Аллоҳ таоло ҳаром қилган ойлар (2-қисм)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаждаги хутбаларида шундай дедилар:

«Огоҳ бўлинглар! Замон дарҳақиқат Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган кунидагидек ҳолида айланди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром қилинган (ойлар)дир. (Бу тўрт ойнинг) учтаси кетма-кет – зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррамдир. Ва (Тўртинчиси) Жумодо ва Шаъбон орасидаги Ражаби музар ойидир».

Кейин яна хутбаларида давом этиб, саҳобаларга савол ташладилар: «бу кун қайси кун?»

Саҳобаи киромлар:  «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ» деб жавоб қилдилар. (Қайси кун эканлигини билсалар ҳам жавоб беришга шошилмасдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида одоб сақладилар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муддат сукут сақлаб турдилар. Шунда саҳобаи киромлар бу куннинг номини ўзгартирадилар шекили деб ўйладилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Наҳр куни (Қурбон ҳайити куни) эмасми?», дедилар.

Саҳобаи киромлар: «Албатта (ҳа, шундай)», деб жавоб бердилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «бу қайси ой?», деб савол бердилар.

Саҳобаи киромлар яна: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муддат сукут сақлаб турдилар. Шунда саҳобаи киромлар ойнинг номини ўзгартирадилар шекили деб ўйладилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зулҳижжа ойи эмасми?», деб сўрадилар.

Саҳобаи киромлар: «Албатта (ҳа, шундай)», деб жавоб бердилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна савол бердилар: «Бу қайси шаҳар?».

Саҳобаи киромлар яна: ЭАллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир муддат сукут сақлаб турдилар. Шунда саҳобаи киромлар Шаҳарнинг номини ўзгартирадилар шекили деб ўйладилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Ал-Балад Ал-Ҳаром – Муқаддас) ШАҲАР эмасми?», дедилар.

Саҳобаи киромлар: «Албатта (ҳа, шундай)», деб жавоб бердилар.

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги насиҳатларини сўзладилар:

«Шак-шубҳасиз, мана бу кунингиз мана шу ойингизда мана бу шаҳрингизда қандай ҳаром қилинган бўлса, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва номусларингиз ҳам сизларга ана шундай ҳаромдир (яъни, бир-бирларингизнинг қонларингизга, номусларингизга ва мол-мулкларингизга тажовуз қилишларингиз худди Маккаи мукаррама ҳарамидек муқаддас шаҳарда туриб, Зулҳижжадек муборак ойда туриб, Қурбон ҳайити кунидек улуғ куннинг ҳурматини топташдек улкан гуноҳдир). Сизлар яқинда Раббингизга рўбарў бўласизлар! У Зот қилган ишларингиз ҳақида сизларни сўроққа тутади. Огоҳ бўлинг! Мендан кейин сизлар бир-бирларингизни ўлдирадиган бўлиб залолатга кириб кетманглар! Огоҳ бўлинглар! Мен сизларга (Аллоҳнинг шариатини) етказдимми? Огоҳ бўлинглар! Бу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказиб қўйсинлар! Зеро, етказилган киши эшитган кишидан кўра яхшироқ англаб олиши ҳам мумкин».

(Муттафақун алайҳи – имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Давоми бор…

Аввалги ва кейинги қисмлар:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi