Ичкиликка берилган отага қандай муомала қилинади?

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Устоз, сизга оилавий муаммо юзасидан савол бермоқчиман, хато қилган бўлсам, Аллоҳ Ўзи кечирсин. Эсимни таниганимдан буён отам ароқ ичади ва уйда жанжал бўлади. Хафтасига ҳеч бўлмаганда икки марта жанжал бўларди. Ичиб келиб онамни ва бизларни калтакларди. Оилада опамдан кейин катта ўғил бўлганим учун онамни ёнини олардим. Шунданми отам мени ёқтирмайди. Бирга ўтирсак, шариатдан гапирсам, «Сендака муллани … ! Ана муллаю ҳожиларинг қилиб юрибди-ку, сен менга ақл ўргатасанми?!» деб уришиб кетарди. Яқинда укамдан уйга амри маъруф-наҳйи мункар дисклардан бериб юбордим, отамга эшиттиргин деб. Отам эса: «Буларингни йўқот, бунинг одамни бузади» дебди. Эшитиб жуда хафа бўлиб кетдим. Оилам Ўзбекистонда, ўзим ҳозирча уйга боролмайман, телефонда гаплашайин, десам мен билан гаплашгиси келмайди. Эмишки, мен шариатга ёпишиб олган эмишман. Оиламни ҳам: «Булар муллани хотини ва ўғли», деб камситишга ўтди. «Ароқни ичманг» десам, уришиб бақириб беради. Меҳмон келсаю ароқсиз кутса, ўша куни бизникида уруш бўлади. Бухоролик аҳли илмлардан ёрдам сўраб мурожаат қилгандим, улар қўлларидан келмаслигини айтиб, узр сўрашди. Қашқадарёда битта мулла бор, дейишди. Ўқиб қайтарар экан, аммо кейин ичиб қўйса ё шол ёки кўр бўлиб қолар экан. Дори ёки кодировка қилдирайлик, десам ичиб қўйиб, бир нарса бўлиб қолишидан қўрқаман. Аёлим билан намозларда Аллоҳдан сўраймиз, отамга иймон бер, деб. Иншоаллоҳ, дуоларимиз қабул бўлса. Маслаҳат беринг, нима қилсам бўлади? Шариатда ўқиб қайтарса бўладими? Ўша муллага олиб борса бўладими? Хато қилган бўлсам Аллоҳ кечирсин.

А.

Жавоб: Сизларга Аллоҳ сабру тоқат, илму ҳикмат, ажру савоб ва мададу нусрат ато қилсин.

Даъват иши, айниқса, ота-онани даъват қилиш ниҳоятда нозик масала бўлиб, бу ўринда фарзанд жуда ҳушёр ва доно бўлиши талаб қилинади. Фарзанд ота-онага Исломдан гапираётганда ўзининг тенгдошига гапираётганга ўхшаб қолиши мумкин эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизга яқин қариндошларни даъват қилишда эътибор беришимиз лозим бўлган муҳим усулларни таълим берган:

وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إبراهيم إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَّبِيًّا (41) إِذْ قَالَ لابِيهِ يَا أَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لا يَسْمَعُ وَلا يُبْصِرُ وَلا يُغْنِي عَنكَ شَيْئًا (42) يَا أَبَتِ إِنِّي قَدْ جَاءنِي مِنَ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْنِي أَهْدِكَ صِرَاطًا سَوِيًّا (43)  (سورة مريم)

«Китобда зикри келган Иброҳимни эсланг, у ниҳоятда ростгўй пайғамбар эди. У отасига: «Эй отажон, нега эшитмайдиган ва кўрмайдиган, сизга заррача фойда келтира олмайдиган нарсага ибодат қиласиз?! – деди».

Бу оятдаги «отажон» деган калимани муфассирлар бундай шарҳлаганлар:

«Иброҳимнинг … бундай усулда мурожаат қилиши отасини жуда ҳурмат қилиши ва унинг қалбини ҳаққа мойил бўлиши учун эди». (Ал-васит, Саййид Тантовий).

«Бу мисолда мурожаатнинг мулойим ва юмшоқ намунаси кўриниб турибди. Иброҳим: «Эй ота, мен олимман, сиз жоҳилсиз», демадилар. Ёки «Сиз ҳеч нимани билмайсиз», демадилар. У киши шундай иборани қўлладиларки, ундан «Сиз ҳам ниманидир биласиз, мен ҳам ниманидир биламан, менга етиб келган маълумот сизга келмаган …» деган маъно чиқарди. (Саъдий тафсири,1/494).

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари Озар мушрик бўлгани, ўғлининг даъватларидан ғазабга мингани Қуръон қиссаларидан маълум. У ўғлининг ҳақ ва мулойим муомаласига қандай жавоб қайтарди?

