“Келиннинг хизмат қилиши фарзми, вожибми, суннатми?”
Савол:
Домла, кўп ўзбек оилаларда хизмат қилиш фақат келин кишининг вазифаси, деб ҳисобланади. Қайнона, қайнота, қайни сингил, қайни ука ва ҳоказо… Шуларнинг хизматини қилиш келинга фарзми, вожибми ёки суннатми? Бу нарсаларни келин зотига фарздек қилишган. Ўзининг фарзандлари катта-катта бўлса ҳам келиннинг вазифаси, дейишади. Агар қилмайман деса, отасини уйига обориб, дарров бошқа келин олишади. Жазокаллоҳу хайран. Ноўрин савол берган бўлсам, узр сўрайман.
Муслима.
Жавоб: Сўзимизнинг аввалидан қисқа қилиб айтадиган бўлсак, келиннинг қайнота-қайнонага хизмат қилиши шариатдан кўра кўпроқ шароит ва урфу одатга боғлиқ бўлиб қолган. Урф-одатларнинг эса шариатда тегишли ҳукми ва ўрни бор. Исломда ким кимга хизмат қилиши ҳақида ҳам бир қатор кўрсатмалар берилган.Келиннинг хизмати ҳақидаги масала бир мунча вақтдан бери одамлар ўртасида баҳсга айланганини эшитиб келаяпмиз. Бу мазмундаги саволлар бизга ҳам бир неча киши томонидан юборилган. Бу масаланинг жавобини бир икки оғиз сўз билан ёритиш етарли бўлмайди, валлоҳу аълам. Шунинг учун саволга тўлиқ жавоб сифатида қуйидаги мавзуларга тўхтаб ўтишни лозим топдик:
- Аёлнинг эр устидаги ҳақлари;
- Шариат ва шароит;
- Шариат ва одат ўртасида;
- Одамзод урф-одат билан;
- Ислом – одамийлик дини;
- Аёлнинг хизматидан фойдаланиш;
- Аёл кишига хизматкор олиб бериш;
- Хулоса.
1. Биринчи мавзу: Аёлнинг эр устидаги ҳақлари
Биз келиннинг хизмати мавзусига киришар эканмиз, ўз-ўзидан аёл кишининг Исломдаги ҳуқуқлари билан юзма-юз келамиз. Аллоҳ таоло айтади:
{وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ}
(البقرة : 228)
“… Уларга зиммаларидаги вазифалари баробарида чиройли ҳуқуқлар берилган. Эркаклар учун аёлларга нисбатан бир даража устунлик бор. Аллоҳ Азиздир, Ҳакимдир”.
(Бақара: 228).
ولهن على الرجال من الحق مثل ما للرجال عليهن، فلْيؤد كل واحد منهما إلى الآخر ما يجب عليه بالمعروف.
تفسير ابن كثير 1 / 609
“Эркакларнинг аёллар устида ҳақлари бўлгани каби аёлларнинг ҳам эркаклар устида ҳақлари бор. Уларнинг ҳар бири ўз зиммасидаги ҳақни шеригига чиройли тарзда адо этсин”.
(Тафсири Ибн Касир: 1/609).
Аёлларга қандай муомалада бўлиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
«إن أكمل المؤمنين إيمانا أحسنهم خلقا وخياركم خياركم لنسائكم».
أبو داود، الدارمي، الترمذي، ابن حبان
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар ичида иймони комил одам хулқи энг чиройли бўлган одамдир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларингизга яхши муомалада бўладиганингиздир”. (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон).
Қуръон оятлари ва ҳадисларда аёл кишининг эркак зиммасидаги моддий ва маънавий ҳуқуқлари нималардан иборат экани баён қилиб берилган. Оила бошлиқлари зиммасига озиқ-овқат, уй-жой, кийим-бош, ҳатто баъзан хизматкор таъминоти юклатилар экан, шунинг ёнида албатта таълим-тарбия, меҳр-шафқат, ҳурмат ва муҳаббат, яхши муомала, инсоф ва ҳоказо масалалар такрор-такрор эслатилади.
