“Ислом динига мос фамилия қанақа бўлади?”
Савол: Мен Салоҳиддин Фахриев, Ўзбекистонданман. Менга Аллоҳ таоло ўғил фарзанд ато этди. Анча йиллардан бери Аллоҳ таолодан сўраб юргандим. Исмини Муҳаммаджон деб қўяман деб ният қилиб Аллоҳдан сўраб юрибман, фамилиясини ҳам мусулмонча қўяман деб ният қилганман. Лекин биласиз, менинг фамилиям руслар ўзгартирган фамилия. Агар ислом динига мос фамилия бўлса қанақа бўлади? Шуни тушунтириб берсангиз. Катта раҳмат. Аллоҳ сиздан рози бўлсин.Салоҳиддин.
Жавоб: Сизга улуғ неъмат – фарзанд муборак бўлсин. Аллоҳ ўғлингизни солиҳ инсонлардан бўлишини насиб этсин. Унинг исмини Муҳаммад деб қўйишингиз жуда яхши. Аммо охирига «жон» қўшимчасини тиркаш шарт эмас. Муҳаммаднинг ўзи ниҳоятда чиройли исм. Муҳаммад – Расулуллоҳнинг исмлари.
«Фамилия» сўзи лотинчадан олинган бўлиб, инсоннинг оиласи ва наслу насабини англатади. Арабчада фамилияни «исмул-оила» (оиланинг исми) дейишади. Ислом динида насаб муҳим аҳамиятга эга эканидан инсон ўзининг исмини чиройлироқ исмга алмаштириши мумкину аммо фамилиясини ўзи истаганча дуч келган исмга ўзгартириши мумкин эмас. Чунки бунда у ўзининг насабини ўз отаси бўлмаган бошқа бир бегонага нисбат берган бўлиб қолади ва бу катта гуноҳлардан биридир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَا تَرْغَبُوا عَنْ آبَائِكُمْ فَمَنْ رَغِبَ عَنْ أَبِيهِ فَهُوَ كُفْرٌ. صحيح البخاري 17 / 100.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Оталарингиздан юз ўгирмангиз, кимки ўз отасидан юз ўгирса, бу иш куфрдир». Саҳиҳул Бухорий, 17/100.
Демак фамилияни исломий ёки ноисломийга ажратиш мантиқсиздир. Мусулмон одамдан ўз фамилиясини бошқа исмга ўзгартириш талаб қилинмайди. Аммо фамилияни ўзининг тилига, урф-одатларига мослаштириш мумкин. Отаси ўзбек ва мусулмон бўлган инсоннинг фамилияси ҳам миллатига далолат қилиб тургани яхши. Шунинг учун сиз айтган руслар киритган тартиб бўйича охири «ов», «ев» каби қўшимчалар билан тугалланадиган фамилияларни ҳар бир миллат ўзининг тилига мувофиқлаштириб олиши мумкин. Бу отасининг исмини ўзгартиришга кирмайди.
Фамилия ёки оила исмини қандай шаклга келтириш афзал деган масалага келсак, бу ишнинг ҳам алҳамдулиллоҳ, доираси кенг. Масалан, туркий халқлар, жумладан ўзбеклар фамилия ўрнида «фалончи фалончи ўғли» деган шаклни ҳам қўллашган. Эски ўзбек шоири Завқийнинг исми Убайдуллоҳ Солиҳ ўғли, Фурқатнинг исми Зокиржон Холмуҳаммад ўғли бўлган.
Ёки аввал ўзининг исми, кейин отасининг исми, ундан сўнг оила исми (фамилия) учун аждодлардан бирининг исмини келтириш мумкин. Татар уламоларидан бирларининг исми Санъатуллоҳ Неъматуллоҳ ўғли Бекпўлат бўлган. Бекпўлат у кишининг оила исми яъни фамилияси бўлган. У инсоннинг кўп асарлари устига Санъатуллоҳ Бекпўлат деб ёзилган.
Баъзи одамлар эса фамилия сифатида оталаридан бирининг исми охирига «ий» қўшимчасини киритадилар. Масалан, Абдулла Қодирий, Мирзакалон Исмоилий каби. Бу услуб бизга саҳобалардан келган.
Шунга кўра сиз ўғлингизнинг туғилганлик гувоҳномасига Муҳаммад Салоҳиддин ўғли, деб ёки Муҳаммад Салоҳиддин ўғли Фахрий, деб ё эса Муҳаммад Фахрий, деб ном беришингиз мумкин.