Даъват билан шуғулланадиган одам нималарга эътибор бериши керак?
Савол: Анчадан бери мусофир юртларда юрган биродарларимизни йиғиб, Аллоҳ розилиги учун Аллоҳ ва Расули айтган сўзлардан эслашиб, ҳафтада бир марта амри маъруф, наҳйи мункар ўтказишни мўлжаллаган эдим. Сиздан ўрганган нарсалар, Қуръон, ҳадис ҳамда имом Бухорий, имом Ғаззолий каби уламоларнинг китобларидан фойдаланиб иш юритмоқчиман. Мақсадимиз – иймон Исломни инсонларга етказиш, Исломга озгина бўлса ҳам хизмат қилиш. Аллоҳнинг марҳамати ила ва сиздек аҳли илмни дуоси билан шу ишга қўл урмоқчимиз.
Устоз, агар савоб умидида бошламоқчи бўлган шу ишимизга дуо қилиб, фатво берсангиз, бизни хушнуд этган бўлардингиз. Илмим етмаган саволларга сиз орқали жавоб олиб, биродарларга етказишни ният қилганман. Шу масалада менга ёрдам берсангиз, азиз устоз.
Анвар.
Жавоб: Биз ўзимизга юбориладиган саволларга фатво эмас, балки уламоларнинг фатволаридан фойдаланган ҳолда назарий жавобларни берамиз. Айрим масалалар борки, (масалан, никоҳ, талоқ, мерос масалалари) уларни назарий жиҳатдан билгандан сўнг амалий жиҳатдан ижро этишда шошқалоқлик қилиш керак эмас. Балки аввало инсон ўзи яшаб турган минтақанинг олимига мурожаат қилиши зарур бўлади. Шунда масалага қандай амал қилиш йўли кўринади, иншоаллоҳ.
Амри маъруф мавзуси ҳам ҳар бир мусулмон ўзининг муҳитига мослашган ва атрофдагилар билан маслаҳатлашган ҳолда амал қилиши керак бўлган нозик ишлардан саналади. Мавзунинг муҳимлиги боис биз бу соҳада бир оз кенгроқ гапиришга қарор қилдик.
Амри маъруф наҳйи мункарнинг аҳамияти;
Амри маъруфнинг маъноси ва ҳукми;
Яхшиликка буюрувчи одамнинг сифатлари;
Мункарнинг шартлари;
Ёмонликдан қайтариш усуллари;
Даъватнинг ҳукми;
Аллоҳ даъватчиларни мақтаган;
Таблиғ (Ислом ҳақида етказиш);
Иршод (тўғри йўл кўрсатиш, тавсия);
Насиҳат ва унинг ҳукми.
Амри маъруф наҳйи мункарнинг аҳамияти:
Амри маъруф, наҳйи мункар, яъни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш шубҳасиз улуғ савобли ва зарурий ишлардандир. Бу амал Ислом уммати устида фарзи кифоя ишлардан бўлиб, бир гуруҳ одамлар бажарса, бошқалар зиммасидан соқит бўлади. Амри маъруф ва даъват вазифасини энг биринчи Аллоҳ юборган пайғамбарлар бажаришган. Бу ишга илм, ихлос, тажриба ва яхши ният билан киришган инсонлар пайғамбарларнинг ўринбосарлари деган шарафга лойиқ бўладилар. Сиз ҳам шундай сифатлар билан қадам босаётган бўлсангиз, албатта Аллоҳнинг марҳаматларига сазовор бўласиз, деб умид қиламиз.
Сизнинг биродарларни йиғиб, Аллоҳ ва Расули айтган сўзлардан эслаб, хафтада бир марта суҳбат ўтказиш режангиз иншоаллоҳ ибратли амалдир. Зеро, дўсту биродарларнинг бир-бирларини тез-тез зиёрат қилиб туришлари Расулуллоҳ буюрган суннатлардан биридир.
Биласиз, шарафли ва савобли ишлар ўз навбатида машаққатлар билан қоришган ҳолда келади. Уларга сабр қилиш тавсия этилади.
يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ (17)
«Эй ўғилчам, намозни бажо қил, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар, сенга етган азиятларга сабр қил. Албатта бу ишлар жиддий киришиш зарур бўлган ишлардандир». (Луқмон/17).
Ваъз-насиҳат, амри маъруф одамларга таъсир ўтказиш воситаларидан бири эканини таъкидлашимиз лозим. Шунинг учун ҳам шариатда бу амал учун маълум тартиб-қоидалар белгиланган. Амри маъруф қиладиган одам шу тартиблар билан танишиши ва уларга амал қилиши зарур.
Агар сиз ҳам амри маъруф ва даъватнинг қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракат қилсангиз, Аллоҳнинг мададига муяссар бўласиз, иншоаллоҳ. Қоидалар бузилса, оқибат ҳам шунга яраша бўлади.
Аллоҳдан ҳаммамизни тўғри йўлга бошлашини сўраб, амри маъруф, наҳйи мункар ёки ваъз-насиҳат қилишнинг айрим қоидалари устида тўхаталамиз.
Исломда одамларга Аллоҳ ва Расулнинг сўзларини етказиш маъносини ифодалайдиган бир неча амаллар борки, биз уларнинг ўртасидаги фарқни англамоғимиз лозим. Булар қуйидагилар:
Амри маъруф наҳйи мункар, даъват, таблиғ, иршод, насиҳат, ваъз.
Китобларда бу айтилган ишларнинг ҳар бири учун алоҳида таърифлар берилган. Бир-бирига алоқаси ва бир-биридан фарқлари тушунтирилган. Даъватчи одам бу фарқларни ажрата билса, қилаётган ишининг нозик томонларини яхшироқ англайди. Ишларнинг қайси бири фарз, зарур, қайси бири суннат ёки мустаҳаб эканини билади. Қайси бири ҳозир ўринсиз эканини тушунади. Кимлар учундир даъват ёки ваъз тақиқланишини ҳам ўрганади…
Podcast: Play in new window | Download