2. Иккинчи мавзу: Шариат ва шароит
Ислом шариатида бир қатор масалалар ичида эр ва аёлнинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳам умумий тарзда кўрсатилган. Масаланинг айрим томонлари Қуръон ва ҳадислар чегараси ичида ҳар бир юрт ва даврнинг шарт-шароитига боғлиқ ҳолда ҳал қилиниши учун очиқ ва эркин қолдирилган.
ومرجع الحقوق بين الزوجين يرجع إلى المعروف، وهو: العادة الجارية في ذلك البلد وذلك الزمان من مثلها لمثله، ويختلف ذلك باختلاف الأزمنة والأمكنة، والأحوال، والأشخاص والعوائد.
تفسير السعدي 1 / 101
“Эр-хотин ўртасидаги ҳуқуқлар урф (“маъруф”) доирасида бўлади. Бунинг маъноси муайян шаҳар ва даврдаги шу каби аёллар ва шу каби эркакларга нисбатан жорий бўлган одатлар демакдир. Бу ишлар замонлар, маконлар, ҳолатлар, шахслар ва одатларга кўра турлича бўлади”. (Тафсиру Саъдий, 1/101).
«بالمعروف» تعني ان هذه الحقوق والواجبات موكولة الى اصطلاح ما يجري عليه العرف بينهم وما تعارفوا عليه من آداب وعادات… ولا يمنع هذا من استعانة اي منهما بالخدم ولا من مساعدة كل منهما للآخر .
تفسير القطان 1 / 129
“Чиройли тарзда” деган иборадан мурод шуки, ҳуқуқ ва бурчлар одамлар ўртасида амалда бўлган урфдаги келишувларга, ижобий одоб ва одатларга боғлиқ қилиб қўйилган… Бу ҳукм икковларидан бирларининг хизматкор ёллаш ёки бир-бирларига ёрдам бериш имкониятини манъ этмайди”. (Қаттон тафсири, 1/129).
Бу сўзлар Ислом шариатининг инсонларнинг табиатлари ва шарт-шароитларига нақадар мослаб юборилганини кўрсатади. Мўминлар учун берилган имконият ва ҳаракат доирасининг нечоғли кенг ва қулайлигини билдиради. Бу Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидандир. Аммо кўп ҳолатларда бу неъматларнинг тасарруфи одамлар томонидан номақбул тарзда амалга оширилади. Айрим кишилар инсофни унутадилар. Ўз ҳақларини ундиришда ҳаддан ошадилар. Худбинлик ва очкўзлик кўрсатадилар. Ўзганинг ҳаққини поймол қиладилар. Баъзан аёлларга, баъзан эркакларга зулм қиладилар. Бу ишлар улкан гуноҳдир.Шариатнинг баъзи масалаларда урфга қараб иш қилишга рухсат берганидан фойдаланиб, одамлар урф-одатни гоҳида шариатдан устун қўйишлари кузатилади.
3. Учинчи мавзу: Шариат ва одат ўртасида
Шариат ва урф-одат ўртасини фарқлай билиш жуда муҳим масала. Шу фарқни англай олмаган, Исломдан бехабар жоҳил одамлар вожиб бўлган ишлар билан, вожиб бўлмаган, балки ихтиёрийлик, одамгарчилик асосида қилинадиган ишларни аралаштириб юборадилар. Шариат билан урф-одатнинг фарқига бормаслик кўп низоларни келтириб чиқаради.
Қайнона, қайнота, қайни сингил, қайни ука ва ҳоказоларнинг хизматини қилиш аслида келинга шариат томонидан буюрилган фарз эмас. Аммо бизнинг халқимиз урф-одатида шу нарса бор экан, бу одат миллионлаб одамларнинг ҳаётига сингиб кетган, биз бу ишни инсонийлик, меҳрибонлик, меҳнатсеварлик ва чиройли одат тарзида, бир-бирига ҳурмат нуқтаи назаридан қилиниши керак, деймиз.
