“Қариялар жумъа куни ош дамлаб ейишни одат қилишди”
Савол: Биз томонларда масжидда ёши улуғ отахонлар жумъа намозида навбат билан ош дамлаб ейишни одат қилиб олишаяпти.
Жумъани тугатиб бўлиб ош ейишади. Шунга нима дейсиз? Бориб-бориб жумъа намозига эмас, жумъа ошига деб чиқиб кетиш одат бўлиб қолмайдими? Улар иймон билан намоз ўқишга бормай ош ейишга бориб қолишмаяптими? … Анвар. Жавоб: Қарияларнинг жумъа куни ош дамлаб ейишларида иншоаллоҳ ҳеч қандай зарар йўқ, бемалол еяверишсин, еган – ичганлари ош бўлсин. Расулуллоҳ замонларида ҳам саҳобалар жумъа намозидан сўнг бир кекса аёлнинг уйида таом ейишга бир мунча вақт одатланишгани ривоят қилинган ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмаган.
عَنْ ابْن أَبِي حَازِمٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ سَهْلٍ قَالَ كُنَّا نَفْرَحُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ قُلْتُ وَلِمَ قَالَ كَانَتْ لَنَا عَجُوزٌ تُرْسِلُ إِلَى بُضَاعَةَ قَالَ ابْنُ مَسْلَمَةَ نَخْلٍ بِالْمَدِينَةِ فَتَأْخُذُ مِنْ أُصُولِ السِّلْقِ فَتَطْرَحُهُ فِي قِدْرٍ وَتُكَرْكِرُ حَبَّاتٍ مِنْ شَعِيرٍ فَإِذَا صَلَّيْنَا الْجُمُعَةَ انْصَرَفْنَا وَنُسَلِّمُ عَلَيْهَا فَتُقَدِّمُهُ إِلَيْنَا فَنَفْرَحُ مِنْ أَجْلِهِ وَمَا كُنَّا نَقِيلُ وَلَا نَتَغَدَّى إِلَّا بَعْدَ الْجُمُعَةِ. )صحيح البخاري – 15/ 544(
Абу Ҳозим отасидан, отаси Саҳлдан ривоят қилади. Саҳл деди: "Биз агар жумъа куни бўлса хурсанд бўлардик". Мен сўрадим: "Нима учун?" У айтди: "Биз танийдиган бир кампир бўлар эди. У Бузоа деган қудуқ ёнидаги хурмозор боғдан силқнинг илдизларидан олиб келтириб, қозонга ташлаб, бир неча арпа донлари билан бирга пиширарди. Биз жумъани ўқиб бўлсак, қайтишда у аёлга салом берардик. Шунда у бизга пиширган овқатини берарди. Шундан хурсанд бўлардик. Биз жумъа ўқилмагунча дам ҳам олмасдик, овқатланмасдик ҳам". (Саҳиҳул-Бухорий). Жумъа мусулмонлар учун улуғ кун. Бу кунда Аллоҳнинг ибодати билан бир қаторда дўсту биродарларнинг зиёратида, солиҳ инсонларнинг суҳбатида бўлиш савобли иш. Жумъа куни байрам ҳам. Шунинг учун бу куни рўза тутиш мумкин эмас. Бемаъни ўлтиришлардан кўра отахонларнинг ўзларини ўзлари меҳмон қилишлари яхши иш. Агар баъзи-баъзида бўлса-да, уларга йигитлар ҳам ош дамлаб беришса, яна яхши. Бундай ўлтиришларнинг ҳаққи шуки, ғийбат ва бефойда сўзлардан сақланиш, ухровий ёки дунёвий манфаат келтирадиган ишлардан суҳбатлашиш лозим.