«Хатокорларнинг яхшиси кўп тавба қилувчилардир» 2-қисм

* Имом Муҳаммад ибн Сийрийнга нима бўлган эди?

Бир қанча саҳобий киромларнинг қўлларида тарбия олган улуғ тобеий Муҳаммад ибн Сийрийн раҳимаҳуллоҳ (110 ҳ. 733 м.) илму тақво, зуҳду ибодат, тижорату ҳалол меҳнат бобларида барча инсонларга гўзал намуна бўлганлар.

Умрларининг охирида бир аёлнинг молини тижорат қилиб бериш учун олиб, қарзга ботиб қоладилар ва бунинг асл сабаби ўзларининг 40 йил олдин қилиб қўйган бир гуноҳлари учун илоҳий жазо деб кўрадилар.

Аслида эса у кишининг тақволари жуда ҳам кучлилиги бўлган. Тижорат учун сотиб олган таомнинг нақадар ҳалол ва пок-мусаффо эканлиги ҳақида бироз шубҳаланиб қолиб, харидорларга сотишдан тақво қилганлар. Натижада тижорат қилиб бериш учун пул берган аёлдан қарздор бўлиб қоладилар. Қарзларини узишда кечикканлари туфайли шаҳар волийси имомни қамашга буюради. Қамоқ асносида уйларига бориб келиб туришга рухсат берилганда ҳам имом Ибн Сийрийн қарзларини адо этиб бўлгунларига қадар волийнинг қарорини ҳурмат қилиб, қамоқда ўз ихтиёрлари билан ўтириб турадилар.

لما ركِبَ محمد بن سيرين الدَّين اغْتمّ لذلك فقال : إني لأعرفُ هذا الغَمَّ بذنبٍ أصبتُه مُنذُ أَربعينَ سَنة! قلتُ لرجلٍ من أربعينَ سنةٍ: يا مُفْلس!
حلية الأولياء (2/171) ، الجامع لأحكام القرآن (16/31)

Муҳаммад ибн Сийрийн қарзга ботиб қолганларида кўнгиллари диққат бўлиб шундай дедилар: мен мана бу сиқилишнинг сабабини яхши биламан, қирқ йил олдин қилган гуноҳим туфайли бўляпти, ўшанда бир кишига «ҳей муфлис!» (яъни, ҳеч нарсага эга бўлмаган, мол-мулки йўқ бўлган одам)», деб юборган эдим.

(У одам имом Ибн Сийрийнни ғазаблантириб юборганда тилларидан шундай сўз чиқиб кетган экан. Валлоҳу аълам).

Қиссани ривоят қилган Убайдуллоҳ Ибнус-сарий айтадилар:

Ибн Сийрийннинг ушбу сўзларини Абу Сулаймон Доронийга айтиб берганимда, у киши буни мана бундай изоҳладилар:

«Уларнинг гуноҳлари оз эди, шунинг учун бало қаердан келаётганини билиб олишарди. Мен ва сен(га ўхшаганлар) эса, гуноҳларимиз кўпайиб кетганидан бало-мусибатлар қаердан келаётганини билолмаямиз».

(Ҳилятул Авлиё китоби: 2/171, Тарихи Димашқ китоби: 53/226).

Имом Ибн Қаййим ҳам бу қиссага қуйидагича изоҳ ёзганлар:

Бу ерда муҳим ва нозик нуқта бор, кўпчилик одамлар бу масалада хатога йўл қўядилар. У ҳам бўлса шуки: банда бирор гуноҳ қилиб қўйганида унинг таъсирини ўша пайт кўрмаса, у гуноҳнинг таъсири кечикиши туфайли эсидан чиқариб: «энди бу гуноҳнинг таъсири бизга ҳужум қилмайди (ёки энди ҳеч нарса бўлмайди)», деган гумонга бориб қолади… Субҳаналлоҳ! Бу нарса (гуноҳнинг оқибати ёмонлигига бепарво бўлиш) қанча-қанча одамларни ҳалокатга учратганикин, қанча-қанча неъматларни йўқ қилиб ташлаганикин, қанча-қанча жазоларни олиб келганикин. Бу нарсага алданиб қолган уламолар ва фузалолар ҳам намунча кўп-а, жоҳилларни қўйиб тура қолайлик. Алданиб қолган киши гуноҳ(нинг таъсири) кейинчалик бўлса ҳам худди ўққа ўхшаб ташланиб келиб қолишини билмай юраверади…

(Ал-Жавобул-кофий китоби, 34-бет).

Давоми бор…

Аввалги ва кейинги қисмлар:

•┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/islomovozi