Сигарет таҳоратни бузадими?

Савол: Менинг дадам Аллоҳнинг иродаси билан яқинда намоз ўқишни бошлади, лекин сигарет чекади. Сигарет таҳоратни бузишлиги ҳақида далил айтиб берсангиз. Мендан эшитгани қониқтирмаяпти.

Абдулҳаким.

Жавоб: Дадангизнинг Аллоҳга таслим бўлиб, Унинг ибодатига киришганлари  у кишига ҳам, сизга ҳам муборак бўлсин. Дадангизнинг сигарет чекишига келсак, иншоаллоҳ бу одат ҳам вақти билан барҳам топиб кетади. Сиз сабр ва чиройли муомала билан у кишига тўғри маслаҳатлар бериб борасиз.

Сигарет ҳақида уламоларнинг хулосалари шуки, бу амал ҳаром амал, ундан узоқ бўлиш лозим, аммо сигарет чекиш таҳоратни бузадиган ишлар қаторига кирмайди.

Сигарет чекадиган одам шуни яхши тушуниши зарурки, у доимо ўзининг атрофидагиларга озор етказмаслик ҳақида жиддий фикр қилиб юриши лозим. Чунки, ҳаммага маълум, бундай кимсанинг оғзидан бадбўй ҳид келиб туради. Ёқимсиз ҳиддан одамлар ҳам, малоикалар ҳам озор чекишади. Бу эса инсоннинг гуноҳ олишига сабаб бўлади.

Ислом одамларни барча зарарли ва нопок нарсалардан қайтаради. Сигаретнинг молга, тану жонга, ахлоққа ва жамиятга келтирадиган зарарлари ниҳоятда улкандир. Бугунги кунда бу ҳақдаги маълумотлар мусулмонга ҳам, номусулмонга ҳам баробар маълум бўлган оддий ҳақиқатга айланган. Шунга кўра ақли расо инсон бу хунук амалдан ўзини ҳам, фарзандларини ҳам эҳтиёт қилади. Сигаретнинг ҳаром эканини болаларига тушунтириб боради. Мабодо ўзи ёшлик пайтида тўғри йўл кўрсатадиган одам бўлмай ёки ота-она тарбиясини қабул қилмай бу ёмон одатга гирифтор бўлиб қолган бўлса, тушунгандан кейин иложи борича тезроқ воз кечишга ҳаракат қилади.

Аллоҳ барча мусулмонларга комил ҳидоят ва тўғри фикрлаш неъматини ато айласин.