Намоз ва меърож
«Маълумотингизни текшириб олинг» силсиласи
5- сўровнома ва унинг жавоби :
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърожга кўтарилганларида осмонда фарз қилинган ибодат нима?
Тўғри жавоб: НАМОЗ
Аллоҳ таоло бизга 5 вақт намозни фарз қилишида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўзининг ҳузурига чақириб олиб, осмонларнинг устида шариат қилиб бериши бу ибодат У Зотнинг наздида нақадар улуғ эканлигини, намозни мукаммал бажо этган банда Парвардигорга қай даражада яқин бўлишини кўрсатади.
Исро ва меърож қиссаси Қуръони каримда (Исро ва Нажм сураларида) мухтасар шаклда, ҳадиси шарифларда (муттафақун алайҳи ҳадисда ва бошқа ҳадисларда) муфассал тарзда хабар қилинган.
Биз қуйидаги сатрларда ушбу муборак воқеани Саҳиҳул Бухорийнинг ўзидан қисқартирилган ҳолда зикр қиламиз.
(Бу муборак қиссани имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ энг кучли саҳиҳ ҳадислар тўплами бўлмиш «Ал-Жомиус-Саҳиҳ» китобларида қуйидаги рақамлар билан бир неча ривоятларини турли санадлари билан келтирганлар: 349, 1636, 3207, 3342, 3393, 3887. Имом Бухорий каби бошқа муҳаддис уламолар ўзларининг ҳадис тўпламларида ҳам ривоят қилганлар. Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ ана шу ҳадислар ва уларнинг ривоятларини жамлаб, алоҳида бир китоб ҳам ёзганлар).
* Меърож қиссасининг қисқача баёни:
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам исро ва меърож кечасида бўлган воқеаларни айтиб бердилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбатуллоҳ ёнидаги Ҳижрда ётган пайтлари Жибрил (Жаброил) алайҳиссалом келиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларини ёриб, иймон билан тўлдирилган тилла идиш келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларини замзам суви билан ювиб, қайтадан жойига қўйдилар.
Сўнг Буроқ деб номланадиган оппоқ маркаб келтирилди. Буроқнинг кўзи етган жой унинг учун бир қадамдир. Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ана шу Буроққа миндирдилар…
Кейин меърож сафари бошланиб, дунё осмони (биринчи осмон)га етиб боришганда Жибрил алайҳиссалом осмон дарвозаси очилишини талаб қилдилар.
– Ким бу? , деб сўралди.
– Мен Жибрилман.
– Сен билан яна ким бор?
– Муҳаммад.
– Унга чақирув юборилдими?
– Ҳа.
– Хуш келибди. Унинг келиши нақадар ҳам яхшидир.
(Биринчи) осмон дарвозасидан масъул фаришта уни очди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: (биринчи) осмонга кирдим. Қарасам Одам алайҳиссалом ўша ерда эканлар. Жаброил менга «мана бу киши сизнинг отангиз, у кишига салом беринг», деди.
Одам алайҳиссалом саломга жавоб бериб «солиҳ фарзанд, солиҳ Пайғамбар , хуш келибсиз» деб кутиб олдилар.
Кейин иккинчи осмонга кўтарилдик… (У ерга кириш ҳам худди биринчи осмондагидек бўлди). У ерда (иккинчи осмонда) Яҳё ва Ийсо алайҳимассалом бор эканлар. Улар холавачча бўлишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар билан ҳам саломлашдилар…
Кейин учинчи осмонга кўтарилдилар… (У ерга кириш ҳам худди аввалги осмонлардаги каби бўлди). Учинчи осмонда Юсуф алайҳиссалом бор эканлар. Пайғамбаримиз Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи ва саллам у киши билан ҳам саломлашганларидан сўнг …
Тўртинчи осмонга кўтарилдилар… (У ерга кириш ҳам худди аввалги осмонлардаги каби бўлди) ва у ерда Идрис алайҳиссалом билан учрашдилар…
Кейин бешинчи осмонга кўтарилдилар… (У ерга кириш ҳам худди аввалги осмонлардаги каби бўлди) ва у ерда Ҳорун алайҳиссалом билан кўришдилар…
Кейин олтинчи осмонга кўтарилдилар… (У ерга кириш ҳам худди аввалги осмонлардаги каби бўлди). Қарасалар у ерда Мусо алайҳиссалом бор эканлар. У киши билан саломлашиб ўтиб кетганларида Мусо алайҳиссалом йиғладилар. «Нима учун йиғлаяпсиз?», деб сўралганда: «мендан кейин пайғамбар қилиб юборилган йигитнинг жаннатга кирадиган уммати менинг умматимдан кўра кўпроқ бўлгани туфайли йиғлаяпман», дедилар.
