“Уйга қайтганимдан кейин никоҳни янгилашим лозимми?”
Мен ҳозир икки йилдан буён Россияда ишлаяпман. Уйга қайтганимдан кейин аёлим билан никоҳни янгилашим лозимми, йўқми? Оиламни моддий томондан таъминлаб турибман, маънавий томондан телефонда гаплашиб турибман, жисмоний томондан – йўқ. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шубҳали нарсадан ўзини тийган одам динини сақлаб қолади» деганлар. Илтимос шу саволимга исботи билан жавоб берсангиз. Аллоҳ рози бўлсин сиздан, азиз устоз.
Анвар.
Жавоб: Агар сиз оилангиздан узоқда бўлганингиз ҳолда аёлингизни моддий жиҳатдан таъминлаётган бўлсангиз, телефонда тез-тез гаплашиб турсангиз, уйга қайтганингиздан кейин у билан никоҳни янгилашингизга ҳожат йўқ. Аммо иложи борича ишларингизни тезроқ тугатиб, уйга қайтишга ва оила билан бирга яшашга ҳаракат қилганингиз яхши.
Аёлнинг эр устидаги ҳақлари маҳр, таъминот (нафақа), адолат ва яхши муомаладан иборат. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 24/63, 64, 65).
Бу ҳуқуқлар ичида ҳамма учун баробар ва доимий таъкидлашимиз лозим бўлгани таъминот ва яхши муомаладир. Чунки маҳр бир марта бериладиган ҳақ. Адолат деганда асосан биттадан ортиқ аёли бўлган кишининг аёллар орасида адолат қилиши назарда тутилади. Таъминот ва яхши муомала эса ҳамма учун баробар ва ҳамиша зарурдир.
Аёлнинг турмуш ўртоғи таъминотида бўлишига далил Аллоҳ таолонинг мана бу оятидир:
وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ. سورة البقرة / 233
“Боланинг отаси зиммасида аёлларни озуқа ва кийим-бош билан таъминлаш вазифаси ётади”. (Бақара/233).
Исломнинг аёлларга яхши муомалада бўлишга берган кўрсатмасининг асоси мана бу оятдадир:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِن كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً. سورة النساء/19
“Уларга яхши муомала қилингиз, агар уларни ёқтирмай қолсангиз, эҳтимол Аллоҳ унда кўп яхшилик ато қилган нарсани ёмон кўраётгандирсиз”. (Нисо/19).
Хулоса шуки, аёл ва эр ўртасидаги муносабатда таъминот ва яхши муомала муҳим ўрин тутади. Шунинг учун уламолар агар эркак киши оиласидан узрли сабаб билан узоққа кетган бўлса ва аёлини моддий жиҳатдан таъминлаб турган бўлса, орадаги никоҳга зарар етмаслигини айтишган.
Аммо аёл киши турмуш ўртоғидан узоқ вақт йироқда яшашдан азият чекаётган бўлса ва бу ҳолатга сабр қила олмасликдан чўчиса, турмуш ўртоғи ҳам кела олмаса, аёл талоқ сўраши ёки ажрашиш учун қозига арз қилиши мумкин. Агар турмуш ўртоғининг келишидан умид бўлса ва аёл сабр қилиб кутса, албатта дунёда ҳам Охиратда ҳам улуғ ажрлар ва кўп яхшиликларга эришади, ҳамда бу муддат орасида никоҳ сақланиб туради.