Муттафақун алайҳи ҳадислар ҳақида

«Маълумотингнизни текшириб олинг» силсиласи

8-сўровнома:

Мусталаҳул-ҳадис илмига асосланиб «муттафақун алайҳи» дейилганда нима кўзда тутилади?

Тўғри жавоб: имом Бухорий ҳам имом Муслим ҳам ривоят қилган ҳадиси шариф.

Имом Суютий «Тадрибур-ровий» китобларида айтадилар:

أول مصنف في الصحيح المجرد صحيح البخاري ثم مسلم، وهما أصح الكتب بعد القرآن.

الصحيح أقسام

أعلاها ما اتفق عليه البخاري ومسلم ثم ما انفرد به البخاري ثم مسلم ثم على شرطهما ثم على شرط البخاري ثم  مسلم ثم صحيح عند غيرهما، وإذا قالوا صحيح متفق عليه أو على صحته فمرادهم اتفاق الشيخين(البخاري ومسلم).

Фақат ва фақат саҳиҳ ҳадисларнинг ўзини жамлаб чиқилган энг биринчи китоб Саҳуҳул Бухорий, ундан кейин Саҳиҳи Муслим. Ушбу икки китоб Қуръони каримдан кейинги даражада турадиган, китобларнинг ичидаги энг саҳиҳ китобдир.
Саҳиҳ ҳадислар бир неча қисмга ажратилади:
1. Уларнинг энг олийси Бухорий ва Муслим иттифоқ қилганларидир
2. Ундан кейин Бухорийнинг ўзлари ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар
3. Ундан кейин Муслимнинг ўзлари ривоят қилган саҳиҳ ҳадислар
4. Ундан кейин Бухорий ва Муслим саҳиҳ ҳадис деб эътиборга олиш учун қўйган шартларига тўғри келадиган ҳадислар
5. Ундан кейин Бухорийнинг шартларига тўғри келадиган ҳадислар
6. Ундан кейин Муслимнинг шартларига тўғри келадиган ҳадислар
7. Ундан кейин бошқа муҳаддис уламолар саҳиҳ деб айтган ҳадислар
(Муҳаддислар қайсидир бир ҳадис ҳақида: бу ҳадис) «саҳиҳун муттафақун алайҳи» ёки «муттафақун ало сиҳҳатиҳи» деб айтсалар, бас, уларнинг мақсадлари шайхайн (мана шу икки шайх – Бухорий ва Муслим) иттифоқларидир.

Имом Ибнус Салоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

قال ابن الصلاح: يلزم من اتفاقهما (أي البخاري ومسلم) اتفاق الأمة عليه لتلقيهم بالقبول.

«Иккалаларининг (яъни, Бухорий ва Муслимнинг) иттифоқлари бутун умматнинг иттифоқини англатади. Чунки уммат Бухорий ва Муслимнинг ривоятларини (бир овоздан) қабул қилганлар».

Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳи Муслимдаги ҳадиси шарифларнинг саҳиҳлиги шу даражада аниқки, ҳатто имомул ҳарамайн Ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ у ҳақда мана бундай деганлар:

قال إمام الحرمين الجويني: لو حلف إنسان بطلاق امرأته أن ما في الصحيحين مما حكما بصحته من قول النبي صلى الله عليه وسلم لما ألزمته الطلاق لإجماع علماء المسلمين على صحته.

«Биров қасам ичиб: «Саҳиҳайнда имом Бухорий ва имом Муслим саҳиҳ ҳадис деб ривоят қилган ҳадислар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари (Расулуллоҳдан чиққан) бўлмаса хотиним талоқ бўлсин», деса хотини талоқ бўлмайди, чунки мусулмонларнинг уламолари Саҳиҳайндаги ҳадислар саҳиҳ эканига ижмоъ – иттифоқ қилганлар».

Ислом уламолари ҳеч кимга ҳеч қачон кўр-кўрона эргашмаганлар ва асло эргашмайдилар ҳам. Улар Бухорий ва Муслим ривоятларини бу даражада қатъий ишонч билан бир овоздан қабул қилишларининг сабаби, чунки бу китоблардаги ҳар бир ҳадисни ва уларнинг санадларидаги ҳар бир ривоятчини асрлар оша синчковлик ила текшириб чиққанлар. Ана шундан кейингина мана шундай хулосага келганлар.

Баъзи залолатга кетган кимсалар ноқис ақллари билан саҳиҳ ҳадислардан хато топишга уринишлари ўзларини ўзлари шарманда қилишдан бошқа нарса эмас.

На Қуръони карим оятларига ва на ҳадиси шарифларга ҳар ким ўзича изоҳ бериши жоиз эмас, асло.

Соғлом ақл ҳар бир илмни ўзининг мутахассисларидан ўрганишни тақозо қилганидек, Қуръон ва Суннат илмларини ҳам тўғри ва чуқур англаш учун Ислом уламолари эътироф этадиган мутахассис устозлардан ўрганиш зарур.

Парвардигоримиз Ўзи бизларни ҳақ йўлдан адаштирмасин…

•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•

«Ислом Овози» телеграм канали

https://telegram.me/islomovozi