Кейин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ҳам баланд мақомларга кўтарилишда давом этдилар.
Еттинчи осмонга (етганларида ҳам аввалги осмонларда бўлган тартиб такрорланди). Қарасалар у ерда Иброҳим алайҳиссалом бор эканлар. Жаброил алайҳиссалом: «бу киши сизнинг отангиз, салом беринг», дедилар. Иброҳим алайҳиссалом саломга жавоб бериб: «солиҳ фарзанд ва солиҳ Пайғамбар, хуш келибсиз» дедилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Сидратул Мунтаҳо (дарахти) кўрсатилди…
Кейин Байтул Маъмур (осмон аҳлининг каъбалари) кўрсатилди.
Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир идишда ароқ , иккинчисида сут, учинчисида асал тақдим қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улардан фақат сутни танладилар.
Шунда Жаброил дедилар: «сиз фитрат (тоза табиат)ни танладингиз, сиз ва сизнинг умматингиз мана шу фитрат устида бўласизлар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам меърож қиссасини ҳикоя қилиб беришда давом этиб айтдилар:
«… Сўнг менга намозлар ҳар куни эллик вақт намоз этиб фарз қилинди… Кейин ортга қайтдим«.
Йўлда Мусо (алайҳиссалом) «қандай ибодатга буюрилдингиз?» деб сўрадилар.
– Ҳар куни эллик вақт намоз ўқишга буюрилдим.
– Умматингизнинг ҳар куни эллик вақт намоз ўқишга тоқатлари етмайди. Аллоҳга қасам, мен сиздан олдин одамларни тажриба қилиб кўрганман, Бани Исроил билан муомала қилишда (уларни тарбия қилиш учун) жуда қаттиқ ҳаракат қилганман. Сиз ҳозир Раббингизга қайта кўтарилинг-да, умматингиз учун енгиллик беришини сўранг!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мусо алайҳиссалом маслаҳатларини олиб, Парвардигор ҳузурига қайтиб бордилар. Шунда Аллоҳ ўнта намоздан кечди.
Кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтиб тушаётганларида Мусо алайҳиссалом яна аввалги маслаҳатларини такрорладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мусо алайҳиссалом маслаҳатлари билан Аллоҳ таолонинг ҳузурига бир неча бор қайта-қайта боравердилар, охири беш вақт намозга тушганда Мусо алайҳиссаломга айтдиларки:
– Дарҳақиқат Раббимдан қаттиқ уялиб кетяпман, энди мана шу (беш вақт намоз) билан кифояланиб рози бўламан.
Шунда Аллоҳ нидо қилди:
«Мен бандаларимга енгиллик қилиб ушбу фарзни фармойиш этдим. Ҳар бир ҳасана – яхши амални ўнта қилиб мукофотлайман».
Яъни, бу беш вақт намоз эллик вақт намоздир, ким ушбу беш вақт намозни бажо этса, унга эллик вақт намознинг ажру савоблари берилади.
Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърож сафарлари ниҳоясига етди ва ўша кечанинг ўзида осмондан Ерга қайтиб, Маккаи мукаррамага етиб келдилар.
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар, сарваримиз Муҳаммадга, бизга енгиллик берилишига сабабчи бўлган Мусо пайғамбарга ҳам ва бошқа барча пайғамбарларга салоту саломлар бўлсин.
•┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈•