Саҳобаларнинг фазилатларидан бир лавҳа
«Маълумотингизни текшириб олинг» силсиласи
10-сўровнома:
«Ашараи мубашшарин» дейилганда кимлар кўзда тутилади?
Тўғри жавоб:
Қуйидаги ўнта энг афзал саҳоба:
- Абу Бакр Ас-Сиддиқ (биринчи халифа) ;
- Умар ибн Хаттоб (иккинчи халифа) ;
- Усмон ибн Аффон (учинчи халифа) ;
- Али ибн Аби Толиб (тўртинчи халифа) ;
- Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ ;
- Абдураҳмон ибн Авф ;
- Саъд ибн Аби Ваққос ;
- Саид ибн Зайд Абул Аъвар;
- Зубайр ибн Аввом;
- Талҳа ибн Убайдуллоҳ.
Ушбу «Ашараи мубашшарин» деб танилган саҳобий киромларнинг фазилатлари ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар собит бўлган. Биз бу ўринда битта ҳадисни зикр қилиш билан чекланамиз.
عن سعيد بن زيد رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
«عشرةٌ في الجنَّةِ : أبو بَكْرٍ في الجنَّةِ ، وعُمرُ في الجنَّةِ ، وعليٌّ وعثمانُ والزُّبَيْرُ وطلحةُ وعبدُ الرَّحمنِ بن عوف وأبو عُبَيْدةَ وسعدُ بنُ أبي وقَّاصٍ (في الجنة) . قالَ الراوي: فعدَّ هؤلاءِ التِّسعةَ وسَكَتَ عنِ العاشرِ ، فقالَ القومُ : ننشدُكَ اللَّهَ يا أبا الأعورِ مَنِ العاشرُ ؟ قالَ : نشدتُموني باللَّهِ ، أبو الأعوَرِ في الجنَّةِ. ثمَّ بكى.
ثم قال : لَمَشْهَدُ رجلٍ منهم مع رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم يَغْبَرُّ فيه وجهُهُ خيرٌ من عملِ أحدِكم عُمُرَهُ، ولو عُمِّرَ عُمُرَ نوحٍ».
(صحيح أبي داود، صحيح الترمذي، مسند أحمد، صحيح ابن حبان…)
Саид ибн Зайд Абул Аъвар розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Ўн киши жаннатда: Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Али, Усмон, Зубайр, Талҳа, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Убайда ва Саъд ибн Аби Ваққос ҳам (жаннатда)».
Ровий деди: Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўнинчи киши кимлигини айтмасдан тўхтадилар. Шунда у кишининг мажлисларида ўтирган қавм сўрашди: эй Абул Аъвар! Аллоҳни ўртага қўйиб сўраймиз, ўнинчи киши ким эди?
Саид (Абул Аъвар) розияллоҳу анҳу жавоб бердилар:
Аллоҳни ўртага қўйиб сўрадинглар (шунинг учун жавоб бераман) : «Абул Аъвар жаннатда» деб, йиғладилар.
Кейин яна сўзларида давом этиб дедилар:
«Қасамки, мана шу ўн кишидан ҳар бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлиб, юзлари чангга беланган бир воқеа сизларнинг бирингиз Нуҳ алайҳиссаломчалик умр кўриб, (тоат-ибодатлар билан) амал қилиб яшаган тақдирида ҳам, ундан афзалдир».
(Абудовуд, Термизий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва бошқа муҳаддислар ривоят қилишган саҳиҳ ҳадис).
* Саҳобаларнинг барчалари жаннатийдирлар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларнинг ораларидан ушбу ўн кишини бир ҳадисда, яна бир қанчаларини бошқа ҳадисларда номма-ном санаб, уларнинг жаннатий эканликларига алоҳида гувоҳлик бериб чиқишлари «улардан бошқалари жаннатий эмас» деган маънони англатмайди, асло. Балки бошқаларга қараганда кўпроқ фазилатларни қўлга киритганликлари ва жаннатда олийроқ мақомларга кўтарилишларига далолат қилади.
Барча саҳобаи киромларни ўз ичига оладиган, уларнинг ҳаммалари жаннат аҳлидан бўлишларига далолат қиладиган ояту ҳадислар ҳам талайгина. Жумладан қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{لَا يَسْتَوِي مِنكُم مَّنْ أَنفَقَ مِن قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ ۚ أُولَٰئِكَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِّنَ الَّذِينَ أَنفَقُوا مِن بَعْدُ وَقَاتَلُوا ۚ وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ}. [الحديد: 10].
«Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир«.
(Ҳадид сураси, 10-оят).
Алоқадор мавзулар:
- «Саҳобаи киромларнинг фазилатлари ҳақида маърузалар»
- Жаннатга башорат берилганлар ҳақида мухтасар маълумот
- Жаннатга башорат берилган мўмин-мусулмонларнинг сифатлари ва ададлари
- «Асҳобларим юлдузлардек…» деган мазмундаги ҳадис саҳиҳми?
- Саҳобалар, тобеинлар, тўрт мазҳаб имомлари ва уламоларга эргашиш
- Тўрт мазҳабнинг ҳаммаси ҳақ
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
«Ислом Овози» телеграм канали
https://telegram.me/islomovozi