Аммо саволда айтилганидек, “ўзининг фарзандлари катта-катта бўла туриб ҳам бу келиннинг вазифаси”, дейилиши одамда таассуф уйғотади. Чунки, бунақада келин томонидан кўрсатилаётган хизмат, одоб ва инсонийлик камситилаётган бўлади. Нега десангиз, модомики, шариатда келин хизматкор деган қонун йўқ бўла туриб ҳам у хизмат қилаётган экан, куёвнинг катта-катта укалари ёки сингиллари ҳам одамийликни билишлари ва шунга яраша чиройли жавоб қайтаришлари керак эди. Агар бундай бўлмаса, ҳақиқатан инсоннинг шаъни эътиборга олинмаган, неъматлар қадри ҳам кетгандай туюлади.
Ўйланг, агар уйда келин билан бирга вояга етган ёшлар бўлсаю хизматни фақат келин қилса, улар қачон ўрганади ўзига ўзи ёки бир-бирига хизмат қилишни? Модомики, бу иш мажбурият сифатида эмас, одамийлик ва бир-бирига ҳурмат тарзида қилиниши керак экан, унда қайни сингилларда одамийлик йўқми? Ёки улар бировни ҳурмат қилишни ҳали ҳам билмайдими?
Эҳтимол: “Улар ҳам келин бўлганда қилади-да!” дейишар. Аммо уйда кўпроқ қилмаса, келин бўлганда албатта муаммо чиқади. Қиз бола келин бўлганда ўз ишини чиройли бажариши учун ҳозирдан кеннайисининг ёнига тушиб, баб-баробар ҳаракат қилиши зарур. Ёки қайни ука ўз уйида оёғининг остида ётган ишни “Бу кеннайимнинг вазифаси” демасдан қилиб кетаверса, Исломда ор саналадими? Асло. Исломда ғайрат, шижоат, меҳнаткашлик улуғланади.
Саволда айтилганидек, “агар келин хизматни кўнгилдагидек қила олмаса, уни отасининг уйига жўнатиш, ўғлимни бошқага уйлантираман”, деб дўқ уришлар ҳақиқатан оз бўлса ҳам учраб туради. Бу ишлар гуноҳ саналади. Шошқалоқлик, манманлик ва кибрга кетиш бўлади.
Демак, келин хизмат қилади, деган тушунча Аллоҳ таоло ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буйруқларидан эмас, кўпроқ урф-одатдан келаётган экан, энди урф-одат ҳақида тўхталамиз.
4. Тўртинчи мавзу: Одамлар урф одатлари билан
Биз шуни тан олишимиз керакки, одам боласи урф-одатсиз яшай олмайди. Шунинг учун шариат урф-одатни ҳисобдан четда қолдирмаган. Шундай экан, урф-одатнинг ҳукми нима, деган масала аввалдан мавжуд ва бунинг жавоби ҳам маълум. Агар урф-одат шариатга хилоф келмаса, унга амал қилиш жойиз.
Бундан ташқари Ислом шариатида ҳукмлар орасида жуда кўп ишлар урфга қолдирилади, урф сўзи арабча “арафа” (“таниди”) феълидан олинган бўлиб, унинг маъноси – яхши деб танилган нарса. Одат эса “ода” (“қайтди”) феълидан олинган ва қайта-қайта, такрор-такрор қилинадиган иш дегани.
لاَ خِلاَفَ بَيْنَ الْفُقَهَاءِ فِي أَنَّ الْعَادَةَ مُسْتَنَدٌ لِكَثِيرٍ مِنَ الأَْحْكَامِ الْعَمَلِيَّةِ وَاللَّفْظِيَّةِ ، وَأَنَّهَا تُحَكَّمُ فِيمَا لاَ ضَابِطَ لَهُ شَرْعًا.
الموسوعة الفقهية الكويتية 29 / 216
“Фуқаҳолар ўртасида одатнинг кўпгина амалий ва лафзий ҳукмлар учун асос қилиб олинишида хилоф йўқ. Одат шаръан бирор кўрсатма мавжуд бўлмаган ишларда ҳукмга киритилади”.
(Ал-мавсуатул-фиқҳийя – 29/216).
وَقَال ابْنُ نُجَيْمٍ : إِنَّمَا تُعْتَبَرُ الْعَادَةُ إِذَا اطَّرَدَتْ أَوْ غَلَبَتْ.
الموسوعة الفقهية الكويتية 30 / 58
“Одат агар доимийга айланиб, тарқалиб кетган бўлса эътиборга олинади”.
