Оиша онамизнинг фазилатларидан бир шингил
9-сўровнома ва унинг жавоби: Сиддиқа бинти Сиддиқ ким?
Тўғри жавоб:
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо.
Уммул-мўминин Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг фазилатлари ҳақида бир қанча ояти карималар, ҳадиси шарифлар ва саҳиҳ ривоятлар собит бўлган.
СИДДИҚА деб лақабланишлари учун Аллоҳ таоло у зотни пок эканликларини тасдиқ этиб, Ўзи гувоҳлик бериб, ояти карималар нозил қилгани сабаб бўлган.
БИНТИ СИДДИҚ дейилиши сабаби, оталари Абу Бакр розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари Ас-Сиддиқ деб номлаганликлари маълум ва машҳур.
Оиша онамизнинг бошларидан ўтган энг улкан имтиҳонлардан бири ИФК – БЎҲТОН ҳодисаси бўлган. Бу ҳодисада у зотни мунофиқлар зино билан айблаб, бир қабиҳ туҳмат тўқиб чиққанлар.
Уни эшитган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, Оиша онамиз ҳам, Абу Бакр Сиддиқ ҳам ва бошқа мўмин-мусулмонлар ҳам ниҳоятда изтиробда қоладилар. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг буюк ҳикматига биноан орадан бир ой вақт ўтказиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Нур сурасидан ўнта оят (11-оятдан 20-оятгача) нозил қилади, Қиёматга қадар тиловат қилиб туриладиган ушбу муборак ояти карималарда Оиша онамизнинг покликларини намойиш этади ҳамда бўҳтончиларнинг ҳар бири учун қилган гуноҳларига яраша жазо берилиши, уларнинг каттаси (Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул) учун эса Охиратда улкан азоб борлиги ҳақида хабар беради.
Аллоҳ таоло бу можарони мўминлар учун ёмонлик эмас, балки яхшилик, деб атайди.
Биз бу ўринда қиссага жуда ҳам қисқа тарзда ишора қилиб қўйдик холос. Аслида ҳар бир мусулмон киши, айниқса толиби илмлар Қуръони карим, мўътабар тафсирлар, Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳи Муслим ва уларнинг шарҳларига қайтиб, ундан олинадиган кўпдан-кўп ибрату ҳикматларни ўрганиб чиқишлари лозим.
Ҳозир эса Оиша онамиз ва у кишининг оталари Абу Бакр ҳақларида қуйидаги битта ҳадиси шарифни зикр қилиш билан чекланамиз:
بعث رسولَ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم عمرَو بنَ العاصِ على جيشِ ذاتِ السلاسلِ . قال : فأتَيتُه فقلتُ : أيُّ الناسِ أحَبُّ إليك ؟ قال : «عائشةُ» . قلتُ : منَ الرجالِ ؟ قال : «أبوها» . قلتُ : ثم مَن ؟ قال : «عُمَرُ». فعَدَّ رجالًا ، فسكَتُّ مَخافَةَ أن يجعَلَني في آخِرِهم .
متفق عليه.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Амр ибнул Ос розияллоҳу анҳуни Зотус-салосил ғазотига қўмондон қилиб юбордилар. Шунда Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб сўрадилар: Сизга энг суюкли инсон ким?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бериб: Оиша , дедилар.
Амр розияллоҳу анҳу яна сўрадилар: эркакларданчи?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: унинг отаси!
Амр розияллоҳу анҳу: у кишидан кейинчи?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Умар!
Амр яна «у кишидан кейинчи» деб савол беришда давом этарканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бир нечаларини санаб ўтдилар.
Амр розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни ривоя қила туриб: шунда мени энг охирги ўринда зикр қилишларидан қўрқиб савол беришдан тўхтадим, дедилар.
(Муттафақун алайҳи).
Алоқадор мавзулар:
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша онамизга уйланишларини қандай тушунамиз?
- Қизларни 9 ёшдан турмушга бериш ҳукми қандай?
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•
«Ислом Овози» телеграм канали