Ширк ва куфрдан тавба қилган кишини ҳам Аллоҳ кечиради


Тўртинчи сўровнома ва унинг жавоби

4-сўровнома: ширки акбардан, куфри акбардан тавба қилган кишини Аллоҳ кечирадими?

Тўғри жавоб: албатта кечиради.

  • Тавба қабул бўлиш шартлари;
  • Тавба қилмаган мушрикни Аллоҳ кечирмайди;
  • Ширк ва куфр Аллоҳни дарғазаб қиладиган гуноҳларнинг энг улканидир;
  • Туғёнга кетганларнинг аксарияти тавба қилмасдан ўлиб кетади.

* Тавба қабул бўлиш шартлари:

  1. Хоҳ ширки акбар бўлсин, хоҳ куфри акбар бўлсин, хоҳ бошқа гуноҳ бўлсин, инсон гуноҳдан дарҳол тўхташи керак;
  2. Тавба дарвозаси ёпилиб қолишидан олдин тезроқ тавба қилиб олишга шошилиши зарур. Тавба эшиги ўлим вақти ёки Қиёмат соати келиши билан ёпилади.
  3. Тавба қилаётган банда гуноҳ қилиб қўйгани учун қаттиқ афсус чекиши лозим;
  4. Қайта бундай гуноҳларга асло яқинлашмасликка қатъий ният қилиши даркор.
  5. Агар бирор бир бандага тааллуқли гуноҳ қилган бўлса, у банданинг ҳаққини қайтариб бериши ва ундан кечирим сўраши талаб қилинади.

Аллоҳ таолонинг марҳамати шу даражада чексизки, бандаси ҳатто ширки акбар ёки куфри акбар қилиб қўйган бўлса ҳам, ўлим вақти ёки Қиёмат соати келиб қолишидан олдин тавба қилиб олса Аллоҳ таоло албатта кечиради.

Қуйидаги сатрларда ушбу мавзуга оид баъзи ояти карималар ва ҳадиси шарифлар билан танишамиз.

* Тавба қилмаган мушрикни Аллоҳ кечирмайди:

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 48 ва 116 оятларида айтади:

{إِنَّ اللَّهَ لَا يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَٰلِكَ لِمَن يَشَاءُ}. الآية.

[النساء: 48، 116].

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради».

Баъзилар мана шу ояти каримани нотўғри тушуниб олиб, ширки акбардан тавба қилинса кечирилмайди, деб ўйлайдилар.

Бу каби тушунча албатта илмсизлик туфайли содир бўладиган хатолардан.  Чунки Қуръон ва Суннатни тўғри ва мукаммал англаш учун барча ояти карималарни ва ҳадиси шарифларни чуқур ўрганиб чиқиш лозим бўлади.

«Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди»,  дейилиши, яъни агар банда мушрик бўлган ҳолида тавба қилмасдан ўлса, ана шунда Аллоҳ таоло унинг бу гуноҳини кечирмайди.

Аммо ўлим соати келишидан аввал тавба қилса, унинг тавбасини Аллоҳ таоло албатта қабул қилади ва бу ҳақда ояти карималар ва ҳадиси шарифлар ҳам талайгина.

Жумладан Анфол сурасида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

{قُلْ لِلَّذِينَ كَفَرُوا إِنْ يَنْتَهُوا يُغْفَرْ لَهُمْ مَا قَدْ سَلَفَ}. الآية.

[الأنفال: 38].

«(Эй Расулуллоҳ), кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (куфр ва ширкларидан) тўхтасалар, ўтган нарсалар (яъни, ширк ва бошқа гуноҳлари) мағфират қилинур».

(Анфол сураси, 38-оят).

Саҳобаи киромларнинг ҳам аксариятлари жоҳилият давридаги ширклардан ислом даъвати келиши билан тавба қилганлар ва уларга жаннат билан башорат берилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган пайтлари иймони заиф бўлганлиги туфайли исломдан чиқиб, муртад бўлиб кетган қабилалар ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифаликлари даврида яна қайтадан исломга киришган ва уларнинг ҳам тавбалари эътиборга олинган.

* Ширк ва куфр Аллоҳни дарғазаб қиладиган гуноҳларнинг энг улканидир:

عن ابن مسعود رضي الله عنه قال: سأَلتُ النبيَّ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم : أيُّ الذَنْبِ أعظمُ عِندَ اللهِ ؟

قال : » أن تَجعَلَ للهِ نِدًّا وهو خلَقَك » . الحديث.

متفق عليه (البخاري ومسلم)

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим:

Аллоҳнинг наздида энг улкан гуноҳ нима?

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:

«Аллоҳ сени яратган Зот бўла туриб, сен Унга ўзгани тенглаштириб олишинг  (яъни, У Зотга ширк келтиришинг)…».

(Муттафақун алайҳи – Бухорий ва Муслим).

Кимки Аллоҳга тавба қилмасдан, кофиру мушрик ҳолида ўлиб кетса, ундай кимсани Аллоҳ таоло шак-шубҳасиз абадий азобга киритади.

{إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا وَصَدُّوا عَن سَبِيلِ اللَّهِ ثُمَّ مَاتُوا وَهُمْ كُفَّارٌ فَلَن يَغْفِرَ اللَّهُ لَهُمْ}.

[محمد: 34]

«Албатта кофир бўлган ва (ўзгаларни ҳам) Аллоҳ йўлидан тўсган, сўнгра кофир ҳолларида ўлган кимсаларни Аллоҳ ҳаргиз мағфират қилмас!»

(Муҳаммад сураси, 34-оят).

{إِنَّ الَّذِينَ فَتَنُوا الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ ثُمَّ لَمْ يَتُوبُوا فَلَهُمْ عَذَابُ جَهَنَّمَ وَلَهُمْ عَذَابُ الْحَرِيقِ}.

[البروج: 10].

«Албатта мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, (бу қилмишларидан) тавба қилмаган кимсалар учун жаҳаннам азоби бордир ва улар учун ўт азоби бордир».

(Буруж сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти карималарини Ўзининг марҳамати чексизлиги туфайли ана шундай ваҳший кофирларни ҳам тезроқ тавба қилиб олишларига чорлаб нозил қилган.

{قَالَ عَذَابِي أُصِيبُ بِهِ مَنْ أَشَاءُ ۖ وَرَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ}. الآية.

[الأعراف: 156].

«(Аллоҳ) айтди: «Азобимни ўзим хоҳлаган кимсага етказурман. Раҳматим — меҳрибонлигим эса ҳамма нарсадан кенгдир…».

(Аъроф сураси, 156-оят).

* Туғёнга кетганларнинг аксарияти тавба қилмасдан ўлиб кетади:

Тарихга ибрат назари билан қараган киши, ҳаёти давомида туғёнга кетиб яшаган кофиру золимларнинг аксариятлари тавбага мутлақо муваффақ бўлолмасдан ҳалок бўлиб кетишганига, ёки жон таслим қилаётган лаҳзасида ўлим фаришталарини кўрганидан кейин тавба қилганлигига гувоҳ бўлади. Ундай ҳолатдаги тавба-тазаррулар зарра миқдорича ҳам фойда бермайди.

Мисол учун Фиръавн ҳам ўлим соати келган пайт, денгизга ғарқ бўлаётган лаҳзасида иймон келтирган, аммо унинг ҳам тавбаси қабул бўлмаган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:

{وَجَاوَزْنَا بِبَنِي إِسْرَائِيلَ الْبَحْرَ فَأَتْبَعَهُمْ فِرْعَوْنُ وَجُنُودُهُ بَغْيًا وَعَدْوًا ۖ حَتَّىٰ إِذَا أَدْرَكَهُ الْغَرَقُ قَالَ آمَنتُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا الَّذِي آمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ (90) آلْآنَ وَقَدْ عَصَيْتَ قَبْلُ وَكُنتَ مِنَ الْمُفْسِدِينَ }.

[يونس: 90-91].

«Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган Зот — Аллоҳгина (Ҳақ Илоҳ) деб иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман». 91. Энди-я! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!..».

(Юнус сураси, 90-91 оятлар).

Бундай аянчли қиссалардан олинадиган асосий ибрат шуки, тавбаларимизни имкон қадар бир лаҳза ҳам кечиктирмасдан, доимо ҳусни хотима сўраб, Аллоҳ таолога ёлвориб юришимиз лозим.

Аллоҳ таоло яна огоҳлантириб марҳамат қилади:

{ إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِن قَرِيبٍ فَأُولَٰئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ ۗ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا (17)  وَلَيْسَتِ التَّوْبَةُ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ حَتَّىٰ إِذَا حَضَرَ أَحَدَهُمُ الْمَوْتُ قَالَ إِنِّي تُبْتُ الْآنَ وَلَا الَّذِينَ يَمُوتُونَ وَهُمْ كُفَّارٌ ۚ أُولَٰئِكَ أَعْتَدْنَا لَهُمْ عَذَابًا أَلِيمًا}.

[النساء: 17 – 18].

«Албатта  Аллоҳнинг  тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ Алийм (барча нарсаларни билиб тургувчи) ва Ҳакийм (барча ишлари буюк ҳикматлар билан) бўлган зотдир. Гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиганлар ва кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларга тавба йўқ. Улар учун аламли азобни тайёрлаб қўйганмиз«.

(Нисо сураси, 17-18 оятлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم :

«مَنْ تَابَ قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ مِنْ مَغْرِبِهَا ، تَابَ اللَّهُ عَلَيْهِ».

 رواه مسلم برقم 2703.

«Кимки қуёш ўзининг ботиш томонидан чиқиб келишидан олдин тавба қилса Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади».

(Имом Муслим ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

عن عبد الله بن عمر رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال:

«إن الله يقبل توبة العبد ما لم يغرغر».

رواه الترمذي وقال: حديث حسن.

«Албатта Аллоҳ банданинг тавбасини қабул қилади, агар ғарғара (жон таслим қилишда ҳалқумига етиб келиши)дан олдин (тавба) қилган бўлса».

(Имом Термизий ривоят қилиб: ҳасан ҳадис, дедилар).

  • ┈┈┈┈┈┈┈•✿❁✿•┈┈┈┈┈┈┈•

https://telegram.me/joinchat/BqyShjwleEx1O-OOZEYqvg