Ётган ҳолда Қуръони каримни эшитса бўладими?

Савол: Дин учун қилаётган хизматингиздан Аллоҳ рози бўлсин. Қуръони каримни ётган ҳолда эшитса бўладими? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Абдуллоҳ.

Жавоб: Яхши тилакларингиз учун ташаккур.

Қуръони карим Аллоҳнинг каломи бўлгани сабабидан унинг ҳурмати ҳар бир мусулмон учун фарздир. Қуръони каримнинг ҳурмати уни тиловат қилиш, эшитиш ва унга амал қилиш билан бўлади.

Қуръон ўқилаётган пайтда қандай муносабатда бўлишимиз лозимлиги ҳақида Аллоҳ марҳамат қилади:

{ وَإِذَا قُرِئَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُوا لَهُ وَأَنْصِتُوا } (الأعراف / 204)

«Агар Қуръон ўқилса, бас унга қулоқ солинглар ва тинчлик сақланглар, шоядки раҳм қилинсангизлар». (Аъроф/204).

Бу оят имом намозда қироат қилаётган пайтда муқтадийнинг унга қулоқ солиб жим туриши фарз эканини англатади. Аммо намоздан ташқари ҳолатда Қуръон тиловатига қулоқ солиш масаласида эса бир неча хил ижтиҳодлар мавжуд.

Жумладан, «Ал-мавсуатул-фиқҳийя»да «Намоздан ташқари ҳолатда Қуръонга қулоқ солишнинг ҳукми» деган фаслда ёзилади:

«Агар бирор шаръий узр бўлмаса, Қуръон ўқилаётган пайтда унга қилоқ солиш вожибдир»… «Ибн Обидийннинг зикр қилишларича, агар Қуръон тиловати иш жойларида баланд овозда содир бўлса ва эшитувчи иш билан банд бўлиб, тиловатга қулоқ солмаса, гуноҳкор бўлмайди. Аксинча Қуръон ўқиган одам гуноҳкор бўлади».

Демак, инсон Қуръон тиловати эшитиш учун муносиб муҳит ёки шароит танлаши, тиловатга иложи борича қулоқ солиши лозим. Номуносиб шароитда тиловатни тўхтатиш ёки ўчириш керак. Кассетада қироатни баланд қилиб қўйиб, одамлар билан гаплашиб ўтириш тўғри эмас. Аммо бирор юмушни бажараётган пайтда магнитофон ёки радио орқали таралаётган тиловатни тинглаб туриш жоиз.

«Агар уйқуни кутиб, ёнбошлаб ётган ва тиловат эшитаётган бўлса, зарари йўқ. Агар мубоҳ ишларни қилишда Каломуллоҳни эшитиш унга ёрдам бўлса, бунга ҳам монеълик йўқ». (Ибн Усаймин, «Лиқоул-бобил-мафтуҳ»).