(Ибн Нужайм, Ал-мавсуа – 30/58).
Имом Шотибий баъзи одатлар баъзи юртларда оддий иш саналса, баъзи юртларда хунук саналиши мумкинлигини ёзадилар. (Ал-мувофақот).
Маълумки, яхшию ёмон урф-одат ҳамма миллатда, ҳар бир халқда бор ва улар миллатдан милатга фарқ қилади. Урф-одат фойдалими, зарарлими, одамларнинг турмуш тарзи ва эҳтиёжлари ифодасидир. Зарарли одатлар мақтанчоқлик, кўзбўямачилик учун қилинади. Яхши одатларнинг мазмуни эса ўзаро ҳурмат, одамийлик, ҳамкорлик ва бир-бирига ёрдам мазмунида бўлади. Яхши ишларга Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар умумий тарзда буюради. Бундай савобли ишлар ёки яхши одатларнинг мазмуни исломий бўлса, шакл ва кўринишлари миллий, урфий тусга кирган бўлиши мумкин.
5. Бешинчи мавзу: Ислом – одамийлик дини
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالاً فَخُوراً}.
( النساء:36)
“Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга бирор нарсани шерик қилманглар, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, қариндош қўшнига, бегона қўшнига, ҳамроҳу ҳамхонага, мусофирга, қулларингизга яхшилик қилинглар. Шубҳасиз, Аллоҳ кеккайган, мақтанчоқ кимсани яхши кўрмайди”.
(Нисо/36).
Бу оятда Аллоҳ нафақат қариндошларга, балки бегоналарга ҳам яхшилик қилишга буюрган ва бунинг ҳукми зарурат, эҳтиёж ва имкониятга қараб, гоҳо вожиб, гоҳо мустаҳаб орасида бўлади. Мана шу оятда буюрилаётан яхшилик халқнинг урф-одатларига қоришган тарзда амалга ошиши табиий.
Оятда ота-онага яхшилик қилиш буюрилаётган экан, келин учун қайнота ва қайнона бўлган зотлар эрнинг ота-онаси эканини унутмаслик керак. Айтиш лозимки, улар эр учун ҳурматга сазовор ва яхшилик қилишга энг биринчи ўринда лойиқ инсонлардир. Эр учун ота-она розилиги фарз эканини тушунган келин ўзи туфайли эри билан унинг ота-онаси ўртасига совуқлик тушиб қолишидан эҳтиёт бўлади.
Қариндошларни ҳурмат қилиш деган тушунча ҳамма халқларда мавжуд. Унинг амалдаги кўринишлари эса турлича бўлади. Агар бизда улуғ қариндош қайнота-қайнонанинг ҳурмати уларнинг хизматларини қилиш билан бажо бўлади деб тушунилса, келин буни одоб юзасидан қўлдан келганича қилгани яхши.
Агар улар кекса ва хизматга муҳтож бўлсалар, уларнинг хизматини қилиш ёки хизмат қиладиган одамни қойим қилиш ўғилнинг зиммасига албатта вожиб, фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уларга хизмат қилиш келин учун мустаҳаблигича қолади. Дилида иймони бор келин муҳтож инсонга кўзи тушар экан, унга ёрдам бериб улуғ савобларга эришиб олишни ўзи учун ғанимат билади. Бунинг устига бу муҳтож инсонлар унинг яхши кўрган турмуш ўртоғининг ота-онаси-ку. Шу ота-она ўз ўғилларидан рози бўлса, бу розиликка сабабчи келин бўлса, бу улуғ бахт. Бундай келиндан эр ҳам, қайнотаю қайнона ҳам рози. Иншоаллоҳ, Аллоҳ ҳам рози.
Аммо бу айтилганлар ўзаро муроса ва келишув билан амалга ошиши керак. Уй хизматларини келинга ундан бошқаси қилса ҳисобга ўтмайдиган мажбурият қилиб юклаш тўғри эмас. Келин ҳам менинг вазифамга кирмайди деб туриб олиши одобдан эмас.
