Жумъа куни пешинни жамоат бўлиб ўқиса бўладими?
Савол: Мен ҳозир Кореяда ишлайман. Бу ерда жумъани ўқишга шароит бўлмайди. Биз ишхонада 2 кишимиз. Намозларни иккаламиз жамоат бўлиб ўқиймиз. Пешиннинг вақти бизда 12:37да киради. Овқат вақтимиз 12:30дан 13:30гача. Жумъа куни ҳам иккаламиз пешинни доимги ўқиётган вақтимизда жамоат бўлиб ўқисак бўладими?
Абдуллоҳ.
Жавоб: Агар сизлар Кореяда муқим бўлиб яшаётган бўлсангизлар жумъани тарк этишингизга узр йўқ. Биласизлар, жумъа ҳар бир муқим, соғлом, оқил, болиғ ва озод мусулмон эркак учун Аллоҳ фарз қилган улуғ ибодат. Дунё топиш, тирикчилик, касбу кор билан шуғулланиш ҳеч бир мусулмонни Аллоҳ буюрган ибодатдан – жумъа намозига ҳозир бўлишдан озод қилмайди.
Маълумки, жумъа шартларидан бири – озодлик. Яъни жумъа қулларга вожиб эмас. Чунки қулнинг ихтиёри ўзида эмас, балки у хўжайинининг измидададир. Баъзилар ишга боғлиқликни озод эмаслик деб тушунади. Бу хато. Қуллик билан мардикорликнинг фарқи бор. Мардикор – ўз ихтиёри билан ишга ёлланган одам. Ишга ёлланган ёки бирор корхонага ишга кирган мусулмон одамларнинг ҳукми бир. Уларнинг ҳаммаларига жумъа фарз.
Сизлар ҳам шариат таърифи бўйича ҳур, яъни озод инсонсизлар. Шундай экан, агар ҳозир ишлаётган ишхонангизда жумъа ўқишга шароит бўлмаса, шароит бўладиган иш ўрнини қидиришингиз лозим. Жумъа ибодати учун имконият берадиган иш ўрнини қидириш шарти билан ҳозирча бу ерда ишлаб туришингиз мумкин. Ё эса шу ишхонангизга намоз ўқийдиган мусулмонлардан ишга жалб қилишнинг иложи бўлса, шуни қилиш лозим. Чунки шу корхонанинг ўзида намоз ўқийдиганларнинг сони жумъа ўқиш учун кифоя қиладиган миқдорга етса, жумъани шу ерда ўқиш мумкин.
Маълумки, жумъа шартларидан бири жамоатдир. Жумъа намозини ўқиш учун имомдан ташқари яна уч киши бўлиши лозим. (Имом Абу Юсуфнинг қавллари бўйича имом билан қўшиб ҳисоблаганда уч киши).
Энди жумъа куни пешинни жамоат бўлиб ўқишга келсак, бу ҳақда фиқҳ китобларида мана бундай ёзилган:
(ويكره أن يصلي المعذورون الظهر بجماعة يوم الجمعة) في المصر؛ لما فيه من الإخلال بالجمعة بتقليل الجماعة وصورة المعارضة. قيدنا بالمصر لأنه لا جمعة في غيرها فلا يفضي إلى ذلك.
) اللباب في شرح الكتاب – (1 / 55)
«Узрли кишиларнинг (шаҳарда) пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳ саналади. (Чунки бу иш жумъа намозига борадиган жамоатнинг сони қисқаришига сабаб бўлади ва гўёки жумъа ўқилишига қарши чиқишга ўхшаб кетади…)» (Ал-Лубоб фий шарҳил-китоб, 1/55).
Агар сизларнинг иш пайтида жумъага бора олмаслигингиз аниқ бўлса, пешинни вақти кириши билан ўқиб олсангиз бўлади.
Podcast: Play in new window | Download