Стокгольмда террор амалиёти

Бўлимлар: Муносабат

Svt

Svt

«Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн»

Кеча (2017-04-07) жума куни Швеция пойтахти Стокгольм шаҳри марказида тинч аҳолига қарши ҳужум уюштирилди.

Номаълум шахс шаҳар марказида пиёдалар юрадиган йўлда катта юк мошинасини одамлар устига юқори тезлик билан ҳайдаб, тўрт инсонни босиб ўлдиргани, яна 15 инсон жароҳат олгани, улардан 9 таси оғир аҳволда қолаётгани хабар қилинди. Яраланганлар орасида бир гўдак ҳам бор дейилмоқда.

Биз шу муносабат билан аввало ҳалок бўлганларнинг қариндошларига, воқеадан жабрланган барча инсонларга ўз ҳамдардлигимизни изҳор этамиз, Аллоҳ таоло сабру матонат, тавфиқ ва ҳидоят насиб этсин.

Ҳодиса ортидан Швеция полицияси Стокгольм шаҳар ва вилоят бўйлаб ушбу жиноятни содир этиб воқеа жойидан ғойиб бўлган шахсни излашга тушди. Изланиш ҳаракатлари натижаси ўлароқ ушбу жиноятни содир этганликда гумонланаётган ўзбекистонлик шахс қўлга олингани маълум қилинди.

Бу машъум жиноят ортида турган одам Ўзбекистон фуқороси деб гумон қилинаётганлиги бизларни яна кўпроқ қайғуга солди.

Бундай ёвуз ишларга қўл урган шахслар ўзларини нақадар разил ва виждонсиз кимса эканликларини кўрсатишмоқда.

Ислом диниимизда оддий инсонларга, уларнинг динлари ва тутган йўллари қандай бўлишидан қатъиназар, зарар етказиш, қонларини тўкиш улкан жиноят ҳисобланади.

Охирги пайтлар дунёнинг айрим давлатларида содир бўлаётган бу каби ваҳшиёна ишларга ўзбекистонликларнинг ҳам аралашиб қолишлари аввало Ислом аҳли учун, қолаверса ўзбек миллати учун ҳам жуда ҳам ачинарли мусибатдир.

Бу каби ҳодисалардан ақлли, зиёли ва мамлакат учун масъул бўлган шахслар тўғри ва чиройли хулосалар чиқарган ҳолларида, уларнинг содир бўлиш омиллари, жиддий муолажалари ва келажакда яна такрорланмаслиги учун уларнинг олдини олиш йўллари устида кўпроқ бош қотиришлари зарурдир.

Бундай қўпорувчиликлар ва турли-туман жиноятлар на миллат ва на дин танлайди. Балки одамларнинг илму маърифатлари, ахлоқу одоблари қай даражада эканлиги, халқ ва жамиятнинг адолатли ёки адолатсиз аҳволда ҳаёт кечираётганига қараб шаклланади.

Қайси бир жамиятда илм-маърифат ривожланса у ердаги одамлар албатта адолатли ҳаётни барпо этишга интиладилар, у жамиятда тинч-омонлик ҳум суради, туғри фиклайдиган ва ҳаётда эзгу ишларни амалга оширадиган, ўзидан кейин яхшиликларни мерос қилиб кетадиган авлодлар етишиб чиқади, тинч-тотувлик билан иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва диний муаммолларнинг ечимларига осонлик билан эришилади.

Ана шундагина бугунги кунимизда рўй бераётган кўпдан-кўп нохуш воқеа-ҳодисалардан озод бўлинади, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таолодан барчаларимизга икки олам бахт-саодатини тилаб қоламиз, бутун дунё халқларига илм-маърифат ва ўзаро иноқлик ила фаровон ҳаёт кечиришларини насиб айласин, она ватанимизда ҳам барча ноҳаклиқлар тезроқ бас этилишини Раҳмону Раҳим бўлган Парвардигоримизга илтижолар қилиб сўраб қоламиз…

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi