ, Албоний, саҳиҳ).
Сизга Аллоҳдан мўмина ва муслима жуфт ва солиҳ зурриётлар ато этишини сўраб қоламиз.