Туғилган куни билан табрикламаса хато бўладими?
Савол: Домла, оиламизда фақат мен Исломда. Ҳар йили отамнинг туғилган кунида оиламиз жамланади, мен бормайман ҳам, табрикламайман ҳам. Отам мендан хафа бўлади. Домла, мен хато қилмаяпманми?
Муслима.
Жавоб:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ فِيهِ فَهُوَ رَدٌّ.
رواه البخاري ومسلم
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимки, бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, бас у рад этилади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Туғилган кун билан табриклаш мусулмонлар одатидан эмас. Аммо фарзандлар ота-оналарини хурсанд ва рози қилишлари учун бажаришлари керак бўладиган ишлар ва йўллар жуда кўп, алҳамдулиллоҳ. Сиз ота-онангизни Исломда бўлмаган муносабатлар билан табрикламасангиз ҳам бошқа кунларда тез-тез бориб, уларнинг кўнгилларини оладиган ишларни кўпроқ қилишингиз керак. Уларнинг қалблари мусулмонлик одатларига мойил бўлиши учун туғилган кун билан табриклаганлардан кўра кўпроқ яхшилик қилишга интилинг.
Аллоҳ Қуръони каримда таълим беради:
وَإِنْ جَاهَدَاكَ عَلَى أَنْ تُشْرِكَ بِي مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ فَلَا تُطِعْهُمَا وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا وَاتَّبِعْ سَبِيلَ مَنْ أَنَابَ إِلَيَّ ثُمَّ إِلَيَّ مَرْجِعُكُمْ فَأُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ (لقمان\15).
“Агар у икковлари сени Менга ўзинг далилини билмайдиган нарсани ширк келтиришга буюрсалар, уларга итоат қилма. Дунёда улар билан яхши муомалада бўл, Менга бўйсунганларнинг йўлларига эргаш. Сўнг сизларнинг келадиган ерингиз Менинг ҳузуримдир. Ўшанда сизларга қилиб ўтган ишларингиз натижаси ҳақида хабар берурман”. (Луқмон/15).
Аллоҳ ота-она билан яхши муносабатда бўлишни буюрган экан, мусулмон фарзандлар Аллоҳ розилиги учун бу икки зотга сабр, мулойимлик ва саховат билан илтифот кўрсатишлари зарур.
Аллоҳ ҳаммамизга Ўзининг тавфиқ ва ҳидоятини комил қилсин.