Қайнона ҳам агар жуда кексайиб қолган бўлмаса, уй ишларида келин билан баробар қарашса яхши бўлади. Кўпгина қайнона бўлмиш солиҳа аёллар қиз ҳам узатган бўлишади ва келинни кўрганда қизларини эслаб, доимо яхши муомалада бўлишади.
6.Олтинчи мавзу: Аёлнинг хизматидан фойдаланиш ниятида уйланиш
Аёлми, эркакми, инсон зоти бир-бирининг ёрдамига муҳтож. Шундай экан, ўзаро муроса ва розилик асосида бир-бирининг хизматидан фойдаланиш жойиздир.
عن جابر رضي الله عنه أنه تزوج ثيباً، فقال له رسول الله صلى الله عليه:فهلا بكراً تلاعبها وتلاعبك، فقال: يا رسول الله قتل أبي يوم أحد وترك تسع بنات فكرهت أن أجمع إليهن خرقاء مثلهن، ولكن امرأة تمشطهن وتقوم عليهن، قال: أحسنت .
رواه الشيخان
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши жувон аёлга уйланган эди.
Расулуллоҳ дедилар: “Қиз болага уйланмадингми …”
Жобир деди: “Ё Расулуллоҳ, отам Уҳуд кунида ўлдирилган ва ўзидан 9та қиз қолдирган. Мен уларнинг ёнига уларга ўхшаган яна бир заифани қўшиб қўйишни истамадим. Аёлга уйландимки, токи у қизларни ювиб-тарасин, уларга қарасин”.
Расулуллоҳ дедилар: “Гўзал иш қилибсан”.
(Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Имом Ироқий айтади:
“Бу ҳадисда аёл кишини эрига, эрининг болаларига, сингилларига ва қарамоғидаги кишиларга хизмат қилиши жойиз эканига далил бор. Гарчи бу ишлар аёлнинг зиммасига вожиб бўлмаса ҳам, у фақат ўз розилиги билангина қилиши мумкин бўлса ҳам эркак киши уйланаётганда аёлидан шу нарсаларни ният қилиши мумкин.”
(Тарҳит-тасриб китоби).
Бу айтилганлар шубҳасиз, динимиздаги инсонийлик хислатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ҳеч қачон аёл кишига зулм қилинишига асос бўла олмайди. Ислом дини аёлнинг хизматини суиистеъмол қилишга уринувчиларни қатъий қоралаши маърифатли инсонлар учун кундек равшан. Ўрни келади аёл хизмат қилади, вақти келади эр хизмат қилади, ўрни келади қайнота ёки қайнона хизмат қилади. Ислом, одамийлик ва ҳаёт ана шундай давом этади.
7. Еттинчи мавзу: Аёл кишига хизматкор олиб бериш
Бу мавзу бизнинг шароитимизга ҳам, урф-одатимизга ҳам мос тушмаслигини биламиз. Бугун ўзбекистонликлар иқтисодий мушкулликлар остида азоб чекаётган экан, аёлига хизматкор солиш деган сўз ортиқча. Ўзи кўпгина муаммоларимиз фақат урф-одатларимизга эмас, балки иқтисодий ночорликка ҳам боғлиқ. Майли ҳаёт ва одатлар ўз йўлига. Аммо буюк Ислом дини муслималарга қандай ҳуқуқлар берганини билиб қўйишимиз лозим.
ذَهَبَ جُمْهُورُ الْفُقَهَاءِ إِلَى أَنَّهُ يَجِبُ عَلَى الزَّوْجِ إِخْدَامُ زَوْجَتِهِ الَّتِي لاَ يَلِيقُ بِهَا خِدْمَةُ نَفْسِهَا بِأَنْ كَانَتْ تُخْدَمُ فِي بَيْتِ أَبِيهَا، أَوْ كَانَتْ مِنْ ذَوِي الأَْقْدَارِ، لِكَوْنِ هَذَا مِنْ حَقِّهَا فِي الْمُعَاشَرَةِ بِالْمَعْرُوفِ الْمَأْمُورِ بِهَا فِي قَوْله تَعَالَى: {وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ} (سورة النساء: 19) وَلأَِنَّ هَذَا مِنْ كِفَايَتِهَا وَمِمَّا يُحْتَاجُ إِلَيْهِ فِي الدَّوَامِ فَأَشْبَهَ النَّفَقَةَ.
