Аллоҳ таоло ҳаром қилган ойлар (1-қисм)

«Маълумотингизни текшириб олинг» силсиласи

11-сўровнома: ҳаром қилинган тўрт ой қайси ойлар?

Тўғри жавоб:

Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам.

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 36-оятида марҳамат қилади:

{إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِندَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ۚ ذَٰلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ ۚ فَلَا تَظْلِمُوا فِيهِنَّ أَنفُسَكُمْ}. الآية.

[سورة التوبة: 36].

«Албатта, ойларнинг саноғи Аллоҳнинг наздида, Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек, ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу ҳақ диндир (яъни, ҳақ ҳукмдир). Бас, у ойларда ўзларингизга зулм қилмангиз!…».

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло «Бас, у ойларда ўзларингизга зулм қилмангиз!» деганида йил давомидаги ўн икки ойнинг барчасини кўзда тутган бўлиши ҳам мумкин ёки уларнинг ичидан алоҳида эътиборга сазовор бўлган тўрт ойни кўзда тутган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар икки эҳтимол ҳам ўз ўрнида тўғри маънони англатади ва Қуръони карим – Аллоҳнинг каломининг нақадар кенг қамровли маъноларга эга эканлигини кўрсатади.

«Бас, у ойларда ўзларингизга зулм қилмангиз!», деб ҳаром қилинган тўрт ой кўзда тутилган бўлса бошқа ойларда зулм қилиш ҳалол деган маъно келиб чиқмайди, асло. Зулм ҳеч қачон ва ҳеч қаерда жоиз эмас. Зулм энг улкан гуноҳлардан бири эканида ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди. Лекин бу тафсир билан айнан шу тўрт ойда зулм қилиш бошқа ойлардаги зулмлардан кўра янада улканроқ гуноҳ бўлиши айтилаётган бўлади.

Иккинчи тафсирга биноан эса «Бас, у ойларда ўзларингизга зулм қилмангиз!», дейилганда йил давомидаги барча ойлар кўзда тутилади, жумладан бошқа ойлардан алоҳида ажратиб, қаттиқроқ ҳаром қилинган тўрт ой ҳам.

(Давоми бор)

Кейинги қисмлар:

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi