“Отам билан соқол масаласида келиша олмаяпмиз”
Савол: Дин учун қилаётган хизматингиздан Аллоҳ рози бўлсин. Сиздан соқол хақида сўрамоқчи эдим. Мен 24 ёшдаман. Шу ёшда Аллоҳнинг байтига 2 маротаба борганман. Соқол қўйиш суннат дейилганини эшитганман. Шу сабабли суннатга эргашган ҳолда соқолни қисқа бўлса ҳам қўйишга ҳаракат қилаётган эдим. Аммо уйдагилар қаршилик кўрсатаяпти. Айниқса отам «Ҳали ёшсан, биз қўймаган соқолни сенга ким қўйибди …» деган сўзлар… Отамга диндан гапирсангиз, «Ҳозиргиларни айтганини қилсанг, униси ундай, буниси бундай дейди», деган баҳоналарни қиладилар. Отам хали 5 маҳал намоз ўқимайди. Шу масалага жавоб беришингизни сўрайман.
Муҳаммаджон.
Жавоб: Аллоҳ иймонингиз ва сабрингизга зиёдалик ато этсин. Зиёрат ва ибодатларингизни қабул айласин. Сиз отангизга доимо яхши муомала қилинг. Агар у киши билан битта масалада келиша олмасангиз, ундан бошқа ўнта масалада келишадиган бўлинг. Яъни ота-онангиз билан келишмовчиликдан кўра келишадиган ишларингизнинг кўп бўлишига ҳаракат қилинг. Келишса бўладиган ишлар эса алҳамдулиллоҳ кўп. Аммо кўп одам бунга эътибор бермайди.
Мўмин одам Аллоҳ буюрган солиҳ амалларнинг ҳаммасини бажаришга ҳаракат қилади. Бу амаллар бир-бирига боғлиқдир. Аллоҳ Бану Исроил мисолида бизга ҳам насиҳат қилади:
وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَ بَنِي إِسْرَائِيلَ لَا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ ثُمَّ تَوَلَّيْتُمْ إِلَّا قَلِيلًا مِنْكُمْ وَأَنْتُمْ مُعْرِضُونَ (83)
Эсланг, Бану Исроилдан Аллоҳдан бошқага ибодат қилманглар, ота-онага, қариндошларга, етимлар ва мискинларга яхшилик қилинглар, одамларга яхши сўз айтинглар, намозни қойим этинглар, закотни адо қилинглар, деб аҳду паймон олган эдик… (83).
Инсон Ислом йўлига кирар экан, албатта синовларга ва қаршиликларга дучор бўлади. Бу йўлда сабрли бўлишга тўғри келади. Сабр йўлагини босиб ўтмагунча иймон сайқал топмайди. Сабр деганимиз эса Аллоҳ йўлида собит турган ҳолда дилни чиройли сақлаш ва тилни қўпол сўздан тийиш билан амалга ошади. Айрим одамлар дин йўлида амал қилаяпман деган иддао билан тилига эрк беради. Зарарли низоларга киришиб кетади. Булар сабри йўқ одамлардир.
Сиз Аллоҳ ва Расулнинг айтганларини бажаринг, ота-онангизни розилигини олишга ҳаракат қилинг. Отангиз қаттиқ сўз айтганда ҳам сиз ширин сўзлик ва мулойимлик билан жавоб қилинг. Кўпроқ самимий суҳбатлар қуринг. У кишининг вақти чоғ бўлган пайтларини топиб, Исломдаги чиройли воқеалардан ҳикоялар айтиб беринг. Ҳадялар ва яхши муомалалар билан у инсоннинг кўнглини ўзингизга мойил қилишга интилинг. Яхши жойларга сайр-саёҳатлар қилдиринг. Шунда иншоаллоҳ у киши ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб қиладилар, секин асталик билан сизнинг ишларингизга йўл очиб берадилар.
Отангизнинг ҳақ йўлга киришлари сизнинг улуғ мақсадларингиздан бири бўлсин. Мақсадга эришиш учун муҳтожларга садақалар бериш, нафл рўзалар тутиш, тунлари таҳажжуд ўқиб, у инсоннинг ҳақларига дуолар қилиш эсингиздан чиқмасин.
Аллоҳдан сизга ва отангизга комил ҳидоят сўраймиз.