Мажбурлик ҳолатида ҳаром таом ейишга рухсат берувчи оятнинг маъноси

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: Мен Кореяда ишлайман. Биз ишлаётган жойда ўзимиз овқат қилиб ейишимиз учун шароит йўқ. Шунинг учун умумий ошхонадан овқатланамиз. Албатта ҳаром ва ҳалолнинг фарқига борган ҳолда иншаоллоҳ. Яқинда бир биродаримиз ҳатто товуқ гўштини ҳам емайман, фақат гуруч ейман деб қолди, лекин сабабини айтмади. Кейин мен ушбу оятни ўқиб қолдим. «Албатта, У зот сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқанинг гўштини ва Аллоҳдан бошқага сўйилганни ҳаром қилди. Кимки мажбур бўлсаю, зулм қилмай, ҳаддан ошмай (еса), унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир.» (Бақара сураси 173-оят).

Сўрамоқчи бўлганим – бу ерларда товуқ ва моллар «Бисмиллаҳ», «Аллоҳу акбар» деб сўйилмайди. Шу сабабли ҳам уларни ейиш мумкин эмасми? Илтимос, батафсилроқ жавоб берсангиз.

Отабек.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизларга ҳалол ва баракали ризқу насиба ато айласин.

У Зот Бақара сурасида марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ (172) إِنَّمَا حَرَّمَ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةَ وَالدَّمَ وَلَحْمَ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ بِهِ لِغَيْرِ اللَّهِ فَمَنِ اضْطُرَّ غَيْرَ بَاغٍ وَلَا عَادٍ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ (173) (البقرة)

Эй иймон келтирган зотлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покизаларидан енгиз ва агар Аллоҳга ибодат қилмоқчи бўлсангиз, Унга шукр қилингиз. (172). У сизларга фақат ўлимтикни, қонни, чўчқа гўштини, Аллоҳдан бошқанинг номи айтиб сўйилган ҳайвонни ҳаром қилди. Бас, кимки зулм қилмаган ва ҳаддан ошмаган ҳолда мажбур бўлиб қолиб еса, унга бирор гуноҳ йўқ. Албатта Аллоҳ Ғафурдир, Раҳиймдир. (173).

Маълумки, 173 оятдаги «мажбур бўлиб қолса» деган ибора зарурат ва мажбурлик ҳолатини назарда тутади. Зарурат ёки мажбурлик ҳолати қандай бўлади? Бунга тафсир китобларида мана бундай шарҳ берилган:

Ал-жазоирий: «Зарурат дегани ҳалок бўлиш хавфидир».

Ал-важиз Лилвоҳидий: «Кимдир уни тановул қилишга мажбурласа…»

Демак, мажбурлик дегани ўлимга олиб борадиган очлик ёки ташналик ҳолати ё эса биров томонидан оғир оқибатларни келтириб чиқарадиган даражада мажбурланиш вазиятидир.

Яна шу оятдаги «золим ва ҳаддан ошувчи бўлмаган ҳолда» деган иборага муфассирлар қуйидагича маъноларни беришган:

Ат-тафсирул-муяссар: «Аллоҳнинг сизларга қилган марҳамат ва енгилликларидан бири шуки, У мазкур ҳаром нарсаларни зарурат пайтида ейишга рухсат берди. Бас, зарурат кимни мажбур қилса, ейишда эҳтиёждан ошиб кетмаган, Аллоҳ белгилаган рухсат чегараларини бузмаган ҳолда бўлса, унга бу ишда ҳеч бир гуноҳ йўқдир».

Ибн Касир: «Ато АлХурсоний деди: ўлимтикни оловда пиширмайди. Ундан фақат бир икки тишлам ейди…  Ибн Аббос айтди: унга қорнини тўйғазиб олмайди».

Айсарут-тафосир: «Кимни зарурат мажбур қилган бўлса, яъни у ҳалок бўлишдан қўрқса, ейди ва унга гуноҳ бўлмайди. Бунинг шарти шуки, у ўз сафарида мусулмонларга зулм қилаётган ва қароқчилик қиладиган бўлмаслиги керак».

Бу ерда оч қолган одам Аллоҳ берган рухсатдан фойдаланиш учун Аллоҳга жиноят, гуноҳ содир этаётган бўлмаслиги кераклиги айтилган.

Ал-мунтахаб: «Жоҳилият йўлидан сақлансин, яъни бу ҳаром нарсаларга интилиш ва қизиқишдан узоқ бўлсин. Тановул қилишда очлигини тўсадиган миқдордан ўтиб кетмасин».

Энди товуқ ва бошқа ҳалол жониворларга келсак, уларни сўйиш шартларидан бири сўяётган пайтда «Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар» дейишдир. Иккинчиси эса Ислом шариати кўрсатган тартибда бўйиндаги икки қон томирини кесиб сўйишдир.

Сиз яшаб, ишлаётган Кореядан ҳалол таомлар масаласида савол юбораётганларга ёрдам бўлсин учун Муҳаммад исмли биродар бизга мактуб ёзган эди. У кишининг рисоласини биз  «Корея ҳақида маълумот бермоқчиман» деган сарлавҳа остида эълон қилганмиз. (15.10.2009). Сизга ҳам ўша хатни ўқиб кўришни маслаҳат берамиз.