الموسوعة الفقهية الكويتية 19 / 39
“Жумҳур (аксарият) фуқаҳолар ўзига ўзи хизмат қилишга лойиқ бўлмаган, яъни отасининг уйида хизматкори бўлган ёки қадри баланд саналган аёллардан бўлса, унга хизматкор олиб бериши эрга вожибдир, дейишган”.
(Ал-мавсуатул-фиқҳийя: 19/39).
Имом Абу Юсуф (имом аъзам Абу Ҳанифанинг энг катта соҳиблари) ҳатто агар аёл киши отасининг уйидан бир неча хизматкор билан узатилган бўлса ва аёл шуларнинг хизматига муҳтож бўлса, уларнинг хизмат ҳақини тўлаш эрнинг зиммасидадир, деганлар.
Яна уламолар агар аёл киши ўз ўзига хизмат қиладиган оиладан бўлса, обрўли хонадондан бўлса ҳам уй хизматларини бажариш унинг ўзига вожибдир, дейишади. “Чунки Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ишларни Али ва Фотима ўртасида тақсимлаб берганлар. Шунда ташқаридаги ишларни Али разияллоҳу анҳуга, ичкаридаги ишларни эса олам аёлларининг саййидаси бўлишларига қарамай Фотима разияллоҳу анҳога тайинладилар.
(Ад- дуррул- мухтор: 2/648)”.
“Ҳанафий, моликий ва ҳанбалийлардан иборат жумҳур уламолар аёлига хизматкор олиб бериш фақат бой эрга вожибдир, дейишган”.
(Ал-мавсуатул-фиқҳийя: 41/19).
8. Хулоса:
Ҳаётга сингиб кетган фойдали урф-одатларга амал қилиш нима бўлганда ҳам фарз эмас, балки мубоҳ ёки мустаҳаб даражасида бўлади. Қолаверса, чиройли урф-одатларга амал қилиш, жумладан, бир-бирига розилик ва самимийлик билан хизмат қилиш ёки фойда етказиш инсоннинг ақлу заковати, фаҳму фаросатига, шарму ҳаёсига далолат қилади. Чунки шунда унинг обрўси сақланади, ҳурмати ошади, дўсти кўпаяди, оилавий бахти мустаҳкам бўлади. Шунга ақли етган одам ўзи билиб ишини қилади.
Ўзидан бошқанинг хизматига заруратсиз кўз тикиб ўтириш ёки иззатталаб бўлиб туриш исломий хулқдан эмас. Балки ялқовлик, ишёқмаслик сифатида ёмон кўрилади ва бундай одамнинг ҳурмати кетади. Қолаверса, камҳаракатлик соғлиққа ҳам катта зиён.
Қайнота-қайнонага ҳам камтарлик зийнат. Улар ҳам ҳаракатчан ва меҳнатсевар бўлишгани фарзандлар учун ўрнак. Ҳаётда шундай меҳнаткаш ота-оналар, қайнота-қайноналар алҳамдулиллоҳ, жуда кўп. Шу билан бир қаторда ўрни билан ёшларга иш буюриб туриш исломий тарбиянинг бир бўлаги, фарзандлар учун тажриба мактабидир. Бундай пайтда катталар келинни ҳам, ўзларининг ўғил-қизларини ҳам баробар кўришгани яхши.
Бу мавзуларда гап кетар экан, оиланинг ҳар бир аъзосидан сабрли бўлиш талаб қилинади. Сабр эса баъзилар ўйлагандек нафақат аёлга, балки ҳаммага баробар лозимдир. Қайнотаю қайнона ҳам, келину куёв ҳам бир-бирларида кўрган камчиликларига сабр ва мулойимлик билан муносабат билдиришлари, чиройли муомала қилишлари зарур. Яхшиликларини қадрлашлари, рағбатлантириб туришлари лозим. Яхшиликка яхшилик – Расулуллоҳ суннатлари, Ислом қонуни.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳидоят, тўғри тушунча ва Исломга чиройли амал қилишни насиб этсин. Келин-куёвларга бахт-саодат ато айласин.
•┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈•
https://telegram.me/islomovozi
Podcast: Play in new window | Download