Қотилликни Дин қоралаганидек ҳеч қайси қонун қоралай олмаган
Инсон зотини ноҳақ ўлдириш дунёдаги энг улкан жиноятлардан эканлиги ҳаммага маълум.
Лекин кўпчилик билмайдиган ёки билишни ва эътироф этишни хоҳламайдиган ҳақиқат шуки, минг йиллардан буён мана бу биз яшаб турган замонавий қонунлар давригача қотилликни Дин қоралаганидек ҳеч қайси бир давлат қонуни ҳам ва бирор бир миллатнинг урф-одати ҳам қоралай олмаган.
Худди шунингдек бир инсоннинг жонини сақлаб қолган инсонни Дин улуғлаганидек ҳеч қайси бир қонун улуғламаган.
Бунга очиқ-ойдин ҳужжат Қуръони каримдир.
Аллоҳ таоло Ўзи бутун башариятга ибрат бўлиши учун Одам отамизнинг икки ўғиллари Ҳобил ва Қобилнинг қиссасини ҳикоя қилиб бера туриб, бир инсонни ўлдириш бутун башариятни қириб ташлашдек улкан гуноҳ деб ҳукм чиқарган.
Қани бирор бир давлат, балки бутун дунё давлатлари бирлашиб мана шундай бир ҳукм чиқара олганми ёки чиқара оладиларми? Йўқ, асло!
Келинглар, Раббул оламийннинг оятларига қулоқ тутайлик:
{وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ ابْنَيْ آدَمَ بِالْحَقِّ إِذْ قَرَّبَا قُرْبَانًا فَتُقُبِّلَ مِنْ أَحَدِهِمَا وَلَمْ يُتَقَبَّلْ مِنَ الْآخَرِ قَالَ لَأَقْتُلَنَّكَ ۖ قَالَ إِنَّمَا يَتَقَبَّلُ اللَّهُ مِنَ الْمُتَّقِينَ (27) لَئِن بَسَطتَ إِلَيَّ يَدَكَ لِتَقْتُلَنِي مَا أَنَا بِبَاسِطٍ يَدِيَ إِلَيْكَ لِأَقْتُلَكَ ۖ إِنِّي أَخَافُ اللَّهَ رَبَّ الْعَالَمِينَ (28) إِنِّي أُرِيدُ أَن تَبُوءَ بِإِثْمِي وَإِثْمِكَ فَتَكُونَ مِنْ أَصْحَابِ النَّارِ ۚ وَذَٰلِكَ جَزَاءُ الظَّالِمِينَ (29) فَطَوَّعَتْ لَهُ نَفْسُهُ قَتْلَ أَخِيهِ فَقَتَلَهُ فَأَصْبَحَ مِنَ الْخَاسِرِينَ (30) فَبَعَثَ اللَّهُ غُرَابًا يَبْحَثُ فِي الْأَرْضِ لِيُرِيَهُ كَيْفَ يُوَارِي سَوْءَةَ أَخِيهِ ۚ قَالَ يَا وَيْلَتَا أَعَجَزْتُ أَنْ أَكُونَ مِثْلَ هَٰذَا الْغُرَابِ فَأُوَارِيَ سَوْءَةَ أَخِي ۖ فَأَصْبَحَ مِنَ النَّادِمِينَ (31) مِنْ أَجْلِ ذَٰلِكَ كَتَبْنَا عَلَىٰ بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَن قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا ۚ وَلَقَدْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِّنْهُم بَعْدَ ذَٰلِكَ فِي الْأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ (32)}.
سورة المائدة.
«(Эй Расулуллоҳ), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари) бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур». 28. Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзгувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман. 29. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир. 30. Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. 31. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У: «Менга вайл (ҳалокат) бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми — биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!» деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди. 32. Ана ўша (фожиа) сабабли бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни қотилликдан бош тортса ва инсон ҳаётини сақлаш учун ҳаракат қилса), демак; гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Уларга (бани Исроилга) пайғамбарларимиз мана шундай ҳужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар».
(Моида сураси, 27-32 оятлар).
Бегуноҳ инсонларни қатл қилаётганлар, хоҳ улар шахслар бўлсин, хоҳ қандайдир гуруҳлар бўлсин, хоҳ чорасиз халқларга зулму зўравонликлар қилаётган ҳукуматлар бўлсин, барча-барчаларини Аллоҳ таоло Қиёмат кунидаги энг аламли азоблар билан таҳдид қилмоқда. Агар тезроқ тавба қилмасалар ҳолларига вой.
Аллоҳ таоло Ўзи бизларни бундай ваҳшийликлардан энг узоқдаги мусаффо бандаларидан қилсин, дунёнинг турли бурчакларида ноҳақ қириб ташланаётган инсонларга Ўз даргоҳидан нажот ва нусрат ато айласин…
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
«Ислом Овози» телеграм канали