Амри маъруф учун пул олиш, тиловат дискларини сотиш мумкинми?
Савол: Бир инсон Ислом илмини бошқалардан кўра яхшироқ билса, амри маъруфга борганда шу иши учун бирор белгиланган миқдорни айтиб ёки айтмаган ҳолда пул олса бўладими?
Қуръон тиловатини ёки тафсирини дискка ёзган ҳолда сотиш мумкинми? Ҳар хил маърузаларни ҳам диск ҳолига келтирган ҳолда сотиши мумкинми?
Илтимос имкон бўлса батафсилроқ жавоб берсангиз.
Бир мусулмон.
Жавоб: Одамларга амри маъруф қилиш, уларни ҳаққа даъват этиш, Қуръон ўқишни ўргатиш, Ислом билимларидан таълим бериш, имомлик қилиш каби амаллар худди намоз ўқиш каби ибодат саналади ва бу амаллар Аллоҳга яқинлашиш, Ундан савоб олиш нияти билан қилинади. Бу ишларни пул ишлаш нияти билан қилиш мумкин эмас. Дунё топиш мақсадида дин ишини қилиш инсонни савобдан маҳрум қилади ва қилган амали бекор бўлади.
Аммо Ислом давлати ёки мусулмон жамиятлари томонидан исломий хизматга тайинланган одамларнинг ойлик маош олишлари жоиз. Уларга давлат ёки мусулмонлар жамоаси ҳақ тўлайди. Бундай одамлар ўзларининг хизматларини пул ишлаш учун эмас, балки Исломни ривожлантириш ва мусулмонларга ёрдам бериш нияти билан қилишлари даркор бўлади…
Фиқҳий қомусда келтирилади:
كُل مَنْ كَانَ عَمَلُهُ مَصْلَحَةً عَامَّةً لِلْمُسْلِمِينَ مِنْ : قَاضٍ ، وَمُفْتٍ ، وَعَالِمٍ ، وَمُعَلِّمِ قُرْآنٍ أَوْ عِلْمٍ شَرْعِيٍّ ، وَمُؤَذِّنٍ ، وَإِمَامٍ يُفْرَضُ لَهُمُ الْعَطَاءُ فِي بَيْتِ الْمَال …) الموسوعة الفقهية الكويتية – (30 / 155)
«Мусулмонлар оммасига манфаати тегадиган қозилик, муфтийлик, Қуръон ва шариат билимлари муаллими, муаззинлик, имомлик каби вазифаларда ишлайдиган одамлар учун байтулмолдан маош тайинланади…» (30/155).
Саволда айтилган инсон расмий имом бўлса, унинг маош олиши ихтилофсиз. Агар масжиднинг низомида жойларга борганда ихтиёрий эҳсонларни олиш кўрсатилган бўлса, олиш жоиз. Аммо сўраб олиш тўғри эмас.
Агар расмий бўлмасаю аммо халқ севадиган илмли солиҳ одам бўлса, у ҳам одамлардан пул сўрамайди. Бировнинг қўлига кўз тикмайди. Аммо одамлар унга ҳадя беришлари мумкин.
Бу одам даъват учун борган ерида ҳадя ҳам олмагани афзал.
Даъват қанчалик холис бўлса, шунчалик самарали бўлади…
Қуръон тиловатини ёки тафсирини дискка ёзган ҳолда сотиш, маърузаларни ҳам диск ҳолига келтирган ҳолда сотиш мумкин. Бу илм тарқатишга ёрдам бўлади. Аммо атайлабдан қимматлаштириш, молпараст бўлиш баракани ҳам, савобни ҳам, обрўни ҳам кеткизади. Инсоф билан савдо қилиш яхши. Исломий диск ва китоблардан тижорий мақсадда фойдаланиш учун уларнинг муаллифларидан рухсат олиш керак бўлади.
Podcast: Play in new window | Download