«Менинг тўйим ҳамма дугоналаримнинг тўйларидан ўзгача бўлган…»
(Бир синглимизнинг никоҳ тўйларида айтилган такбирлар ҳақида ҳикоялари)
Онажоним такбир овозини эшитсалар доим ним табассум қилиб қўядилар, негадир.
Доим шу ишларининг сабабини сўрамоқчи бўламанда, яна эсимдан чиқиб қолади.
Яқинда шу табассумнинг сабабини айтиб бердилар:
– Даданг билан тўйимиз жуда ажойиб бўлган. Бу тўйни ҳеч ким эсидан чиқармайди. Чунки 80 йилларнинг охири, одамлар диндан анча узоқлашиб кетган пайтлар, ўшанда тўйларда келин билан куёв ЗАГС га чиқишлари «мода» бўлган пайт, хуллас тўйлар жоҳилона урф-одатлар билан ўтказиларди.
Даданг анча тақводор йигит эди, «бу урф одатларни ҳеч бирини қилмайман», деб туриб олди.
Ўшанда Дадангни атрофидаги одамлар яъни куёв жўралари шундай маслаҳат беришган экан.
Дадангни энг яқин биродарлари шайх Обидхон қори эдилар.
Хуллас, тўй куни ҳам келди, кечки пайт мени олиб кетиш учун куёв навкарлари келишини ҳамма кутарди, мен аҳмоқ Дадангни бу ишидан жаҳлим чиққанича йиғлаб ўтирардим.
Ҳамма кутган ўша куёв навкарлари етиб келишди ҳамки на карнай на бир сурнайнинг овози келарди. Дадангни бу ишидан яна ҳам ғазабландим, лекин менинг ғазабимни, одамларнинг қалбларини ларзага соладиган такбир овози йўқ қилиб юборди.
Куёв навкарлари дарвозадан киришларида Обидхон қори баланд овоз билан «такбир» дейишлари билан атрофларидаги йигитлар «Аллоҳу Акбар .. Аллоҳу Акбар ..» дейишарди.
Обидхон қори то уй ичига кириб боргунларига қадар «такбир» деб турдилар, куёв навкарлари баланд овозлари билан «Аллоҳу Акбар …» деб такрорлашарди.
Бу тўй анчагача одамлар оғзидан тушмади.
Олдинлари «менинг тўйим ҳамма дугоналаримникидан бошқача бўлади», деб юрардим. Ҳақиқатан ҳам менинг тўйим ҳамма дугоналаримнинг тўйларидан ўзгача бўлган.
Шунинг учун доим такбир овозини эшитсам қулоғимга тўйим куни айтилган такбирлар эшитилади, шу сабаб табассум қиламан
Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсин!
Фотима Сиддиқий
(ВатсАп тармоғи орқали етиб келган мактуб, 2017 йил 18 феврал)