Совун ишлаб чиқаришда ўлимтик ҳайвон ёғини ишлатса бўладими?
Савол: Мен совун ишлаб чиқараман. Совунга ҳайвон юнгидан (қўй ва эчки) ажратиб олинган ёғни ишлатсам бўладими? Бу ёғ маҳсулотга О.О2% фоиз миқдорида қўшилади. Лекин бу ёғни Хитойда ноисломий йўл билан сўйилган ҳайвон юнгидан ип-тола ишлаб чиқаришда ажратиб олинади. Бу мой ҳаром ҳисобланадими? Таркибида шундай мой бўлган совун ҳаром бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.
«Акрам».
Жавоб: Қўй эчки каби ҳалол ҳайвонлар ўзи ўлган бўлса ёки ноисломий йўл билан сўйилган бўлса ҳам уларнинг юнги пок саналади ва уларни ишлатиш мумкин.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ تُصُدِّقَ عَلَى مَوْلاَةٍ لِمَيْمُونَةَ بِشَاةٍ فَمَاتَتْ فَمَرَّ بِهَا رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- فَقَالَ « هَلاَّ أَخَذْتُمْ إِهَابَهَا فَدَبَغْتُمُوهُ فَانْتَفَعْتُمْ بِهِ ». فَقَالُوا إِنَّهَا مَيْتَةٌ. فَقَالَ « إِنَّمَا حَرُمَ أَكْلُهَا ». (صحيح مسلم – (1 / 190)
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят. У киши дедилар: Маймуна озод қилган қулга бир қўй садақа қилинди ва у қўй ўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдидан ўтиб қолдилар ва дедилар: «Бунинг терисини олсанглар бўлмасмиди, ошлаб ундан фойдаланар эдинглар?!» Одамлар: «У ўзи ўлиб қолган-ку», – дейишди. Расулуллоҳ дедилар: «Уни фақат ейиш ҳаром, холос». (Муслим ва Бухорий).
Фиқҳ китобларида ўлимтик ҳайвоннинг териси ва суяклари ҳақидаги масала мана шу ҳадисга асосланган ҳолда баён қилинган.
بداية المبتدي – (1 / 135)
ولا بأس ببيع عظام الميتة وعصبها وصوفها وقرنها وشعرها ووبرها والانتفاع بذلك كله
«Ўзи ўлган ҳайвоннинг суяклари, пайлари, жун ва юнгларини сотишда, улардан фойдаланишда ҳеч бир зарар йўқ». (Бидоятул-мубтадий, 1/135).
Podcast: Play in new window | Download