«Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» (охирги қисм)
- Имом Абулҳасан Ал-Қаттон раҳимаҳуллоҳ (234 ҳ. 848 м.) айтадилар:
أصبت ببصري، وأظن أني عوقبت بكثرة بكاء أمي أيام فراقي لها في طلب الحديث والعلم!.
معجم الأدباء ( 12 / 220 ) ، تذكرة الحفاظ (3 / 857 )
«Кўзим ожиз бўлиб қолишининг сабаби мен ҳадис ва илм талабида сафар қилиб юрган кунларим Онам мени соғиниб кўп йиғлаганликларидир. (Онажонимни соғинтириб йиғлатганим учун) менга жазо сифатида шу мусибат юборилган бўлса керак».
(Муъжамул удабо: 12/220, Тазкиратул ҳуффоз: 3/857).
* Салафи солиҳларимиз ота-оналаридан рухсатсиз сафарга чиқмас эдилар, асло. Шундай бўлса-да оналарининг кўзларидан соғинч ёши оқишида, хавотир олиб йиғлашларида ўзларини айбдор деб ҳисоблар эдилар, ҳаттоки илм сафарида юрган бўлсалар ҳам.
- Имом Абу Зуръа Розий раҳимаҳуллоҳ (264 ҳ. 878 м.) айтадилар:
«وقع في نفسي أن أجمع أخطاء الثوري رحمه الله وفي دربنا كلب ما نبحني قط، فعدا علي وعقرني، فوقع في نفسي هذا عقوبة، فأضربت عنه».
(تاريخ بغداد: 14/272).
«(Бир куни мен имом Суфён) Саврий раҳимаҳуллоҳнинг хатоларини тўплаб чиқишни кўнглимга тугдим. Кўчамизда юрган пайтларим менга ҳеч қачон бирор марта вовилламаган ит тўсатдан ҳужум қилиб тишлаб олди. Мен буни (илоҳий) бир жазо деб билиб кўнглимга тугиб қўйган нарсадан воз кечдим».
(Тарихи Бағдод: 14/272).
* Қиссадан олинадиган ибрат шуки:
1. Хатодан холи инсон йўқ, ҳатто уламолар ҳам баъзи масалаларда хато қилиб қўйишлари мумкин;
2. Хато қилган инсонни, айниқса уламоларни, омма олдида танқид қилишдан эҳтиёт бўлиш лозим;
3. Уламолар бир-бирларининг хатоларини тузатишда ҳам исломий одоб-ахлоқларга риоя қиладилар. Мақсадлари хатокор шахснинг кимлигини айтиш эмас, балки хатога йўл қўйилган фикрни ислоҳ этиб, ҳақни далили билан баён қилиб қўйишдир.
- Салафлардан яна бирлари айтадилар:
كم من أكلة منعت قيام الليل، وكم من نظرة حرمت قراءة سورة وإن العبد ليأكل الأكلة أو يفعل فعلة فيحرم بها قيام سنة فبحسن التفقد تعرف المزيد من النقصان وبقلة الذنوب يوقف على التفقد .
قوت القلوب (1/ 76)
«Қанча-қанча таомлар қиёмуллайл (таҳажжуд ибодати)дан тўсиб қўяди, яна қанча-қанча қарашлар (номаҳрам аёлларни ёки ҳаром нарсаларни кўриш Қуръони карим) сураларини ўқишдан маҳрум этади. Банда баъзи ҳолатларда қандайдир бир таом еб ёки нимадир ишга қўл уриб бир йиллик қиём (ибодат)дан маҳрум бўлиб қолади. Инсон ўзининг гуноҳларини яхшилаб қидирса кўпдан-кўп камчиликларини билиб олади, гуноҳлари қанча кам бўлса уларни топиб олиши шунча енгил бўлади (яъни, бир-бирига боғлиқ амалдир)».
(Қувтул қулуб – Қалблар озуқаси китоби: 1-76)
* Салафи солиҳларимиз ўзларини ўзлари доимо ҳисоб-китоб қилиб, хато-камчиликларини текшириб, нафсларини ислоҳ қилиб туришлари ҳақидаги ривоятлар жуда ҳам кўп. Бу мавзуда уламоларимиз ёзиб қолдирган китоблар ҳам талайгина. Мана бу қисқагина мақолада келтирилган ривоятлар эса денгиздан бир томчидек холос. Мақсад, ҳар биримиз учун қисқагина бир эслатма бўлсин, шояд биз ҳам ўзимизни ўзимиз ҳисоб-китоб қилиб, иймоний тарбия ила покланиб туришимизга ёрдамчи бўлса.
Валлоҳу аълам .
وصلى الله وسلم على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين، ومن تبعهم بإحسان إلى يوم الدين.
Аввалги қисмлар:
- «Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» 1-қисм
- «Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» 2-қисм
- «Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» 3-қисм
- «Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» 4-қисм
•┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈•