Нур, Уҳуд ва Тур тоғлари ҳақида мухтасар маълумот
«Маълумотингизни текшириб олинг» силсиласи
7-сўровнома ва унинг жавоби: «… бизни севадиган, биз ҳам уни севадиган тоғ». Ушбу ҳадисда қайси тоғ кўзда тутилган?
Тўғри жавоб: Уҳуд тоғи
Сўровномада зикр қилинган учта тоғ ҳақида қисқача маълумот:
1. Ҳиро ғори жойлашган Нур тоғи:
Маккаи мукаррамадаги ушбу муборак тоғда Аллоҳ таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарига энг биринчи ваҳйини нозил қилган.
Оламларга раҳмат-марҳамат қилиб юборилган расули акрам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Алақ сурасининг қуйидаги илк ояти карималарини Аллоҳ таоло томонидан Жаброил алайҳиссалом олиб келганлар:
{اقرأ باسم ربك الذي خلق * خلق الإنسان من علق * اقرأ وربك الأكرم * الذي علم بالقلم * علم الإنسان ما لم يعلم}. الآيات.
«1. (Эй Расулуллоҳ, барча мавжудотни) яратган Зот бўлмиш Раббингиз номи билан (бошлаб) ЎҚИНГ! 2. У инсонни алақдан (лахта қондан) яратган (Зотдир). 3-4. ЎҚИНГ! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қалам билан таълим берган ўта карамли зотдир. 5. У Зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди».
Ислом дини биринчи ўринда Аллоҳнинг номи билан ўқиш – илм олишга буюриб келар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нур тоғидаги Ҳиро ғори ичида Ягона Аллоҳ таолонинг Ўзига Аллоҳ Ўзи у кишининг қалбларига илҳомлантирган тариқада ибодат қилиб турган эдилар.
Бу тоғни НУР деб номланиши Аллоҳ ҳидоят нурларини дунё аҳлига мана шу ердан тарқата бошлагани бўлса ажаб эмас.
Валлоҳу аълам.
2- Уҳуд тоғи:
Мадинаи мунавварада жойлашган бу муборак тоғ деярли барча мусулмонлар учун маълум ва машҳур. Зеро, у ҳақда собит бўлган ривоятлар ва қиссалар жуда ҳам кўп.
Биз бу ерда фақат сўровномада айтилган ҳадис билан чекланмоқчимиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарлардан қайтишларида Мадинаи мунавварага яқинлашиб, Уҳудга кўзлари тушиши билан айтар эдилар:
«هذا جَبَلٌ يُحِبُّنا ونُحِبُّه، اللهم إن إبراهيمَ حَرَّمَ مكةَ، وإني أُحَرِّمُ ما بين لابَتَيْها».
رواه البخاري والترمذي وغيرهما.
«Мана бу (Уҳуд) бизни севадиган, биз ҳам уни севадиган тоғ. Эй Аллоҳ, шубҳасиз Иброҳим Маккани ҳарам қилиб беришингни сўраган, мен Мадинани ҳарам қилиб беришингни сўрайман».
(Бухорий, Термизий ва бошқа муҳаддисларнинг ривоятлари).
Имом Ибн Ҳажар ҳадиси шарифнинг шарҳида айтадилар:
Уҳуд жаннат тоғларидан, Абу Абс ибн Жабр ривоят қилган ҳадисда собит бўлганидек:
«جبل أحد يحبنا ونحبه وهو من جبال الجنة» أخرجه أحمد.
«Уҳуд тоғи бизни севади, биз ҳам уни севамиз. У жаннат тоғларидандир».
Уҳуд тоғини яхши кўришга тарғиб этилиши Ислом динида Аллоҳнинг тавҳидига бўлган иймон нақадар мукаммал бўлиши лозимлигини кўрсатадиган далил-исботлардан биридир.
Чунки, тавҳиди мукаммал бўлмаган кимса бирор бир жойда бир нохуш ҳодиса рўй берса ана шу ердан шумланадиган, у жойни ёмон кўрадиган ва унга умуман яқинлашмайдиган бўлиб қолади.
Маълумки, Уҳуд тоғининг ёнида рўй берган Уҳуд жангида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар жуда катта талофат кўришган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли амакилари асадуллоҳ Ҳамза ибн Абдулмутталиб ва Мадина аҳлига Ислом ва Қуръондан дарс берган илк устозлари Мусъаб ибн Умайр каби энг улуғ 70 та саҳобий шаҳид бўлганлар ва ўша ерга дафн қилинганлар.
Шундай бўлишига қарамасдан, мўмин-мусулмонларнинг Уҳуд тоғига бўлган муҳаббатларидан зарра миқдорича ҳам камаймаган. Зеро, бу мусибатларнинг рўй беришида Уҳуд тоғининг ҳеч қандай айби ёки таъсири бўлмаган, балки барча нарсалар Ягона Аллоҳ таолонинг етук ҳикматларига биноан тақдир қилинган.
Биров «тоғу тошдан иборат бўлган жамодотдан севги каби маънавий туйғулар қандай содир бўлиши мумкин» деб сўрайдиган бўлса, унинг жавоби шуки:
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
«Кўзнинг кўриш чегараси бўлгани каби, ақлнинг ҳам илғаш ҳудуди бор».
Биз Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикмати чексиз эканлигига иймон келтирган мусулмонмиз. Аллоҳ хабар берган барча нарсалар ҳаққу ростдир, гарчи ожиз ақлимиз уларнинг кайфийятини (қандай рўй беришини) тасаввур қила олмаса ҳам.
3- Тур тоғи:
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Тур сурасини «ТУР»га қасам ичиш билан бошлаган.
Маълумки, бандалар Аллоҳдан ўзга ҳеч кимга ва ҳеч нарсага қасам ичишлари жоиз эмас. Кимки Аллоҳнинг исм ва сифатларидан бошқа нарсага қасам ичса У Зотга ширк келтирган бўлади.
Парвардигор эса Ўзи хоҳлаган нарсасига қасам ичиши мумкин ва У Зот фақат Ўзининг буюк ва улкан махлуқотларигагина қасам ичган.
Қасам билан нозил қилинган оятлар ана шу оятлар ортидан зикр қилинган мавзулар нақадар муҳим ва долзарб эканига далолат қилади.
ТУР тоғи муборак тоғлардан, лекин шариатимизда у ерга бориб, бирор муайян ибодатни бажаришга ҳеч қандай тарғибот келмаган.
Тур тоғининг мубораклиги қуйидагича:
1. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан бевосита гаплашганда Мусо алайҳиссалом ана шу ерда бўлганлар.
{وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مُوسَىٰ ۚ إِنَّهُ كَانَ مُخْلَصًا وَكَانَ رَسُولًا نَّبِيًّا (51) وَنَادَيْنَاهُ مِن جَانِبِ الطُّورِ الْأَيْمَنِ وَقَرَّبْنَاهُ نَجِيًّا}.
[مريم: 51-52]
«(Эй Расулуллоҳ, ушбу) Китобда Мусо (қиссасини) ёдга олинг! Дарҳақиқат у танлаб олинган элчи-пайғамбар эди. 52. Биз унга Тур (тоғининг) ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик».
(Марям сураси, 51-52 оятлар).
2. Аллоҳ таоло Тур тоғи орқали Бани Исроил қавмига Ўзининг баъзи мўъжизаларини намойиш этган.
Бу ҳақда ҳам ояти карималар бор, жумладан Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
{وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَاقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ الطُّورَ خُذُوا مَا آتَيْنَاكُمْ بِقُوَّةٍ وَاذْكُرُوا مَا فِيهِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ}.
[البقرة: 63].
«Эсланг (эй бани Исроил), Биз аҳду паймонингизни олгандик ва устингизда Тур тоғини кўтариб туриб, «Келтирган нарсамизни (Тавротни) маҳкам ушланг ва ундаги бор нарсани ёдингизда тутинг — шояд тақво эгаларидан бўлсангиз», дегандик».
(Бақара сураси, 63 оят).
3. Тур тоғи ва унинг атрофида бир қанча фойдаларга эга бўлган зайтун дарахти кўпроқ ўсади. Айрим мутахассислар айтишларича, дунёга тарқаган зайтун дарахтларининг уруғи ҳам Турдаги дарахтлардан олинган экан. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ айтади:
{وَشَجَرَةً تَخْرُجُ مِن طُورِ سَيْنَاءَ تَنبُتُ بِالدُّهْنِ وَصِبْغٍ لِّلْآكِلِينَ}.
[المؤمنون: 20].
«Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғли ва егувчилар учун (нон) хуруш бўлган ҳолда ўсадиган бир дарахтни (яъни зайтунни яратдик)».
(Муъминун сураси, 20 оят).
Сайно ва Тур тоғи Шом диёрида жойлашганлигига иттифоқ қилинган. Бироқ у ердаги тоғлардан қайси бири Тур тоғи эканида ихтилоф бор.
Тур ҳақида яна баъзи уламолар айтадиларки, Тур дегани ўзи ўсимликлар ўстириб турадиган тоғ деган маънони англатади.
Шом диёрига минг йиллар давомида Аллоҳ таолонинг маънавий ва моддий баракотлари нозил бўлиб турган. Жумладан, кўпдан кўп пайғамбарлар ўша жойларда яшаб, ўз даврларида иймон ва илм нурларини дунёга етказганлар. Ислом тарихида ҳам Шом диёридан жуда кўп уламолар, шуҳадолар ва солиҳ инсонлар етишиб чиққанлар.
Валлоҳу аълам.
Ислом Овози таҳририяти
•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈┈┈┈•