«Озар деди: «Агар сен менинг худоларимни сўкишдан ва мени Аллоҳнинг ибодатига даъват қилишдан тўхтамасанг, сени тошбўрон қилиб ўлдираман! Менга бошқа гапирма!» Халилуллоҳ унга Раҳмоннинг бандалари жоҳиллар хитоб қилганда берадиган жавоблар билан жавоб қилдилар. Оталарига нисбатан қўполлик эмас, аксинча сабр қилдилар. Унга ёқмайдиган жавоб қайтармадилар. «Сизга салом бўлсин», яъни, сиз мендан ҳеч қандай ёмонлик ва ёқимсиз муомала кўрмайсиз, дедилар. Яна: «Сизга Раббимдан истиғфор сўрайман…», яъни сизга ҳидоят ва мағфират сўраб дуо қилишда давом этавераман, Аллоҳ сизни Исломга ҳидоят қилса, мағфират ҳам қилади… дедилар.

… Аллоҳ бизни Иброҳим миллатига эргашишга буюрган. Унинг миллатига эргашиш дегани Аллоҳга даъват қилишда илм ва ҳикмат, мулойимлик ва енгиллик услубини тутиш демакир. Бу услуб босқичдан босқичга кўтарила билиш, шу йўлда сабр қилиш, зерикишдан узоқ бўлиш, даъват туфайли халқдан етадиган гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлар кўринишидаги озорларга сабр қилиш, одамларга уларнинг камчиликларидан кўзни юмиш ва кечиримли бўлиш билан, балки сўз ва амалда яхшилик қилиш билан жавоб қайтариш деганидир». (Юқоридаги манба).

Ҳурматли А, агар сиз ота-онангиздан узоқда яшаётган бўлсангиз, улар билан тез-тез (иложи бўлса ҳар ҳафтада бир марта) телефонда гаплашиб, ҳол аҳвол сўраб туринг. Телефонда гаплашганда уларга, айниқса отангизнинг кўнглига ёқадиган, уни хурсанд қиладиган, Исломга ҳам зид бўлмаган сўзларни топиб гапиринг. Уларга етказмоқчи бўлган сўзингизни доимо илтимос тарзида гапиринг.

Ота-онангизга вақти-вақти билан ҳадялар юборинг. Отангизга яхшилик қилаётганда, ширин сўзлар айтаётганда, ҳадялар жўнатганда унинг сизни урганлари, ҳақорат қилганларини эслаб, хафа бўлиб эмас, балки сизни Аллоҳ ўша инсоннинг наслидан яратганини, сизга ҳидоят бериб, унга бермаганини, бунинг кўп ҳикматлари борлигини эсланг. Аллоҳдан ўзингизга ёрдам, мадад ва ҳидоят сўраб туринг.

Даъват, амри маъруф билан машғул бўладиган биз каби инсонлар учун Луқмон алайҳиссаломнинг ўғилларига қилган насиҳатларини доимо ёдда тутиш лозим: 

يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ (لقمان\17)

 «Эй ўғилчам, намозни қойим қил, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар, етган азиятларга сабр қил. Шубҳасиз, бу айтилганлар улуғ фарз ишлардандир». (Луқмон/17).

 «Амри маъруф ва наҳйи мункардан сўнг сабрли бўлишга буюрилганининг сабаби шуки, амри маъруф ва наҳйи мункар гоҳо баъзи одамларнинг душманлиги ва озорларини келтириб чиқаради. Агар инсон амри маъруф ва наҳйи мункар туфайли етадиган азиятларга сабр қилмаса, бу ишни тарк қилиш эҳтимоли пайдо бўлади». (Ат-Таҳриру ват-Танвир, 11/204).

Ичкиликка берилган одамни кимгадир олиб бориб ўқитиш,  унга ниманидир хослаб едириш-ичириш Исломдан эмас. Бундай ишлар сеҳр-жодуга киради ва у ҳаромдир. Ичкилик ёки бошқа ҳаром ишларга мубтало бўлган одамга яхши муомала қилиб, аввало у билан доимий алоқа ўрнатиш лозим. Сўнг унга ҳикмат ва донолик билан ёрдам бериш, тўғри йўлни аста-аста тушунтириб бориш талаб қилинади. Бу узоқ вақт оладиган машаққатли ва савобли амал экан, сабрли бўлиш лозим.    

Сизга ва оилангизга ҳақ йўлда собитқадамлик ва сабр, иймон ва солиҳ амалда зиёдалик тилаймиз. Отангизга Раббул-оламийннинг ҳидоят ва марҳматлари насиб бўлсин.

Ушбу мавзу билан қизиққан одамларга «Отам билан соқол масаласида келиша олмаяпмиз» (21.12.2009) деган савол-жавоб билан танишиш ҳам тавсия қилинади.